Жамият | 10:10 / 22.09.2022
55532
3 дақиқада ўқилади

Муфтий «имомлик мақомига муносиб бўлмаган» 4 та туман бош имоми-хатибини ишдан олди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган мажлисда «айрим имом-домлалар босар-тусарини билмай қолгани, амалдаги қонун талабларини менсимаётгани ва мўмин-мусулмонлар бўлинишига сабабчи бўлаётгани» афсус билан қайд этилган. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 8 ойи давомида хато-камчиликлар туфайли 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиб ишдан олинган.

Фото: muslim.uz

21 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатиблари йиғилиши бўлиб ўтди.

Идора матбуот хизматининг маълум қилишича, кескин ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган.

«Натижада, ўз вазифасига виждонан ёндашмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондиришда жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва имомлик мақомига муносиб бўлмаган 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди», – дейилади хабарда.

Жумладан:

  • Сурхондарё вилояти Термиз тумани бош имоми Очилов Яҳё;
  • Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани бош имоми Маматқулов Мамаюсуф;
  • Андижон вилояти Шаҳрихон тумани бош имоми Турғунов Иззатуллоҳ;
  • Тошкент шаҳар Сергели тумани бош имоми Ахбутаев Эшмурод эгаллаб турган ушбу лавозимидан озод этилди.
  • Фарғона вилояти Сўх тумани бош имоми Камолов Воҳиджонга интизомий чора кўрилди.

Йиғилишда, шунингдек, жорий йилнинг 8 ойи давомида иш фаолиятидаги хато-камчиликларга йўл қўйгани сабабли 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиб ва 2 нафар вилоят муҳтасиби вазифасидан озод этилгани, 19 нафар имом-хатиб ва имом ноибига «ҳайфсан» интизомий чораси берилгани таъкидланган.

Фото: muslim.uz

Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, танқидий руҳда ўтган йиғилишида муфтий Нуриддин Холиқназаров барча диний соҳа ходимларини жиддий огоҳлантирган:

«Мажлисда айрим имом-домлалар босар-тусарини билмай қолгани, амалдаги қонун талабларини менсимаётгани ва мўмин-мусулмонлар бўлинишига сабабчи бўлаётгани диний соҳага катта доғ экани афсус билан қайд этилди.

Муфтий ҳазрат юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилиши, барча қонун олдида тенг эканини, шу боис, нима касб қилиш ва қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъи назар барча қонунга амал қилиши зарур эканини алоҳида таъкидлади.

Агарда, ҳуқуқий нормаларини менсимай, одамларни тафриқага чақирса, муайян шахс, ҳудуд ё касб эгаларига нисбатан таҳқирлашларга йўл қўйса, мавжуд ҳолатни қонун доирасидан четда ҳал қилишга уринса, ҳар қандай диний соҳа ходими салоҳияти ёки қанча йил меҳнат қилганига қарамай вазифасидан озод қилинишини Муфтий ҳазрат қатъий билдирди. Қонунга итоат – раҳбарга итоат, бу эса динимиз талаби ҳисобланиши эслатилди. Асосий мезон ҳалоллик, тақво, садоқат ва итоатда экани баён этилди», – дейилади идора хабарида.

Бундан ташқари, муфтий ташаббускор ва ғайратли имом-хатибларни рағбатлантириш режалари ва имтиёзлар бериш ҳақида маълум қилди.

Мавзуга оид