Ўзбекистон | 20:24 / 16.11.2022
48367
7 дақиқада ўқилади

“Нархни оширмаганмиз, аслида пасайтирганмиз” — UzAuto расмийси билан суҳбат

“Ўзингиз ўйлаб кўринг, неча йилдан бери нархни оширмадик. Доллар курсини ҳисобланг, математикани ишга солиб кўринг. Сиз биласизки, биз нархни оширмаганмиз, аслида пасайтирганмиз”, – деди “Ўзавтосаноат” расмийси Kun.uz мухбири билан суҳбатда. У мухбирнинг айнан нархлар масаласидаги бир нечта саволларига жавоб берди.

“Ўзавтосаноат” савдони ривожлантириш ва маркетинг бошқармаси бошлиғи ўринбосари Беҳзод Холиқов Kun.uz билан суҳбатда Оnix'нинг аввал эълон қилинган нархларидан қиммат сотилаётгани, узун навбатлар ва келгусида бюджет автомобиллар ишлаб чиқариш режаси бор-йўқлиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Узун навбатлар юзага келишига қайси омиллар таъсир ўтказмоқда?

— Навбатлар тез орада йўқолади. Мана шу ойларда тизим қотиб қолганлиги учун шартномалар 2-3 та бўлиб кетган бўлиши мумкин. Шу сабаб етказиб бериш муддати июл, август, сентябрга ҳам ўтиб кетди. Масалан, битта одам 3та машинага пул тўлаган бўлса, автоматик иккитаси бекор қилинади. Шу жиҳатдан автомобил етказиб бериш муддати 2-3 ойгача қисқариб бораверади.

Бундан ташқари, бутловчи қисмларнинг етиб келиши кейинги йилнинг биринчи чорагидан бошлаб кўпайишига умид қиляпмиз. Шунинг ҳисобига ишлаб чиқаришимиз ҳам тезлашиб кетади. Ўйлайманки, тез орада кутиш муддатлари камайиб кетади.

Нима учун 9-12 минг доллар атрофида сотилиши айтилган Chevrolet Onix анча қиммат нархларда сотувга чиқарилди?

— Нархлар ўтган йили эълон қилинганди. Ўша пайтдаги режалар ҳам шундай эди. Ҳозирги геосиёсий вазият туфайли жуда кўп нарса ўзгариб кетди. Бутловчи қисмлар дунёнинг турли қисмларидан етказиб берилади. Хусусан, Россия орқали келиши керак бўлган йўналишлар ҳам ўзгарди. Бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича, логистик харажатлар 385 фоизга ёки қарийб 4 баробарга ошди.

Тайвандаги микрочиплар ишлаб чиқарувчи заводда ҳам ёнғин юзага келди. Бу завод дунё бўйлаб 20 фоиз чиплар таъминотини амалга оширган. Ҳозирда тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Хуллас, шу каби кўплаб муаммолар бор. Нархлар ошиб кетган. Шунинг ҳисобига, олдин айтилган нархлардан Оnix'ни қимматроқ сотишга мажбур бўляпмиз.

— “Ўзавтосаноат”нинг яқин келажакдаги режаларидан бюджет автомобиллар ҳам ишлаб чиқариш ўрин олганми?

— Албатта. Нархларни ҳозир эълон қилиш хато эканини Оnix мисолида кўрдик, буни айтмаганим маъқул. Лекин биз ҳар доим бюджет автомобиллар ишлаб чиқаришни режа қилишдан тўхтамаганмиз. Оnix ҳам ўзи шунақа бўлиши керак эди. Кейинги йил ёки 2024–2025-йилларгача ҳар йили худо хоҳласа янги бюджет моделлар ишлаб чиқаришни бошлашга ҳаракат қиламиз.

Ҳали оммавий эълон қилинмаган бўлса ҳам, режаларимиз бор. Биз харидорларни ўйлаймиз. Бюджет машина албатта бўлиши шарт.

Лекин битта нарсани таъкидлаб ўтишим керак, бюджет машиналар ишлаб чиқариш фақат Ўзбекистонда бўлса керак. Янги машиналарни назарда тутяпман. Агар чет элни ўрганиб чиқсангиз, худди шу машиналар деярли икки баробар қиммат.

— Айнан қайси русумдаги машиналар Ўзбекистонга нисбатан хорижий мамлакатларда икки баробар қиммат? Malibu-2'нинг Кореядаги нархи ҳақида маълумот чиқардик, 21-22 минг доллар атрофида сотилаётган экан.

— Бу нотўғри нарх. Бу бўйича изоҳ ҳам бердик. Сайтда кўрсатилган нархда маркетинг ҳийласи қўлланган: харидор автомобилни сотиб олаётганда тўлайдиган тўловлар ҳисобга олинмаган. Сайтда 22 минг доллар деб кўрсатилган, лекин харид қилишни бошласангиз, билмадим, 33-35 мингга айланиб кетади. Биз бу нарсани ўрганиб ҳам кўрдик, жавоб ҳам бердик.

Kia Picanto

Дейлик, Spark'нинг конкуренти Kia Picanto бор. Африка мамлакатларида 18-20 минг доллар атрофида сотилса керак. Spark Ўзбекистонда қанча-ю, чет элдаги нархларни кўринг. Oniх ҳам Бразилияда қимматроқ, комплектацияси биздагидан пастроқ.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, неча йилдан бери нархни оширмадик. Доллар курсини ҳисобланг, математикани ишга солиб кўринг. Сиз биласизки, биз нархни оширмаганмиз, аслида пасайтирганмиз.

UzAuto Motors ишлаб чиқараётган машиналар ўзининг таннархини қопламаяптими? Компания баёнотида қимматбаҳо автомобилларни сотишдан олинган даромад арзонроқ моделларни ишлаб чиқариш харажатларини қисман қоплаш учун ишлатилиши айтилганди.

— Шунақа. Чунки улар деярли ўзининг нархида сотилмоқда. Бюджет машина бўлганидан кейин, нархи ошиб ҳам кетмаслиги керак-да, токи одамларнинг оддийроқ машиналарни ҳайдаб юришга пули етиши учун, тўғрими?

Биз биляпмизки, комплектация қўшилмаган, ўзи эски машина – буларни янгилаш керак. 1-2 йилда Lacetti'ни ҳам конвейердан олиб ташлаймиз, чунки булар эскиришни бошлаган. Маънан эскирган. Унинг ўрнига мана Оnix ва Тracker'лар кириб келди. Шу ҳисобдан қилинмоқда.

***

Беҳзод Холиқов шу куни “Ўзавтосаноат” биносига йиғилган норози харидорлар билан ҳам суҳбатлашди. Шартномада кўрсатилган муддат аллақачон тугаган бўлса-да, автомобилини ололмаётган, навбатлар узунлигидан ҳафсаласи пир бўлган ва компаниянинг “маркетинг ҳийласи” қурбонига айланган харидорлар UzAuto офисига бориб, компания расмийларидан изоҳ талаб қилишди.

“UzAuto Motors компаниясига менинг ҳам эътирозларим бор. Бундан 5 ой олдин, автомобил харид қилиш учун тўлов қилганман. Бу муддат ўтиб кетди. Лекин автомобилни ҳалиям қўлимга беришмаяпти. Иккинчи тўловини қилишга ҳам тайёрман. Булар ўз талабларини қўйиб, автомобил олиш муддатини яна 3 ойга чўзишмоқда. Менга аниқ тушунтириш бера олишмади. Шартнома бўйича 5 ойда олишим керак эди, муддат тугади”, дейди истеъмолчилардан бири.

Яна бир харидор 27 йилдан бери ишлаётган компаниянинг пулини олдиндан олиб, 13 ойдан кейин автомобил етказиб беришни иддао қилиши ажабланарли ҳолат эканига урғу берди.

“Биз шартнома қилдик ва тўловни амалга оширдик. Автосалонда 13 ойдан кейин автомашина етказиб берилишини айтишди. Бундан хафа бўлдик.

Бу завод 27 йилдан бери ишлаяпти, лекин машинанинг пулини тўлаб яна 13 ой кутишингиз керак. Ҳаммамиз ҳайрон бўлиб кетяпмиз. Фуқаролар номидан мурожаат қиляпман. Илтимос, жим турманглар. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига, прокуратурага ёзинглар. Жим ўтирсангиз, ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди”, дейди у.

UzAuto Motors ёз ойларининг бошларида Nexia автомобилини яқин кунлар ичида, Cobalt автомобилини кейинги ойда олиш мумкинлигини “алоҳида таъкидлаб”, ўз расмий саҳифасига маълумот жойлаштирган (мазкур хабар ҳозирда ўчириб ташланган).

Компаниянинг “маркетинг ҳийласи” қурбонига айланган харидор эса Cobalt сотиб олиш учун шартнома имзолайди, аммо унга автомобил 5 ойдан бери етказиб берилмаган.

Харидор компанияни фейк хабар тарқатганликда айблади. Матбуот хизмати вакили эса буни рад этиб, компания ўз эълонида аниқ етказиб бериш мажбуриятини олмагани, фақатгина “етказиб берилиши мумкин”лиги ёзилганини иддао қилди.

Мавзуга оид