Ўзбекистон | 17:39 / 09.06.2022
13944
7 дақиқада ўқилади

Сўм белгиси эмас, танланган лойиҳа плагиат бўлиши мумкин — ҳуқуқшунос

Француз компаниясининг товар белгиси билан бир хил бўлган сўм рамзини плагиат деб баҳолаб бўлмайди, сабаби расмий рамзлар интеллектуал мулк ҳисобланмайди ва уларга плагиат атамаси қўлланмайди. Бироқ унинг лойиҳаси плагиат деб топилиши мумкин, чунки лойиҳани ҳам маълум шахс яратади, дейди ҳуқуқшунос Абдумўмин Йўлдошев.

Ўтган ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири миллий валюта – ўзбек сўмининг расмий рамзи танлаб олиниши билан боғлиқ бўлди.

Интернет фойдаланувчилари сўм рамзи сифатида танлаб олинган белги 1998 йилда асос солинган ва Франциянинг Лион шаҳрида фаолият юритувчи “In-Core Systèmes” компаниясининг логотипидан деярли фарқ қилмаслигини билдириб, белги плагиатга текширилган-текширилмагани саволини кўтарди. Бундан ташқари, танланган белги дунёнинг яна бир нечта давлатларида мавжуд логотипларга ўхшашлиги аниқланган.

Ҳолатга Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти муносабат билдириб, Франция “In-Core Systèmes” компанияси логотипи Ўзбекистонда товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмагани, шу саб абли бу белги Ўзбекистонда ҳуқуқий муҳофаза қилинмаслигини маълум қилди.

Биз мавзу юзасидан юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича мутахассис Абдумўмин Йўлдошевнинг фикри билан қизиқдик.

“Ўзбекистонда рўйхатдан ўтса, Ўзбекистонда, Францияда бўлса, Францияда...”

— “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига кўра, товар белгиси бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа бир юридик ва жисмоний шахсларнинг айни шу турдаги товар ёки хизматларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир.

Бирор бренд ҳуқуқий муҳофазага эга бўлиш учун, албатта, ҳудудийлик тамойили асосида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Яъни умумий амалиётга кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бренд мамлакатимизда, Францияда ўтгани эса Францияда муҳофаза қилинади.

Шу билан бирга, товар белгилари Ницца шартномасидан келиб чиқиб 45 та синфга ажратилган. Яъни бирор-бир товар белгиси эгаси ўзи қайси соҳада фаолият юритаётган бўлса, айни ушбу йўналиш учун муҳофазага эга бўлади (ҳаммага маълум товар белгиларини истисно қилганда).

Товар белгисига доир қонунчилик нормаларига мувофиқ, Франция “In-Core Systèmes” компанияси бренди Ўзбекистонда ҳуқуқий муҳофаза олиш учун тегишли экспертизадан ўтказилиши лозим. Интеллектуал мулк объекти сифатида муҳофаза олишда ҳар бир давлатнинг қонунчилиги талаблари мавжуд. Хусусан, Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти томонидан ҳам берилган муносабатга кўра, бир қатор мамлакатларда айни ушбу белгига ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиб келинади.

“Ким муҳофазага олса, ўша ҳимояга эга бўлади...”

— Шу ўринда интеллектуал мулк объектларининг ўзаро кесишуви масаласига ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Яъни айни бир объект бир вақтнинг ўзида бир қанча интеллектуал мулк ҳуқуқий режими бўйича муҳофазага эга бўлади. Бу жиҳат айниқса муаллифлик ҳуқуқи объектлари ва товар белгилари ўртасида кўп учрайди.

Биз бу нарсани айни ушбу ҳолатда ҳам кўрсак бўлади. Масалан, расм – Ўзбекистоннинг муаллифлик ҳуқуқи қонунчилиги бўйича тасвирли шаклдаги объект ҳисобланади. Шу билан бирга, тасвирдан иборат бирор-бир бренд товар белгиси сифатида ҳам рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Агарда тасвирда эстетик, бадиий жиҳатлар мавжуд бўлса, уни муаллифлик ҳуқуқи объекти (санъат асари) сифатида муҳофаза қилиш мумкин. Агарда ушбу белги товар ёки хизматларнинг келиб чиқиши ёки уларга алоқадорликни ифодаласа, товар белгиси сифатида ҳам муҳофазага олиниши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, агарда муҳокамаларга сабаб бўлган товар белгиси Ўзбекистонда ҳуқуқий муҳофазага олинмаган бўлса, бошқа бир субъект ушбу белгига муҳофаза сўраб мурожаат қилиб, тегишли талабларга мос бўлса, гувоҳнома олиши ҳам мумкин.

Юзага келган муҳокамали масалада нафақат товар белгилари ёки муаллифлик ҳуқуқи қонунчилиги билан, балки “расмий рамз ёки белги” нуқтайи назаридан ҳам қараш лозим. Зеро, интеллектуал мулк соҳасига доир халқаро ҳужжатларда “нотижорий мақсадларда фойдаланмаслик”, “ҳалол тарзда” ёки “мос ҳажмда фойдаланиш” каби муҳим тушунчалар борки, бундан мақсад айни муаллифлик ҳуқуқини бузмаслик ва интеллектуал мулкни ҳурмат қилишга қаратилган.

Сўм белгиси плагиатми ёки йўқ?

— Қоидага кўра, бирор-бир белги (логотип) ёки рамзни тасдиқлаш учун тегишли идора томонидан лойиҳалар танлови эълон қилинади. Ушбу танлов шартларида албатта муаллифлик ҳуқуқларига ҳурмат билан қараш тамойили устувор бўлиши талаб этилади.

Агарда ушбу танлов ғолиби сўм белгисини айни Франция “In-Core Systèmes” компанияси брендидан олган бўлса, уни “плагиат” деб баҳолаш мумкин. Бу ерда масала ушбу белгини интеллектуал мулк объекти нуқтайи назаридан эмас, балки мавжуд бўлган айни бошқа бир хорижий брендни миллий валюта тимсоли сифатида фойдаланиш билан боғлиқ.

“Плагиат” сўзининг луғавий маъноси “ўғирлаш” маъносини англатиб, у интеллектуал мулк объектларига нисбатан ишлатилади; бирор-бир шахснинг ижодий маҳсули ёки ишланмасидан унинг рухсатисиз фойдаланишни англатади. Пул белгиси муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмаса-да, бироқ унинг лойиҳасига нисбатан айни ушбу йўналишдаги қонунчилик нормалари қўлланилади.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, мамлакатимиз қонунчилигида расмий рамзлар ва белгилар интеллектуал мулк объекти эмас, хусусан муаллифлик ҳуқуқлари билан ҳимояланмайди. Фақатгина ушбу рамз ёки белгининг лойиҳасига нисбатан уни ишлаб чиққан шахснинг муаллифлик ҳуқуқлари мавжуд (яъни ушбу рамз ёки белгининг лойиҳаси муайян шахс томонидан яратилганилиги тан олиниши). Лекин расмий рамз ёки белгига қонунчиликка мувофиқ плагиат атамасини қўллаш назарда тутилмаган.

Француз компанияси Ўзбекистондан муҳофаза сўраса-чи?

— Агар товар белгиси эгаси бўлган француз компанияси Ўзбекистонга бу товар белгисига нисбатан ҳуқуқий муҳофаза сўраб мурожаат қилса, ваколатли орган томонидан ўрганилиб, тегишли хулоса берилади.

Ўрганиш давомида миллий қонунчилик ва халқаро ҳужжатлар (яъни ҳақиқатдан ҳам мазкур тасвирли белги товар белгиси сифатида Францияда рўйхатдан ўтганлиги текширилади) талаблари инобатга олинади.

Шу билан бирга, Франция товар белгиси Ўзбекистонда муттасил фойдаланилиши натижасида тегишли истеъмолчилар орасида кенг маълум бўлиши тасдиқланса, ҳаммага маълум товар белгиси сифатида ҳам ҳимоя қилиниши мумкин. Бироқ бунинг учун албатта, ушбу белгининг Ўзбекистонда узоқ вақт давомида фойдаланилаётгани, машҳурлиги ва бошқа шу бошқа мезонлар муҳим аҳамият касб этади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид