Иқтисодиёт | 18:37 / 04.07.2022
44515
5 дақиқада ўқилади

ЕОИИ: Ўзбекистоннинг жавоби аниқми? — cиёсий таҳлилчилар билан суҳбат

Шу йилнинг 21 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишдан кейин Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги масаласи кечикиб кетаётгани яна муҳокамаларга сабаб бўлди.

Аммо бугунги суҳбатимиз ЖСТ ҳақида эмас, бошқа бир иқтисодий ташкилот – ЕОИИ ҳақида. Хўш, бугун ЕОИИ ва Ўзбекистон муносабатлари қайси босқичда? Унга яқинлашув Ўзбекистон учун бугунги глобал сиёсий беқарор вазиятда қанчалик хавфсиз?

Ташкилотга аъзо бўлиш охир-оқибатда ЖСТга кириш учун олиб бораётган музокараларни мантиқсиз қилиб қўймайдими?

Kun.uz мухбири сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов иштирокида шу ва бошқа саволларга жавоб излашга ҳаракат қилди.

—  Кўплаб таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон ЖСТдан аввал ЕОИИга аъзо бўлса, ЖСТга аъзолик борасида ҳаммаси жуда мураккаблашиб кетади, ҳаракатлар мантиқсиз бўлиб қолади. Бу фикрга қандай қарайсизлар?

Фарҳод Толипов:

Саволингизга унинг ўзида жавоб ҳам яширинган, деб ўйлайман. Ҳа, шундай бўлади. Умуман олганда, бу жараён, бу масала, яъни Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш-кирмаслиги бўйича ҳар хил муҳокамалар 2019 йилдан бошланган деб айтишимиз мумкин. Шу вақтгача 3 йил ўтдими, 3 йил ўтган бўлса, демак, жавобини топмаган саволлар қолмагандир. Экспертлар, иқтисодчилар, сиёсатшунослар ҳам ўзларининг жавобларини беришган.

Лекин бу масала борган сари “қўзғатилаверяпти”. Асосан бизнинг давлат томонидан эмас, балки Россия ёки Беларус томонидан. Куни кеча Беларус президенти яна бир бор ўзининг эски гапини қайтариб, Евросиё ҳам эмас, балки “Беларус ва Россиянинг иттифоқ давлатига яқинлашиш керак”, – деган фикрларни айтди.

Биласизми, суҳбатимизда ҳам, бошқа мақолаларимда ҳам бу инсонга нисбатан ўз муносабатимни билдирган эдим. Ҳозир ҳам, энди кези келганда айтишимиз мумкин, агарда Беларус президентининг кўзига қараб, айтадиган бўлсак, ўзбекларда мақол бор: “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар”. Яъни Беларус, Россия жаҳон саҳнаси, жаҳон тизимида тобора ёлғизланиб қолишидан қўрқаётган давлатлардек тутяпти ўзини, мана шу Лукашенко ҳам, Путин ҳам.

Ҳеч бўлмаса, собиқ совет маконида жойлашган давлатлардан маҳрум бўлмаса ҳам, катта бир ютуққа эга бўладигандек тасаввур қилиб, борган сари тўтиқушдек бир гапни қайтараверяпти. Ўзбекистон Ё Россия, Беларус иттифоқ давлатига ёки ЕОИИга қўшилиши керак – деб қайта-қайта гапириляпти.

Фарҳод Толипов

Қолаверса, расмий даражаларда ҳам, давлат раҳбари томонидан ҳам Беларус президентининг ўзига шу масала бўйича жавоб берилган эди. Бўлди, энди жавобини олдинг-ку, нима қиласан яна қайтариб дегандек.

У шу билан ўзига доғ туширди, қайта-қайта гапиравериши билан ўзини фош этди. Мана шу қайтаравериши билан ўша давлатларга ҳурматсизлиги (муносабати)ни кўрсатиб қўйди. Худдики, қайта-қайта гапирмаса, ўзбекистонликлар тушунмаётгандек, ақли етмаётгандек бўлиб кўринади-да. Қайтаравериши керак эмас. Ўзбекистоннинг ўз ғурури, миллий манфаатлари, стратегик режалари бор, дунёда ўз ролини яхши ҳис қилаётган, шаклланиб келаётган давлат ҳисобланади.

Унинг (Лукашенко)нинг бу ҳаракатлари қўрқитаётгандек туюляпти.

Камолиддин Раббимов:

Камолиддин Раббимов

Назаримда, Ўзбекистон миллий манфаатлари нуқтайи назаридан ЕОИИ тўлақонли қадрсизланган, яъни бугунги кун тартибида бу ташкилотга аъзо бўлиш мавжуд эмас, ҳаттоки мана кеча Қозоғистон ташқи ишлар вазири ҳам: “Биз инқироздамиз, Россия санкциялари остида ва ЕОИИ муносабатларини қайта кўриб чиқиш керак”, – деган баёнот билан чиқди.

Яъни ЕОИИ ичида жудаям кучли бўлган зиддиятлар, босимлар, ишламайдиган механизмлар борлигини ҳамма кўриб, билиб турибди. Мана шу фонда Ўзбекистон ЖСТ билан ўзининг музокара жараёнларини тезлаштирган, бу – ижобий, яхши хабар.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг кун тартибида бу ташкилотга, яъни ЕОИИга аъзо бўлиш мавжуд эмас. Лекин геосиёсий хавфсизлик нуқтайи назаридан, Ўзбекистон шундай информацион кампания олиб боряптики, бир томондан тўлақонли равишда ундан узилмаслик ва унга кирмаслик, умуман мана шундай ёндашув амалга оширилмоқда.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид