90-йиллар парламенти, Каримовга импичмент ва СССРда қолиш учун референдум — Ойгул Маматова билан интервью
Kun.uz Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутати Ойгул Маматова билан интервью ўтказди.
Собиқ депутат билан унинг сиёсатга кириб келиши, илк парламентнинг нега ҳозиргача эсланиши, мустақиллик декларацияси ва Ўзбекистон мустақиллигининг эълон қилиниши, бунинг учун курашган ҳақиқий қаҳрамонлар ҳамда бугунги кунлар ҳақида гаплашдик.
— Ойгул опа, интервью учун тайёрланган саволларга бирма-бир ўтамиз ва уларга ўтишдан аввал сизнинг сиёсатга қандай кириб келганингиз, Олий кенгашга қандай сайланганингиз ҳақида гаплашсак.
— Аслида университетга кирган пайтимга қадар ҳам сиёсатни у қадар хуш кўрмасдим десам хато бўлади-куя, лекин бадиий ижодга кўпроқ қизиқардим. Энди ўйлаб қарасам, адабиётнинг ўзи сиёсатнинг ажралмас қисми экан. Ёзувчилар, ижодкорлар ўзларининг асарида ўша давр ҳаёти ва инсонлар тақдирини акс эттиряптими, шунинг ўзи сиёсатга дахлдор. Мен ҳам ижодкор сифатида туманда анча танилдим. 80-йилларда мактабда ўқитувчи бўлдим. Раис муовини бўлдим. Фермер хўжалиги ва одамларнинг ичида юриб, уларнинг дардини қоғозга тушириб шу туйғу пайдо бўлди. Турғунлик йиллари эди. Аслида уйғониш йиллари эди. Орада пахта иши чиқди. Одамларимиз якка ҳокимликка қарши кураш бошлади. Ўша пайтда менинг шеърларим сиёсатга киришимга кўприк бўлиб хизмат қилди. Айниқса, 90 йил сайлов бошланишидан олдин шундай таклифлар тушди, ўшанда «Сайлов тўғрисида»ги қонуннинг битта моддасига янги модда киритилди, 100 кишидан иборат ташаббус гуруҳлари ўзларининг номзодини кўрсатишлари ва сайлов комиссиясидан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Худди ўша имконият келиб менга насиб қилди. Бунинг учун Оқдарё халқидан миннатдорман. Айниқса, зиёли синф ўқитувчиларидан. 6 ва 2-мактабнинг директорлари уйимизга келиб, Ойгул, сизнинг шеърларингизни эшитиб юрибмиз. Дангал чиқиб гапира оласиз. Ҳамма нарсани тушунасиз. Сизнинг номзодингизни депутатликка қўямиз, деб таклиф қилишди. Бир томондан хурсанд бўлдим, бир томондан оиламдан рухсат олай, ўйлаб кўрай, дедим. Бу ҳазилакам иш эмас. Республика халқ депутати бўлиш ва ўшандаги муаммоларни ўзингиз биласиз: пахта якка ҳокимлиги, газ ва светнинг йўқлиги. Озиқ-овқат программаси чиқди. Бу бекорга чиқмади.
Ейишга нон қолмагач, ўз-ўзини боқишни ҳар бир республиканинг ўзига ташлашди. Ҳолат шу даражагача келдики, мен «Ленин йўли» деб номланган вилоят газетасида «Минг саволга бир жавоб» деган мақола ёзган эдим. У пайтда колхозда ишлаб юрибман. Раиснинг олдига нон сўраб келишди. Қоғоз беринг, бориб дўкондан нон олай, деб. Раис бу одамнинг қарзи бор-йўқлигини сўради. Ҳисобчи келди-да, унинг қарзи борлигини айтди ва нон бермади. Худди шу нарса менга қаттиқ таъсир қилди. Устозим Озод Шарафиддинов романимнинг сўз бошисида шу ҳақда ёзиб ўтган. «Бу воқеа Афғонистонда эмас,Ўзбекистонда бўлган. Ойгул шу воеаларни кўриб, шу асарни ёзган». Демак, сиёсатга кириб келишимга шу сабаб бўлган. Қаранг, халқнинг ичида яшаб, халқнинг дарди билан юрганим сабаб. Эт билан тирноқни ажарата олмайсиз. Олдин иқтисод, кейин сиёсат, дейишади-ку. аммо иккаласини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Иқтисод қийналяптими, сиёсатнинг нотўғри эканлиги келиб чиқди. Ўша мақоламда нега ўзбек пахтаси жаҳон бозорида шунча нархда туради-ю, нега колхозчига фалон миқдорда тўланади, деб кўрсатганман. Нима учун деҳқон нонга пул топа олмайди-ю, жаҳон бозорида уни мақтаймиз? Ўша нарсаларни кўтариб чиқдим. 90-йилларда шу сайловда номзодимни қўйдим. Икки мактаб мени қўллаб-қувватлади. Иккинчи томон Коммунистик партия эди. У Республика КГБ ўринбосари Юрий Сариевич эди. Жуда катта кураш бўлди. Шу уч ой давомида Оқдарё халқи ҳаммаси фамилиямни эслаб қолишган. Сайловда қатнашиб, учрашувларга борганимизда у киши ҳам келиб гапиради. Райком, райкомнинг ҳамма аппарати, милиция у томонда, у кишини катта-катта машиналарда олиб боришади. Биз эса ўқитувчилар билан битта машинани топиб, шу машина билан айланганмиз барча учрашувларни. Одамлар қараб, хулоса қилишди-да. Мен чиқиб, агар депутат бўладиган бўлсам, фақат туман эмас, пахта ишини ҳал қиламиз ёки нарх-навони ҳал қиламиз, деган дастур билан чиқдик. 18 феврал куни сайлов бўлди. 68 фоиз овоз тўплаб, ғолиб бўлдим. Байрам бўлиб кетди. Кечаси билан сайловчиларим табриклаб байрам қилишди. Раҳбариятдан одам келиб табриклади. Бу бир аёл учун жуда катта бахт-да.
«Жаннат қуши» романимни чиқаришга ҳаракат қилиб юрганман. Яна жуда кўп шартлар қўйилди. Ижодни ташлашимни айтишди. Агар депутатликдан номзодимни қайтариб олсам, китобимни чиқариб беришларини айтишди. Машина олиб беришмоқчи бўлишди. Қайниакам 12 йилга қамалган эди. Биз депутат бўлмасимиздан олдин Олий суд раисининг олдига бориб, кира олмай роса овора бўлганмиз. Пахта ишининг ичида бўлганмиз. Қайникам қамалди. Биз эса ҳеч нарса қила олмадик. Ана шуларнинг ҳам алами бор-да, ичимда. Агар номзодингдан воз кечсанг, акангни қамоқдан чиқарамиз, дейишди. Турмуш ўртоғим билан қариндошмиз. Агар йўқ десам, турмуш ўртоғимнинг ўзи менга қарши бўлиб қолади-да. Қамалган акамнинг отаси 85 ёш эди ўшанда. У кишининг ёнига бордим. Сиз нима десангиз шуни қиламан, дедим. У киши «Болам, сен у катталарга ишонма. Агар сен депутат бўлсанг, сен чиқарасан акангни. Уларга ишонма, улар чиқармайди» деди. Ана шу билан номзодимдан кечмайдиган бўлдим ва биринчи сессияда бориб, пахта ишини кўтардик. Яхши натижага эришганмиз.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
11:39 / 26.12.2024
Ғилай Ленин – СССРда 10 рубллик пулларни сохталаштирган шахс қандай фош бўлганди?
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
17:50 / 19.12.2024
Абхазия парламенти олдида отишма юз берди. Бир депутат ҳалок бўлди
14:59 / 15.12.2024