Молия вазири ўринбосари давлат қарзи қандай сўндирилишини айтди
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 26 млрд долларга яқинлашди. Одилбек Исоқовнинг айтишича, бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва мудофаа мақсадида олинган маблағлар давлат бюджетидан сўндирилади. Бошқа қарзлар эса ё қайта кредитланган, ёки уларга давлат кафолати берилган – уларни сўндириш “бюджетга юк бўлиб тушмайди”.
1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 25,9 млрд долларни ташкил этди, шундан 23,2 млрд доллари – давлат ташқи қарзидир. Бу ҳақда Сенатнинг 4 август кунги ялпи мажлисида молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов маълум қилди.
Исоқовга кўра, давлат қарзи қуйидаги йўналишларга жалб этилган:
- бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 6 млрд доллар;
- ёқилғи-энергетика соҳасига 5,6 млрд доллар;
- транспорт ва транспорт инфратузилмаси учун 2,5 млрд доллар;
- қишлоқ ва сув хўжалиги учун 2,4 млрд доллар;
- уй-жой коммунал хўжалиги учун 2,2 млрд доллар;
- тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 млрд доллар;
- кимё саноати учун 1,1 млрд доллар;
- таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 700 млн доллар;
- бошқа стратегик ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар учун 1 млрд доллар олинган.
Вазир ўринбосари юқоридаги қарзлар қайси манбалар ҳисобидан сўндирилиши ҳақида маълумот берди.
“Бюджетни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва мудофаа мақсадида олинган маблағлар давлат бюджетидан сўндирилади. Бу ҳам фоизига, ҳам қарзнинг танасига тааллуқли.
Лекин иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, масалан ёқилғи-энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун олинган қарз маблағлари ёки қайта кредитланган, ёки давлат кафолати тақдим қилинган. Иккала ҳолатда ҳам лойиҳадан манфаатдор бўлган давлат корхонаси ёки банклар томонидан қарз тўғридан тўғри хориждаги банкка тўланади ёки Молия вазирлиги орқали тўланади. Бунда бюджетга юк бўлиб тушмайди”, – деди у.
Молия вазирлиги расмийсининг айтишича, 2022 йилда йиллик лимит доирасида 4,5 млрд долларгача қарз жалб қилиниши мумкин.
“Бюджет дефицити маълум бир даражада белгиланганидан келиб чиқиб (масалан, бу йил 4 фоизга чиқиши кутилмоқда), асосий эътиборимизни бюджет дефицитини молиялаштириш ёки алоҳида лойиҳаларга қарз жалб қилишга қаратяпмиз”, – деди Молия вазирлиги мулозими.
Ялпи мажлисда “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун маъқулланиб, унда давлат қарзининг чегараси ЯИМнинг 60 фоизигача бўлиши белгиланди.
Мавзуга оид
16:30 / 11.12.2024
Ўзбекистоннинг Россия олдидаги қарзи ошди
16:56 / 07.12.2024
Хитой кредитларининг иккита асосий хавфи айтилди
19:22 / 05.12.2024
2024 йил учун ташқи қарз лимити 5 млрд доллардан 7,3 млрд долларга оширилган
18:33 / 18.11.2024