Пахтаобод туманига янги ҳоким тайинланди
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Пахтаобод тумани ҳокимига айланди.
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Азизбек Раҳимович Латифжонов 1977 йилда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. 1999 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган.
У меҳнат фаолиятини 1994 йилда «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» очиқ акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти бўлими пул алмаштириш шохобчаси кассири вазифасидан бошлаган. Турли йилларда банк соҳасида фаолият кўрсатган, 2007 йилдан Молия вазирлиги тизимида ишлай бошлаган.
2007-2011 йилларда Молия вазирлиги Инвестициялар бошқармаси ҳудудий капитал қурилиш дастурларини молиявий тартибга солиш бўлими бошлиғи, 2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари–ҳудудий капитал қурилиш дастурларини молиявий тартибга солиш бўлими бошлиғи, 2015-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инвестициялар бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатган.
Азизбек Латифжонов 2017 йил октябрида Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг моддий-техника ва молия-иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Пахтаобод туманига 2022 йил февралидан буён Элёрбек Усмонов раҳбарлик қилиб келаётганди.
У шу йил сентябрида президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раҳбарлигидаги йиғилишда раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун ишдан олинганди.
Мавзуга оид
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
17:52 / 11.12.2024
Тимур Ишметов Марказий Банк раиси этиб тайинланди
15:57 / 10.12.2024
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
18:28 / 06.12.2024