Жаҳон | 20:24 / 28.06.2022
25091
6 дақиқада ўқилади

Ишдан чиқаётган иқлим ўпкаси – сигаретнинг исишга аянчли таъсири

Икки бармоқ орасига сиққулик жони бўлган сигаретнинг экологияга салбий таъсири масштабини тасаввур қилиш ҳам қийин. У сабаб бўлаётган ўрмон ёнғинлари, тупроқ емирилиши бир томон, ҳавонинг кундан кун заҳарланиб, исиб бориши бир томон бўлиб турибди.

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрида тунги салқинлик йўқолган, деб ёзяпти блогерлар. Қолаверса, ҳаво сифатининг йилдан йилга ёмонлашаётгани ҳам Ўзбекистон учун энди янгилик эмас. Бу саноат корхоналари, ишлаб чиқаришнинг ортгани, транспорт кўпайгани фонида юз бераётгани бор гап. Лекин кўп ҳам эътибор қилинмайдиган тамаки маҳсулотлари экологияга 4-5 томондан зарба беряптики, бу маълумотлар кўпчилик учун янгилик бўлиши мумкин.

Бир неча дақиқалик роҳат учун қурбон табиат

Сигарет экологияни ҳам ишлаб чиқарилиш жараёни, ҳам тутуни, ҳам қолдиғи билан зарарлайди. Бу қандай содир бўлади?

1 соат ичида ўраб қадоқланадиган сигаретлар учун 6 километр қоғоз сарфланади. Ҳар 300 дона сигарет учун битта дарахт йўқ қилинади. Бу –кунига 20 донали 1 қути сигарет чекадиган одам ойига 2та дарахтнинг қотилига айланади деган гап.

Сигарет ишлаб чиқаришда энг муҳим ўсимлик – тамаки серёмғир тропик ўрмон минтақасида етиштирилади. 1950 йилларда кичик-кичик ҳудудларда етиштирила бошланган тамакилар, талаб ошгани сари каттароқ майдонларни эгаллаяпти. Натижада йирик-йирик ўрмонлар инсониятнинг бир неча дақиқалик роҳати учун қурбон қилиняпти.

Танзаниянинг Усенге шаҳрида жойлашган Табора қишлоғидаги маҳаллий тамаки етиштирувчи фермерларнинг тасдиқлашича, тамаки учун ўта зич жойлашган ўрмонлар кесиб ташланиш ҳолатлари кўпайган. Тамаки Осиё ва Африка давлатларидаги 5 фоиз ўрмонлар йўқолишига сабаб бўлади. Бу – худди ўзи шундоқ ҳам зўрға нафас олаётган дунё ўпкасини аста-секин емиришга ўхшайди.

Фото: PXHERE

Қанийди, тамакининг зарари шу ерда тўхтаса. Йўқ, бу худди домино ўйинига ўхшайди. Ўрмонлар қисқариши билан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида биохилмахиллик йўқолади, глобал ҳарорат кўтарилишда давом этади, тамаки етиштирилган далаларда тупроқ эрозияси бошланади.

Бундан ташқари, кунига 20 донали 1 қути сигарет чекадиган одам 1,4 миллион литр сув сарфлайди. Ва яна тайёр сигаретларни чакана ва улгуржи тарқатишдаги транспорт ёнилғисининг табиатга зарарини ҳам унутмаслик керак.

Сигарет ишлаб чиқаришдан сотувгача

Сигарет ишлаб чиқарувчи кўп мамлакатларда тамаки баргларини қуритиш учун ўтин ёқилади. Ва бу тутун табиий ҳолатда атмосферага кўтарилиб, азон қатламини емиради.

Бундан ташқари, тамакини етиштириш, йиғиб олиш жараёнида ўта ўткир ҳашарот ўлдирувчилардан, масалан aldiсarb деб номланадиган моддадан фойдаланилади. 1995 йилда сигарет ишлаб чиқаришда 2300 миллион килограмм чиқинди ҳосил бўлиб, унинг 209 килограмми кимёвий модда бўлган. Кимёвий моддалар ҳам тупроқни, ҳам ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини нобуд қилади.

Яна бир ёмон жиҳати – ишлаб чиқаришда фойдаланилган заҳарли сув ё тупроққа, кўп ҳолларда дарёларга оқизиб юборилади.

Фото: iStock

Сигарет ва иссиқхона газлари

Чекиш чекувчининг танасига зарар билан чекланса майли эди. Маълумотларга кўра, дунё миқёсида чекиш туфайли ҳар йили атмосферага 2,6 миллиард килограмм карбонат ангидрид ва 5,2 миллиард килограмм метан ажралиб чиқади. 2014 йилда 6 триллион сигарета ишлаб чиқарилган ва деярли 84 миллион тонна иссиқхона газларига сабаб бўлган. Бу – умумий газнинг 0,2 фоизини ташкил қилади.

Ҳар бир чекилган сигарет атмосферага 1,39 грамм иссиқхона гази ажратади. 1та сигаретни ишлаб чиқариш эса 0,6 грамм иссиқхона газига сабаб бўлади.

Тахминларга кўра, 2025 йилгача йилига 9 триллион тамаки истеъмол қилинади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғи кашанда. Ва уларнинг 800 миллиони эркаклар ҳисобланади.

Чекувчиларнинг 80 фоиздан ортиғи кам ва ўрта даромадли давлатларга тўғри келади. Энг кўп сигарет истеъмол қилувчи ҳам, ишлаб чиқарувчи ҳам Хитой ҳисобланади.

Чиримайдиган қолдиқлар ва ёнаётган ўрмонлар

Сигарет қолдиқлари чириши учун камида 10 йил керак. Сигарет филтрлари целлюлоза ацетатдан ишлаб чиқарилади, бу пластмасса, техник жиҳатдан биологик парчаланиши мумкин бўлса-да, фақат оғир биологик шароитларда парчаланади. Чириганда ҳам унинг таркибидаги заҳарли моддалар тупроқни ишдан чиқаради.

Яна бир томони, чекувчилар орасида сигарет қолдиғини исталган жойга улоқтирадиганлари ҳам топилади. Шу сабаб ҳам соҳилбўйи ҳудудларида сигарет қолдиқлари кўп тўпланиб қолади. Маълумотларга кўра, 1980 йиллардан бери шаҳар ва қирғоқбўйи ҳудудларида йиғиладиган чиқиндининг 30-40 фоизини сигарет қолдиқлари ташкил қилган.

Фото: iStock

2008 йилда Халқаро қирғоқларни тозалаш дастури сув йўллари ва пляжлардан 3,2 миллионга яқин сигарет қолдиқларини тозалаган. Бу бошқа барча ахлатлардан деярли икки баравар кўп дегани.

Бундан ташқари, қолдиқлар сув ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини ҳам зарарлайди. Сигаретлар таркибидаги пластикдан ясалган филтр балиқлар емишига ўхшайди ва сув ҳайвонот дунёси учун катта хавф туғдиради.

Фото: maxpixel

Тамаки зарари ҳақида гапирилганда, ёнғинлар ҳақида тўхталиш шарт. Бутун дунё бўйлаб сигарет қолдиқлари сабаб бўлган ўрмон ёнғинлари сон-саноқсиз. Ва шу ёнғинлар сабаб ҳар йили 17 мингга яқин одам ҳалок бўлади. Мулкий зарар эса 27 миллиард АҚШ долларидан ортиқ зарарни ташкил этади.

Кичик огоҳлантириш!

Ҳозир қўлингизда ёки чўнтагингизда сигарет бор, балки бирор муаммога сиқилганингиз учун чекмоқчидирсиз. Асл муаммо эса энди бошланяпти. Ташқарида ёз. Ҳаво қиздиришда давом этяпти, ҳатто кечалардан ҳам салқинлик қочган.

Тоза ҳаво топиш қийинлашган, ўрмонлар кесиляпти, музликлар эрияпти, Ер чиқиндихонага айланиб боряпти. Ишқилиб кейинги йил қиш бўлармикан, қор ёғармикан? Бу муаммолар чекишни давом эттирсангиз яна ҳам кўпаяди, кўпроқ сиқиласиз. Кейин чекиш ҳам фойда бермаслиги мумкин.

Зуҳра Абдуҳалимова,
журналист

Мавзуга оид