Сенаторлар Кинематография агентлиги фаолиятини танқид қилди
Жорий йил 23 июнь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда кинематографияни ривожлантириш устувор йўналишларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Кинематография агентлиги бош директори ахбороти эшитилди.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга ҳам йўл қўйилгани қайд этилди.
Жумладан, “Кинематография тўғрисида”ги қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Қонунчилик палатасига киритилмагани таъкидланди.
Кинематография соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишга ихтисослаштирилган Кинематография академияси ҳамда унинг қошида фильмлар ижодий гуруҳи иккинчи таркиб мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган ўрта махсус таълим муассасалари ташкил этилмаган.
Республика ҳудудларида замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш ишлари якунига етказилмаган.
Агентлик ҳудудий бўлимлари моддий-техник базаси маънан эскирган, тўлиқ фаолият олиб бориши учун зарур шароитлар яратилмаган. Ушбу бўлимларда киномаркетинг йўлга қўйилмаган.
Кинематография соҳасида қароқчиликка қарши курашиш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, телеканаллар, интернет ресурслари ва платформалар орқали фильмлар намойишларини тартибга солиш, рағбатлантириш ва жазолаш механизмларини амалиётга жорий этиш ишлари якунига етказилмаган.
Оригинал кино маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда контрафакт кино маҳсулотларини тарқатиш, маҳаллий телеканалларда хорижий ва миллий кино маҳсулотларини ноқонуний намойиш этишга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланмаган.
Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳузурида ахборот мультимедиа стриминг платформаси фаолияти йўлга қўйилмаган.
Республикада фаолият юритаётган кинотеатрларни давлат тилига дубляж қилинган хорижий фильмлар билан таъминлаш тизими жорий этилмаган.
Мажлис давомида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат вакиллари ҳамда вазирлик-идоралар масъулларига тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
15:48 / 20.11.2024