Жамият | 08:34 / 26.06.2022
21567
2 дақиқада ўқилади

Бухорода саксовул ўғирлаган шахслар ушланди

Фото: Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Бухоро вилояти Пешку туманида саксовул буталари ноқонуний равишда олиб кетилаётган юк машиналари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.

Экология инспекторлари ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги экологик рейд тадбири ўтказилган. Тадбирда Пешку туман Варахша чўл ҳудудидан «ГАЗ-53» русумли давлат рақами белгисиз ҳаракатланиб бораётган автомашина ноқонуний равишда саксовул буталарини олиб келаётгани аниқланиб, Экопатрул ходимлари томонидан ҳайдовчига тўхташ буйруғи берилган. Аммо ҳайдовчи тўхташ талабларига бўйсунмай, машинасини тўхтатмай, қочиб кетишга ҳаракат қилган.

Шунга қарамай, олиб борилган ҳаракатлар давомида автомашина тўхтатилиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ушбу ҳолат юзасидан икки нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима ҳамда табиатга етказилган зарар ҳисобланган.

Мавзуга оид