Спорт | 07:45 / 17.11.2022
16756
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Беларуснинг ХПҚдаги аъзолиги тўхтатилди

Халқаро паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус паралимпия қўмиталари аъзолигини «ХПҚ низомига мувофиқ аъзолик мажбуриятларини бажармаганликлари» сабабли тўхтатди.

Фото: paralympic.org

16 ноябрь, чоршанба куни Берлинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари бош ассамблеяда Халқаро паралимпия қўмитаси (ХПҚ) Россия паралимпия қўмитасининг (РПҚ) ташкилотдаги аъзолигини тўхтатди. 64 делегат ёқлаб, 39 нафари қарши овоз берди, 16 нафари бетараф қолди. Ташкилот ўз қарорини Россия «ХПҚ низоми бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги» билан изоҳлади.

«Тўхтатиб туриш муносабати билан РПҚ ХПҚга аъзоликнинг барча ҳуқуқларидан маҳрум бўлади, апелляция бериш ҳуқуқидан ташқари. Агар апелляция ижобий натижа бермаса, фақат умумий йиғилиш тўхтатиб туришни бекор қилиши мумкин. Эҳтимол, кейинги умумий йиғилиш 2023 йилнинг тўртинчи чорагида ўтказилади», дейилади ХПҚнинг Twitter'даги баёнотида. 

Худди шу таҳрирда, ХПҚ 16 ноябрь куни Беларус паралимпия қўмитаси (БПҚ)нинг ташкилотга аъзолигини тўхтатди. Қарорни 54 делегат қўллаб-қувватлади, 45 нафари қарши чиқди, 18 нафари бетараф қолди.

Россия паралимпия қўмитаси аъзоликни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорни қоралаб, бу «ноқонуний, асоссиз, ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас ва ХПҚнинг барча меъёрий-ҳуқуқий базасини қўпол равишда бузади» деб таъкидлади. «ХПҚ низомлари қоидаларига кўра, РПҚ ўзининг аъзолик мажбуриятларини бузганлиги ҳақида ҳеч қандай далил тақдим этмади», дейилади РПҚ баёнотида.

Қайд этилишича, РПҚ халқаро ҳамжамият ва ташкилотларга, жумладан, БМТ, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва халқаро ноҳукумат инсон ҳуқуқлари ташкилотларига очиқ хат йўллаб, ХПҚни камситишнинг олдини олишга чақиришни сўраб мурожаат қилмоқчи. У ногиронлиги бўлган россиялик спортчиларга қарши миллий асосда ва уларнинг халқаро спорт мусобақаларида, Паралимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқларини бузаётгани айтилади.

Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай, 3 март куни Халқаро паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус терма жамоаларини 2022 йил Пекиндаги қишки паралимпия ўйинларида иштирок этишдан четлатган эди. ХПҚ ўшанда кўплаб мамлакатлар спортчилари россияликлар ва беларуслар билан рақобат қилишдан бош тортгани, бу эса ўйинларни ўтказишни хавф остига қўйганини тушунтирди. Олимпия шаҳарчасида ҳам кескинлик кузатилган. Россия паралимпия қўмитаси ушбу тақиқни ноқонуний ва асоссиз деб атади.

Мавзуга оид