Ҳаётий ҳикоя: Чиқиндига ташланган нон
Боғимнинг ёнидан ўтган сойга ташлаб кетилган қопларни итлар ғажиётганди. Қизиқиш ва хавотир билан калтак кўтариб уларнинг олдига бордим. Қарасам, итлар ғажиётган қопларга турли салатлар, суяклар солинган. Бошқаларида эса ушатилган нон бўлаклари бор экан. Демак, қопларни тўйхонадан олиб келиб ташлашган.
Бундан бир неча кун олдин қариндошлардан бириникида маъракада қатнашдим ва хизматда бўлдим. Менга кексалар ўтирган давралардан бирига қараб туриш топширилди. Даврага чой-нон ташиб турар эканман, у ерда суҳбат асосан буғдой нархининг эркин қўйиб юборилиши ва нонларнинг нархи ошиб кетишидан бўлди.
Чоллар нон мавзусини муҳокама қилишар экан, бир ҳолат эътиборимни тортди. Бироз олдин ун ва ноннинг қиммат бўлиши ортидан халққа қийин бўлиши ҳақида гапириб турганлар дастурхонга қўйилган нонларни аёвсиз тарзда ушатиб ташлашди.
Мен қараётган столга саккизта нон қўйилганди. Чоллар дастурхонга омин қилиб тураётганда нонларнинг олтитаси ушатилган ва уларнинг озгинаси ейилган, қолгани бурда ҳолида қолиб кетганди.
Ҳаётда кўп қийинчиликларни, оғир-енгил кунларни кўрган одамларнинг нонга бўлган муносабати менга жуда ёмон таъсир қилди. Ўша пайтда мезбон сифатида хизмат қилаётганим, бунинг устига даврадагиларнинг аксарияти бобом тенгилар бўлгани учун мен уларга исроф ҳақида гапира олмасдим. Қолаверса, исроф масаласида ўзим ҳам «оппоқ», эмасман, бировга нима деб насиҳат қиламан.
Ҳозир бизнинг барча маъракаларимиз шундай ўтади – ейилса, ейилмаса нонни исроф билан ушатиб ташлайверамиз. Дастурхонни тўлдириш ҳақидаги «кимўзар»лар ҳақида индаб ўтирмайман, шундоқ ҳам ҳамма кўриб юрибди.
Назаримда, биз ғалати халқмиз. Ўтмишни жуда тез унутамиз, тарихдан сабоқ олмаймиз. Кечагина бошимиздан ўтказган оғир кунларни бугун ҳеч ким эсламайди.
Халқимизнинг нон топа олмай кепак ва ўт чайнаганига, бир неча юз грамм нонни карточка билан соатлаб навбатда туриб олиб еганига кўп бўлмади. Ҳамма ёқда буғдой ўрнига маккажўхори экилиб, жўхори унидан ёпилган зоғора нонини еганлар бугун ҳам орамизда яшаяпти. Шубҳам йўқ, маъракада нонни исроф қилиб ушатиб ташлаган кексалар ҳам ўша қийин кунларни кўрган.
Ўша оғир кунлар ўтган асрнинг 80-йилларида бироз фаровон замон келганда кўпчиликнинг эсидан чиқди. Озгина тўқчилик бўлганда одамлар энди иккинчи навли унни ёки буханка нонларни молларга едира бошлашди.
Мустақилликнинг илк йилларида яна бир муддат ун ва нон тақчил бўлди. Дўконларда унни одам бошига бир неча килодан ўлчаб берадиган бўлишди. Кейин у даврлар ҳам ўтди ва унутилди.
Аксариятимиз на яхши кунларга шукр қиламиз, на оғир кунлардан тўғри хулоса чиқарамиз. Исроф кундалик ҳаётимизга сингиб кетган.
Танишим айтиб берган қуйидаги ҳикоя ҳам бизнинг нонга муносабатимизни ва уни қандай исроф қилаётганимизни кўрсатиб беради.
«Бу воқеа бир неча йил олдин содир бўлганди. Ўша йил ёзда одатим бўйича даладаги узумзор боғимга кўчиб бордим. Боғнинг ёнидан катта сой ўтади. Унда асосан баҳорги ёғингарчиликлар даврида сел оқади. Бошқа пайт сой қуриб ётади ва одамлар ҳар хил чиқиндиларни олиб келиб ташлайдиган чиқиндихонага айланади.
Кунлардан бир кун эрталаб сойнинг боғимдан сал тепароқ қисмида бир тўда итлар бир уюм қилиб ташлаб кетилган қопларни талашиб-тортишиб ғажиётганини кўриб қолдим. Қоплар кеча йўқ эди, демак, кечаси кимдир олиб келиб ташлаган.
Бир қараганимда, қоплар тепасида бир-иккита ит бор эди, тушга яқин улар кўпайди.
Қоплар тепасида итларнинг сони ортганига ёмон хаёлларга боравердим. Чунки итлар асосан гўштнинг тепасида шунақа кўп бўлиб йиғилишади.
«Агар кимдир ҳаром қотган сигир ёки қўйини олиб келиб ташласа, одатда қопларга солиб юрмайди. Олиб келиб шундоқ отиб юборади-ю кетаверади. Қопларда нима бор экан?!» деб ўйлаяпман.
Шу тобда мабодо бирортани ўлдириб, кейин қопга жойлаб ташлаб кетишган бўлишса-я, деган ёмон гумонга ҳам бораяпман.
Иккинчи тарафдан биз томонларда бунақа қотилликлар бўлмаслиги учун анча хотиржамман. Аммо унда, қопларда нима экан?
Шу онда барибир индамай ўтира олмасдим. Охири қизиқиш ва хавотир устун келди. Катта калтакни олиб итлар «зиёфати»дан хабар олиш учун жўнадим. Бориб бақириб, тош отиб, қоплар тепасидан итларни ҳайдадим. Улар сал нарига боришди ва «кутилмаган меҳмон»га ириллаб қараб туришди.
Қопларнинг баъзиларига тегинилмаган, бошқаларини эса итлар ғажиб, йиртиб ташлаган экан. Итлар ғажиган қопларга қарасам унинг ичида ва атрофида колбаса, пишлоқ ва товуқ суяклари кўринарди.
Яна бир қопнинг йиртилган жойидан ҳар хил салатлар кўриниб турарди. Итлар тегинмаган қопларда эса бир чети синдирилган, ушатилган нон бўлаклари эди. Демак, буни кимдир тўй ўтгандан сўнг тўйхонадан олиб келиб ташлаган.
Нон бўлаклари чиқиндига ташлаб кетилгани менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Кимдир дунёнинг бошқа бир чеккасида шу ноннинг кичик ушоғига зор бўлиб ўтирибди. Қаерлардадир одамлар ҳатто очликдан ўлиб кетишяпти.
Дунёнинг иккинчи чеккасида эса кимлардир нон бўлакларини, ортиб қолган овқатларни чиқиндихоналарга отиб кетмоқда.
Тарихни эсласак, кечагина боболаримиз, момоларимиз очарчилик замонларда шу ноннинг бир бўлагига зор бўлиб яшашган, нонни ўрнига кепакни «қани энди бир бурдагина нон бўлса эди», деб ўт чайнашган.
Кексаларимизнинг айтишларича, ўша даврда «қани энди бир тўйсам-у, кейин ўлсам армоним йўқ эди» деган одамлар ҳам бўлган. Энди эса тўқчилик замонларда ўша инсонларнинг болалари нонни оёқлари остига олиб тепкиламоқда, исроф қилиб чиқиндихоналарга ташлаб кетмоқда.
Мана шу ишни «эл-юртдан менинг нима камим бор?» деб, бор-йўғини сарфлаб, етмаганига кимлардандир қарз ёки фоизга пул олиб тўй қилган одамлардан бири қилган бўлиши ҳам мумкин!
Бундай ҳолни ҳар кун бўлмаса ҳам, кунора кўриб турибмиз-ку! Россияда ишлаб келиб, бошқалардан ортда қолмаслик баҳонаси билан тўйларда охирги чақасигача сарфлаб юбораётганлар қанча!
Нон ўрнига кепак ёки ўт чайнаган боболаримиз, момоларимиз вафот этиб кетишди.
Бугун ўша қийинчилик замонларни, одамларни нон топа олмай кепак, ёки ўт еганларини кўрганлар ҳам орамизда бармоқ билан санарли қолди. Энди ҳозирги ёшларга у воқеалар эртакдай туюлади.
Энди ҳозирги кунда «қорним оч»ни ҳам, қорни тўқлигидан кекириб юрган бойни ҳам исроф батамом эгаллаб олди.
Исроф қилишни тўхтатиш, қилмаслик ўрнига одамлар кимўзарга баттар қилмоқда. Айниқса турли маросимлар баҳонасида қилинаётган исрофгарчиликларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ўша куни қоплардаги нонларни итлар орасидан олиб чиқиб кетдим. Шу ишни қилганларга Аллоҳдан инсоф сўраб, уларни молларимга едирдим».
Танишимнинг ҳикоясини кўнглим бузилиб эшитдим. Аммо унга, «Йўқ, ҳамма ҳам бирдай исрофга йўл қўявермайди», дея олмадим. Кўриб юрибман-ку!
Ғайрат Йўлдош
Мавзуга оид
10:19
Чиқиндидан қарзни тўлаш учун фуқароларга 5 кун муддат берилади
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
12:58 / 19.12.2024
Ўзбекистон бўйлаб икки мингга яқин ноқонуний чиқиндихоналар аниқланди — «Ўзбеккосмос»
14:33 / 01.12.2024