Хизматдаги аскар ўлими воқеаси: тафсилотлар
Термизда ҳарбий хизмат ўтаётган йигитнинг юрагида тромб ҳосил бўлиши ортидан, у Тошкентга олиб келиб операция қилинди, бироқ жарроҳлик амалиётидан кўп ўтмай вафот этди. Kun.uz расмийлар изоҳи ва марҳумнинг қариндошлари сўзлари асосида воқеа тафсилотларини тақдим этади.
Сурхондарёда ҳарбий хизматни ўтаётган йигит вафот этди. Расмийларга кўра, юрак касаллиги бўйича шошилинч операция ўтказилганидан кейин, аскарда биологик ўлим қайд этилган.
Ҳолат нафақат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, балки марҳумнинг яқинларида ҳам саволларни юзага келтирди.
Kun.uz мухбири марҳумнинг қариндошлари билан суҳбатлашди.
Марҳум Камолиддин Қодировнинг отаси Аслиддин Шукуров ўғли билан тез-тез телефонда гаплашиб турганини айтади. Бир ҳафта аввал гаплашганида ҳам ўғли соғлиғи билан боғлиқ ҳеч қандай шикоят қилмаган. Шу пайтга қадар ҳам унда юраги билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаган.
Шукуров маълум сабабларга кўра турмуш ўртоғи билан яшамаётган бўлса-да, ўғли билан алоқалари яхши бўлганини айтмоқда. “Шундай экан, мен ҳам ўғлимнинг ҳаёти билан боғлиқ жараёнда иштирок этишим керак эди. Нега менинг розилигимсиз бундай операция қилинди?” – дейди у.
Йигитнинг амакиси Анвар Шукуров жиянининг кўкси ва қорин соҳасидаги жароҳатлардан шубҳага бораётганини маълум қилди. Унинг айтишича, жияни 12 ноябр куни ҳоспиталдан туриб уйидагиларга алоқага чиққан ва яхши суҳбатлашган. Операция столига ётадиган ҳолатда бўлмаган.
Камолиддиннинг бобоси Қодир Шукуров ҳам операция ҳақида уларга хабар берилмаганидан норози бўляпти.
“Менинг армиямизда ҳеч қандай хусуматим йўқ. Бироқ енгилгина жарроҳлик амалиётида ҳам беморнинг яқинларидан сўралади, ёзма розилик хати олинади. Хўп, госпиталга олинганига икки-уч кун бўлибди, нега биз бу ҳақда билмадик? Биз билан учрашиб, тушунтириш берган ҳарбийларнинг изоҳидан қониқмадим. Ҳамма нарсани очиқлаб беришларини, савол қолдирмасликларини сўрайман”, – деди Камолиддиннинг бобоси.
Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, аскар 11 ноябр куни Термиз ҳарбий госпиталидан Тошкент шаҳридаги Марказий ҳарбий клиник ҳоспиталига кўчириб ўтказилган. Йигитнинг юрагида тромб борлиги аниқлангач, у операция қилинган. Операциядан кейин ҳам аҳволи оғирлигича қолиб, вафот этган.
Маълум бўлишича, аскарнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида дастлаб унинг онаси ва тоғасига хабар берилган. Йигитнинг ота томондан қариндошлари бу ҳақда у вафот этганидан сўнг хабардор бўлган. Ўз навбатида, йигитнинг онаси оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида ҳарбий қисмдагилардан норози эмаслигини билдирган. Фарзандини тинч қўйишларини, турли гумонларга бормасликларини сўраган.
17 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулаҳадов Сурхондарёда ҳарбий хизматни ўтаётган аскар ўлимига доир саволларга жавоб қайтарди. “Аскарнинг юрагидаги тромб тўсатдан ўлимни келтириб чиқариши мумкин эди”, деди у.
Абдулаҳадов марҳумнинг танасидаги жароҳатлар операция жараёни билан боғлиқ эканини айтиб, аскар тиғ уриш натижасида ўлгани ҳақидаги гумонларни рад этди.
“Марҳумнинг танасидаги тиғ излари масаласига тўхталсам, юракдаги жарроҳлик амалиётидан кейин дренажлаш бўлади. Кўкрак қафасини тешиб, қовурғалар орасига 4-5 та дренаж қўйилади. Марҳумнинг танасидаги кичик жароҳатлар, айримлар айтаётган тиғ излари ўша дренажлардан қолган.
У нимага қўйилади: агар ўша жойда қон кетиши кузатиладиган бўлса, биз буни назорат қилишимиз керак. Тўсатдан юз берадиган ўлим ҳолатлари ёки қон кетишининг бошқа асоратлари олдини олиш учун тезроқ бунга қарши чора кўришимиз лозим бўлади”, – деди у.
Матбуот анжуманида операция жараёнига марҳумнинг онаси ва тоғаси чақиртирилгани, уларнинг розилиги билан бу амалиётга қўл урилгани айтилди.
Kun.uz мухбири Камолиддин Қодировнинг операцияси амалга оширилган муассаса – “American Hospital” клиникаси масъуллари билан ҳам боғланди. Клиника масъуллари барча жараёнлар видеотасвирга олингани, агар зарурат туғилса, марҳумнинг яқинларига тушунтириш беришлари ёки тасвирларни кўрсатишларини маълум қилди.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
18:10 / 24.12.2024
Ўзбекистон армияси учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш ва уларга қарши курашишни машқ қилмоқда
19:45 / 19.12.2024
Литва армиясида Россия, Беларус ва Хитой фуқароларининг хизмат қилиши тақиқланди
23:41 / 03.12.2024
Европа Иттифоқининг яна бир давлати мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклаши мумкин
19:25 / 23.11.2024