Жаҳон | 22:10 / 15.11.2022
45497
3 дақиқада ўқилади

«Уруш тўхтатилиши керак ва мумкин бўлган вақт келди». Зеленский G20 саммитида чиқиш қилди

Украина президенти Володимир Зеленский видеоалоқа орқали Индонезиядаги саммитга йиғилган G20 давлатлари вакиллари билан мулоқот қилди. У Россия Украинада олиб бораётган урушни тўхтатишга чақирди ва 10 банддан иборат «тинчлик формуласи»ни тақдим этди.

Фото: GOV.UA

«Ишончим комилки, ҳозир Россиянинг вайронкор уруши тўхтатилиши керак ва мумкин бўлган вақт келди. Бу минглаб кишилар ҳаётини сақлаб қолади», деди Зеленский ўз чиқишида.

У бир неча бор «Катта йигирматалик» ўрнига «19 талик гуруҳ» иборасини қўллади ва бу орқали Россияни истисно этди.

Зеленский саммит иштирокчиларига 10 банддан иборат бўлган «тинчлик формуласи»ни тақдим этди. У шундай кўринишда: ядровий, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, барча асирларни ва Украинанинг Россия ҳудудига олиб кетилган фуқароларини озод этиш, Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш, Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатиш, адолатнинг тикланиши, экоцидга қарши кураш, эскалациянинг олдини олиш, уруш тугаганини қайд этиш.

Зеленский уруш «адолатли тарзда ва БМТ низоми ҳамда халқаро ҳуқуқ» асосида якунланиши кераклигини айтди. У тинчлик жараёни бошланиши учун Россия ўз қўшинларини олиб кетиши, Украинага келтирилган зарар учун товон тўлаши ва унинг ҳудудий яхлитлигини тан олиши даркорлигини қайд этди.

Шунингдек, президент «урушдан кейинги хавфсизлик архитектурасининг асосий элементларини мустаҳкамлаш» ва Россия тажовузи такрорланишининг олдини олиш мақсадида халқаро конференция ўтказишга чақирган. 

Украинлар президенти барча украин ҳарбий асирларини озод этишга чақириб, Россияга «барчани барчага» формуласи бўйича асирлар алмашуви ўтказишни таклиф этган.

Унинг асосий сўровларидан бири июл ойида БМТ ва Россия ўртасида тузилган Украина ғалласи бўйича келишувни узайтириш бўлди. Бу келишув Россия ҳарбий кемалари томонидан блоклаб қўйилган украин портларидан озиқ-овқат олиб чиқиш имкониятини таъминлайди. 

БМТга кўра, келишув кучга кирганидан буён Украинадан 10 млн тоннадан ортиқ ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари муваффақиятли экспорт қилинган ва бу глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга ёрдам берган. Келишув муддати 19 ноябрда тугайди.

Зеленский уруш қандай якунланишидан қатъи назар, келишув номаълум муддатга қадар узайтирилиши лозимлигини таъкидлади. «Озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқ - дунёдаги ҳар бир инсоннинг фундаментал ҳуқуқидир», деган у.

Украина президенти ғалла экспорти ташаббусини бошқа портларга, хусусан, Миколайив областидаги Миколайив ва Олвия портларига кенгайтиришни таклиф қилди.

«Блумберг» агентлиги қайд этишича, Владимир Путин ўрнига Россия делегациясига раҳбарлик қилган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Зеленскийнинг видеомурожаати вақтида зални тарк этмаган. Бундан ташқари, G20 иштирокчилари ҳам Лавровнинг ўзи чиқиш қилаётган вақтда бойкот қилишмаган, у эса яна бир бор Россия Украинада нацистларга қарши курашаётганини таъкидлади.

Мавзуга оид