Ўзбекистон | 14:50 / 31.10.2022
25874
5 дақиқада ўқилади

Олтин изидан: НКМК ишчилари билан Ер қаърига саёҳат

Кончилик – ҳамма учун ҳам очиқ бўлмаган соҳа. Қайси маънодаки, иш жараёни жуда мураккаб ва катта илм талаб қилинади. Ер остида нима борлигини билмаганимиз каби, у ерда ишлаётган инсонлар машаққати ҳам бизга қоронғи. Kun.uz журналисти “Зармитан” конида бўлиб, олтин қазиб олиш жараёни билан танишди. 

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ўнталигига киради. Комбинат ерости бойликлари захираларини геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашдан то тайёр маҳсулот олишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ амалга ошириладиган саноат кластеридир.

Kun.uz жамоаси жамият тасарруфидаги “Зармитан” кони ишчиси мисолида кончилар ҳаёти, соҳанинг биз билмаган қирралари билан танишди.

2022 йилнинг август ойида “Зармитан” саноат майдонида “Скип” ва “Клет” ҳаракатланадиган шахтанинг чуқурлиги 1 000 метрга етди. Бу ҳали Ўзбекистонда соҳа тарихида кузатилмаган ҳолат.

Нега шахтанинг чуқурлигига эътибор қаратяпмиз? Чунки ер остидан турли маъданлар қазиб олинаркан, аввало бу қатламга тушишнинг ўзи бир машаққатли жараён ҳисобланади. Ер остида ишлаш, нафас олиш, ҳаракатланиш учун шароит яратилади. Умуман олганда, биринчи марта бу ҳолатга гувоҳ бўларкансиз, ҳайратингизни яшира олмайсиз. Бироқ сиз билан махсус мослама орқали ер қаърига кириб бораётган инсонлар – кончилар учун бу ҳайратли эмас. Улар учун бу масъулият, эҳтиёткорлик ва меҳнатдир.

“Зармитан” конида лаҳим ковловчи вазифасида ишлаб келаётган Шавкат Турсунов билан шахтага тушдик. У соҳада ўттиз йилдан ортиқ меҳнат қилди. Биз илк бор ер остига тушганимиз сабаблими, ҳаракатланиш жуда машаққатли бўлди. Ерости йўлингиз ҳар доим ҳам равон, ёруғ эмас. Оёқ ости баъзан сув ва лой, ҳаракатланиш учун чаққон, ҳушёр бўлишингиз лозим. Шавкат ака кабилар учун бу кундалик иш.

Дарвоқе, Шавкат Турсунов НКМКнинг соҳа фидойилари учун бериладиган учта кўкрак нишонни ҳам олиб бўлган. Бу даражага соҳада ҳамма ҳам эриша олмайди. “Дўстлик ордени” соҳиби. Бироқ у лаҳимчи. Ҳар куни камтар бўлиб ишга келади, махсус кийим-бошни кияди ва ер остига киради. Мукофотлар ва эътирофлардан ҳаволанмаган. Шогирдлари, дўстлари билан бирга.

Биз унинг иш жараёнини тасвирга олар эканмиз, айнан қандай шароитда қандай вазифани бажараётганини уйидагилар ҳам унчалик яхши билмаслигини айтиб қолди.

“Ишимиз тўғри, мураккаб ва масъулиятли. Умрим шу соҳада ўтди, фарзандларимни ўқитдим, қизларимни узатдим. Камим йўқ, касбга меҳр отамдан ўтган. Шу тепаликларда, шахталар орасида улғайдим. Очиғи, шу пайтга қадар иш жараёним ҳақида рафиқам ҳам тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган. Мана, сизлар тасвирга оляпсиз, энди сирлар очилса керак”, — дея кулиб қўйди Шавкат Турсунов.

Дарҳақиқат, айрим ҳолатларни ёзиб, тасвирлаб бўлмайди. Кўриш керак, холос.

Замон билан ҳамнафас

Биз ерости маъданлари ковлаб олинганидан кейинги жараёнга ҳам гувоҳ бўлдик. Шавкат ака каби ишчилар кучи билан Ер юзасига чиқарилган маъданлар “Зармитан” конидан унчалик узоқ бўлмаган 4-гидрометаллургия заводига олиб борилади. У ерда ҳам маъдан то олтинга айлангунга қадар бир нечта босқичдан ўтилади.

Мазкур заводда махсус лаборатория ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда катта тажрибага эга мутахассислар маъдан таркибидаги қимматбаҳо маҳсулотлар миқдорини аниқлайди.

4-гидрометаллургия заводининг ишга туширилиши ҳақида сўз борганда 2010 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, унга қадар “Зармитан” конидан қазиб олинган маҳсулотлар катта маблағ ва машаққат эвазига тўқсон км масофага ташиб кетилган. Заводнинг ишга тушиши нафақат тежамкорлик, балки қўшимча беш юз иш ўрни яратилишига ҳам замин бўлган.

НКМК жаҳоннинг йирик компаниялари сафида

Навоий кон-металлургия комбинатининг дунёдаги олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан ажралиб турадиган жиҳати шундаки, комбинат қазилма бойликларни геологик қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаб, рақобатбардош ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган технологик занжирга боғланган улкан саноат кластеридир.

Комбинат йил сайин ишлаб чиқариш қувватларини ошириб бормоқда. Кейинги икки йилда замонавий технологияларга асосланган, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари ишга туширилди. Шунингдек, кон-металлургия соҳасида олтинни қайта ишлайдиган энг йирик корхона - мамлакатимиз фахри бўлган 2-гидрометаллургия заводида йилига 12 млн. тонна маъданни қайта ишлайдиган “Б” корпуси фойдаланишга топширилди.

Бу эса Навоий кон-металлургия комбинатини жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ўртасидаги ўрнини йил сайин мустаҳкамламоқда.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид