Ўзбекистон | 09:15 / 31.10.2022
8992
2 дақиқада ўқилади

Навоийда фуқарога қўполлик қилган ИИБ ходимига интизомий жазо қўлланди

Хатирчи туманида мактабдаги таъмирлашдан норози бўлган фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққан.

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Хатирчи туманида ИИБ ходимлари фуқарога қўполлик қилган ҳолда уни машинага миндириб олиб кетаётгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ҳамда прокуратураси расмий баёнот берди.

Навоий вилояти прокуратурасига кўра, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Хатирчи туманининг Майдон маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Ш. томонидан туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилиги ҳақида Хатирчи туман прокуратурасига мурожаат йўлланган. Мазкур ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган”, — дейилади прокуратура баёнотида.

Навоий вилояти ИИБ баёнотида эса ҳолат 2022 йил 23 апрел куни бўлгани, ИИБ ходимига нисбатан интизомий жазо қўллангани билдирилган. 

Жорий йилнинг 23 апрел куни Хатирчи тумани Майдон маҳалласида яшовчи фуқаролар М.Й. ҳамда С.Р. ҳудуддаги 52-умумтаълим мактабига борган ва у ердаги таъмирлаш ишлари ҳақида гапириб, усталар билан тортишишган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида профилактика инспекторлари фуқарони маҳалла биносига олиб келиб, у билан профилактик суҳбат олиб боришган. Шундан сўнг фуқаро қўйиб юборилган. Ушбу ҳолатда ходимларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Навоий вилоят ИИБ масъуллари томонидан хизмат текшируви ўтказилган ҳамда тегишли интизомий чора қўлланган”, — дейилади ИИБ баёнотида.

Мавзуга оид