Ўзбекистон | 21:10 / 25.05.2022
16471
2 дақиқада ўқилади

«Раҳбарларнинг скептик муносабати ва инжиқлиги» – Миродил Жалолов “Epsilon” компаниясида юзага келган қийинчиликлар ҳақида 

Газ қазиб олишга ихтисослашган “Epsilon” компанияси раҳбари Миродил Жалолов Kun.uz’га берган интервьюсида компаниянинг айни пайтда тушиб қолган қийин аҳволи, ишчилар ва ҳамкорлар олдида юзага келган қарздорлик ва унинг сабаблари ҳақида гапирди.

«Муаммоларимиз 2020 йил 14 январдан бошланди. Соҳадаги айрим ўрта ва катта раҳбарларнинг скептик муносабати, инжиқлиги бизнинг ишларни тўхтатишга олиб келди.

Аслида, бунда бизнинг ҳам айбимиз бор. Мана ҳозир буни таъкидлашим, айтишим керак. Ҳозир ишлаб чиқариш корхоналаридан, хомашёларни етказиб берувчилардан, солиқнинг олдида қарзимиз бор. Бу қаердан келиб чиқди?

Айни вақтда компаниямизнинг тахминан 4,5 трлн қарздорлиги бор. Бизга Ўзбекистон банклари 260 млн кредит берди, шундан 150 млн.нини ёпдик. Лекин фоизлари қолган, биз уларни ўз вақтида тўлай олмадик. Бундан ташқари, ишлаб чиқариб, маҳсулотни бизга етказиб берган корхоналар бор, улардан ҳам қарзимиз қолган. Тахминан 4,5 трлн атрофида.

Бу интервью Kun.uz сайтида эълон қилинади. Шундан фойдаланиб мен, аввало, ишчиларимиздан узр сўрамоқчиман. Уларни қийнаб қўйдик. Кучимизни тўғри тақсимлолмадик. Тун-у кун шу ишчиларни ўйлаймиз.

Ҳозир ишчиларимизни бир савол қийнаяпти: “Epsilon”нинг келажаги нима бўлади? Ишдан бўшаб кетамизми? Қаерга борамиз?

Шуни айтишим керакки, мен борманми, йўқманми, бу компания ишлайди. Мендан яхшироқ, прагматик раҳбар келар. Иш ҳаммага топилади.

Давлатнинг олдида бажара олмаётган мажбуриятларимиз бор, бунинг учун узр сўрайман. Юқорида айтганимдек, ўзимнинг айрим камчиликларим ва айрим раҳбарларнинг инжиқлиги, скептик муносабати корхонамизни шу аҳволга олиб келди.

Бу ҳаёт. У курашлардан иборат. Курашлар ҳар доим бўлган ва бўлади. Бунинг ҳисоби, режасини қилолмаган раҳбар яхши раҳбар эмас», – деди Миродил Жалолов.

Интервьюни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Мавзуга оид