Ўзбекистон | 10:52 / 04.10.2022
5259
2 дақиқада ўқилади

Руҳий касаллик бўйича диспансер ҳисоби тўғрисидаги маълумотномани олиш тартиби тушунтирилди

Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисидаги маълумотномани олиш тартиби маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

“Давлат хизматлари янгиликлари” каналида ёзилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат хизматини кўрсатувчи субъект ҳисобланади.

Бунда, мурожаатлар Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП - my.gov.uz орқали қабул қилинади. Хизматдан жисмоний шахслар фойдаланиши мумкин.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун тўланадиган йиғим миқдори: 6 000 сўм (БҲМ 2,0 фоизи). Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизмати кўрсатилиши учун белгиланган йиғим 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади. Аризани кўриб чиқиш муддати – реал вақт режимида.

Президент фармони билан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолидан руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома талаб қилинмайди.

Мавзуга оид