Ўзбекистон | 18:51 / 30.11.2022
11427
3 дақиқада ўқилади

Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракка ўхшатди

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Twitter'да ёзган постида коррупцияга берилган одамларни суваракларга ўхшатди.

“Коррупционерлар суваракларга ўхшайди: улар овқат кўп ва камдан кам тозалаб туриладиган жойларда пайдо бўлади”, – деб ёзди Бурҳонов.

Агентлик директори ўз твитига суваракнинг расмини илова қилган.

Твитга қатор фойдаланувчилар жавоб ёзган:

“Тараканлар ёруғликдан қочишади – ҳамма нарсага чироқ ёқиш ва халққа очиқлашнинг ўзи етарли. Лекин...”

“Тараканлар қонунларни бузишини ким назорат қилиши керак?”

“Акмал Эшондедаевич сувараклар кимлигига ҳозирча аниқлик киритмади”.

Акмал Бурҳонов юқоридаги твитини кеча, 29 ноябр куни ёзган. Шу куни Аксилкоррупция агентлиги Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик” II бизнес-форумини ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йил июн ойида ташкил этилган эди. Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Идора президентга бўйсунади, Олий Мажлис палаталари олдида ҳисоб беради. Агентлик директори мақоми бўйича вазирга тенглаштирилган.

Агентликка қатор ваколатлар берилишини кўзда тутувчи “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2020 йил сентябрда эълон қилинган эди, лекин ҳалигача қабул қилингани йўқ.

Агентлик давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизимини йўлга қўйишга эриша олмаяпти. Президент қарорида ёзилган коррупционерлар реестрини юритиб бориш вазифаси ҳам бажарилмаяпти. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ҳам ҳали кўриб чиқишда, қонун Сенатга юборилган.

Шу билан бирга, агентлик ҳаммуаллифлигида ёзилган ва давлат хизматчиларига тадбиркорлик қилишни узил-кесил тақиқлаган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун шу ойдан кучга кирди.

Мавзуга оид