Жамият | 19:50 / 26.09.2022
17379
6 дақиқада ўқилади

Қишда совуққотаётган ногиронлар: наҳотки Сариосиёдаги муаммони ечиш имконсиз?

Сариосиё туманидаги Шарқ юлдузи маҳалласида 2 сотихлик намунавий турар жойлар ва ёш оилалар учун икки қаватли турар жойлар барпо этилганига 5 йилча бўлиб қолди. Намунавий лойиҳа асосида барпо этилган ушбу турар жойларнинг бир қисми таянч ҳаракатланиш тизимида нуқсонлари бўлган ногиронларга берилган ва улар бугун газсизликдан қийналишмоқда.

Бу ҳудудда уйларнинг эгаларига тантанали равишда топширилгани ҳақида 2017 йилда Kun.uz’да хабар ҳам берган эдик.

Бугунги кунга келиб Сариосиё туманида мазкур уйларда истиқомат қилаётган ногиронлар шу муддат ичида улар истиқомат қилаётган уйларга табиий газ ўтказиб берилмаганидан шикоят қилиб келишмоқда. Ҳолбуки, улар бу уйларга кўчиб киришаётганда газ таъминоти ҳам бўлиши ваъда қилинган.

Мурожаатчилардан бири Марҳабо Сатторованинг ҳикоя қилишича, ўшанда уларни шошилинч равишда бу уйларга киритишган. Уйнинг сувоғи нам бўлган, кейинчалик ёрилиб, кўчиб уларга бир қатор ташвишлар келтирган. Энг муҳими, ўшанда раҳбарлар уйлар секин-аста табиий газ билан таъминланишини ҳам ваъда қилишган.

Марҳабо Сатторова

Бироқ улар 5 йилдан буён газсизликдан, айниқса, қиш фаслида қийналишмоқда. Кўчаларга ёритиш чироқлари ҳам ўтказилмаган. Ногирон инсонлар бу ҳол уларга тунда ҳаракатланишда бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқаришаётганини ҳикоя қилишди.

Улар бу борада тегишли ташкилотларга тинимсиз мурожаат қилиб келишмоқда. Бироқ масаланинг ижобий ҳал қилиниши учун масъул бўлган «Ҳудудгазтаъминот»нинг вилоят ва туман бўлимларидан келаётган жавоб хатларида бу манзил табиий газ таъминоти танқис бўлган ҳудудлар сирасига кириши асосий важ қилиб кўрсатилмоқда.

Маҳаллада истиқомат қилувчиларнинг айтишларича, туман марказидаги қўшни Афросиёб маҳалласигача табиий газ тортиб келинмоқда. Қувургача шу жойдан 400 метр масофа бор, холос.

Уйларнинг қувурда оқадиган табиий газ билан таъминланмаганлиги бу ерда яшовчи жисмоний имконияти чекланган ногирон инсонларга айниқса қишда қийинчилик туғдирмоқда.

«Коттежлар қурилган ушбу ҳудуд илгаридан зах ерлар бўлган. Шу сабабли қишда жуда совиб кетади. Бунинг оқибатида одамлар, айниқса уларнинг болалари қишда тез-тез касал бўлишмоқда», — дейди Муҳаррам Шерова.

Муҳаррам Шерова

Одамлар қишда жон сақлаш учун кондиционер ва қўлбола печлардан фойдаланишмоқда. Бу эса ногирон инсонлар учун бирмунча ноқулайлик ва хавф туғдиради. Ўрнатилган печга эса ўтин, кўмир қалаш ногирон инсонлар учун осон эмас. Ис гази ва ёнғин хавфи билан боғлиқ нохуш ҳодисалар ҳам рўй берган. Бахтга кўра, жабрланганлар бўлмаган.

Иситиш печлари газ ва кўмирга мослаштирилган. Бироқ ногиронлар учун бундай печлардан фойдаланиш ноқулай

Мурожаатлардан сўнг масалани келиб ўрганган мутасаддилар газ ўтказиб бериш қўлларидан келмаслигини очиқчасига айтиб кетишмоқда. Аҳолининг эса ҳафсаласи пир бўлмоқда.

Икки фарзанднинг отаси Азамат Ҳикматовнинг айтишича, у ҳудудда уй боғчаси ҳам очган. Аммо боғчада ҳам қишда иситиш билан боғлиқ шундай аҳвол кузатилади.

Азамат Ҳикматов

«Биз ҳам бола-чақимиз билан яхши шароитда яшашга ҳақлимиз-ку?!» дейди у.  

Адолат юзасидан айтиш керакки, уйларга баллонларда суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб турилибди. Бироқ ундан фақат чой қайнатиш ва таом пиширишда фойдаланса бўлади.

Газ аҳолига қишнинг қировли кунларида исиниш учун керак. Аҳоли қишда электр энергияси ёрдамида исингани сабабли қишки фаслларда тўлов миқдори кескин ортиб кетмоқда ва улар қийналишмоқда.

Боз устига, бу хонадонларда яшаётган ногиронларнинг кўпчилиги ишламас ҳам экан. Улар фақат ногиронлик нафақасига кун кўришади. Ўз вақтида улар иш билан таъминланган. Сариосиё пахта тозалаш заводига ишга қабул қилиниб, фартук тикишган. Бироқ туманда кластер тузилгач, икки йилдан бери, уларнинг барчаси ишсиз. Улар намунавий уй тўловларини тўлашда ҳам қийналишмоқда.

Аҳолининг қувур ўрнатишга қурби етмайди. Шунинг учун балким 400-500 метр масофадан газ қувури тортиб келиш учун ҳомийлик маблағлари жалб этилишига тўғри келар.

Бироқ масаланинг ечими устида бош қотириш ўрнига аҳолининг кетма-кет мурожаатларидан безиган раҳбарлар ва мутасаддилар энди уларни ношукурликда айблашмоқда. Уларнинг кетма-кет қилган мурожаати бир хил мазмунда жавоб хати билан ёпиб юборилмоқда. Ногиронлар ўзларини қийнаётган муаммолар ҳал бўлишини исташади.

Худди шу ҳудудда қурилган икки қаватли турар жойларда газ муаммосидан ташқари яна бир муаммо борлиги маълум бўлди. Уларнинг ертўласидаги канализация қувурлари ёрилиб, сув ва нажосатлар ертўлага тўпланмоқда.

Масъул раҳбарлар бирор эпидемия тарқалиб кетмасдан аввал ушбу муаммонинг ечими билан ҳам шуғулланишлари керак бўлади.

Савол туғилади: наҳотки, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ногиронлар яшайдиган, туман марказида жойлашган ҳудудни газлаштиришни ўз олдига қўйган устувор вазифалардан бири санамаса? Узоқ тоғ ёки чўл қишлоғи бўлганда ҳам, бунинг имконсиз эканига ҳамма тан берар эди.

Инсон қадри бу юртда ҳамма нарсадан устун бўлиши керак. Табиий газни бирор чет давлатдан импорт қилмаяпмиз. Ўзимизнинг еримиздан қазиб олинадиган табиий бойлик. Бу табиий бойликдан энг аввало мана шундай ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чегараланган инсонлар баҳраманд бўлиши керак эмасми?

Ўйлаймизки, республикадаги, Сурхондарё вилояти ҳамда Сариосиё туманидаги раҳбарлар ушбу видеомурожаатга жиддий эътибор қилишади. Бу манзилда истиқомат қилиб келаётган аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топишларидан умид қилиб қоламиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Монтажчи ва тасвир устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид