Россия «ғалла келишуви»га қайтишга рози бўлди. Вазиятга Туркия аралашди
Россия мудофаа вазирлиги Москва Украинадан «ғалла йўлаги»дан ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда фойдаланмаслик ҳақида ёзма кафолат олганини маълум қилди. Россия «Қора денгиз ғалла ташаббуси»даги иштирокини тиклайди.
29 октябр куни Россия Украина ғалласини ташиш бўйича Истанбулда эришилган келишувдан чиққанини эълон қилганди. Бунга Қора денгиз флотининг Севастополда турган кемаларига дронлар ҳужуми уюштирилгани сабаб қилиб келтирилганди. Россия томони Украина аннексия қилинган Қрим ҳудудидаги кемаларига ҳужум қилишда кемалар ғалла ташиши учун ташкил этилган хавфсиз йўлакдан фойдаланганини иддао қилганди.
Украина бу ҳужум учун масъулиятни зиммасига олмаган. Президент Володимир Зеленский Москва июл ойида Туркия ва БМТ иштирокида тузилган «ғалла келишуви»дан чиқиш учун бошқа баҳоналардан ҳам фойдаланиши мумкинлигини айтганди.
Қора денгизда «ғалла йўлаги» бўйлаб кемалар ҳаракати Россиянинг йўналишни мувофиқлаштириш марказидаги вакили иштирокисиз ҳам давом этди. Аммо бир кун олдин томонларнинг ҳеч бири - БМТ, Туркия, Россия ва Украина - 2 ноябр куни учун гуманитар карвон бўйича келишиб олмагани маълум бўлди.
Сешанба куни Россия ва Туркия президентлари ҳамда мудофаа вазирлари ўзаро телефон мулоқотлари ўтказишди. Кремль ўз баёнотида Москва келишувга қайтиши учун Киев томонидан гуманитар йўлакдан ҳарбий мақсадларда фойдаланмаслик бўйича «ҳақиқий кафолатлар» талаб қилиши айтилган.
Энди эса Россия мудофаа вазирлиги Украина «ғалла йўлаги»дан Россияга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда фойдаланмаслик бўйича ёзма кафолат олинганини билдирмоқда. Баёнотга кўра, бу кафолат БМТ ва Туркиянинг саъй-ҳаракатларидан кейин берилган.
«Россия Федерацияси ҳозирги вақтда олинган кафолатлар етарли деб ҳисоблайди ҳамда келишувларни - Украина портларидан дон ва озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ташиш бўйича ташаббусни («Қора денгиз ташаббуси») амалга оширишни давом эттирмоқда», дейилган Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.
Икки кун муқаддам Россия президенти Владимир Путин Россия «ғалла келишуви»дан чиқмагани, балки ундаги иштирокини вақтинча тўхтатганини айтганди. Қора денгиз флоти кемаларига дронлар ҳужуми ва Украина ғалласи экспорти ўртасидаги боғлиқликни у шундай изоҳлаганди: «Бу дронлар, сувости дронлари ва ҳаводагилари қисман Украинадан ғалла олиб чиқилаётган йўлакдан ўтишган».
Ғарб мамлакатлари ва Украина «ғалла келишуви» тўхтатилишидан манфаатдор бўлган Москва келтирган далилларни ишончсиз деб топди ва бу қарор қайта кўриб чиқилишини талаб этди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш томонларни имкон қадар муддати 19 ноябрга қадар тузилган келишувни узайтириш бўйича келишиб олишга чақирди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам парламентдаги чиқишида «ғалла келишуви» фаолияти тиклангани ҳақида хабар берди. «Биз кеча Путин билан ўтказган телефон мулоқотимиздан кейин Россия мудофаа вазири жаноб Шойгу бизнинг миллий мудофаа вазиримиз Хулуси Окарга телефон қилди ва ғалла етказиб берилиши бугун соат 12:00 дан давом этишини айтди», деган Эрдўған.
Путин ва Россия мудофаа вазирлиги Қора денгиз флоти кемаларига дронлар ҳужумини террорчилик акти деб баҳолаганди. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) таҳлилчилари эса бундай таснифлашга қўшилмайди. Улар флот таркибидан «Калибр» ракеталари билан қуролланган учта фрегат ҳам ўрин олганига эътибор қаратишган. Россия уч ҳафтадан буён дронлар ва шундай ракеталар орқали Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутмоқда. Шу туфайли ISW экспертлари бу кемаларни украинлар учун қонуний ҳарбий нишон деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
21:05
Зеленский: Путин Словакия бош вазирига Украинага қарши «иккинчи энергетика фронти» очишни буюрди
09:31
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
08:56
АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
19:14 / 27.12.2024