Ўзбекистон | 13:43 / 07.12.2022
27971
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 454 кишини чув туширган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Жиноий гуруҳ аъзоларининг 2 нафари 16 ёшли бола. Улар одамларнинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштирган.

Фото: ИИВ Киберхавфсизлик маркази

Навоийда Telegram’да ёлғон хабарларни тарқатиш орқали кўплаб фуқароларнинг пулини ўзлаштирган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.М. ариза билан мурожаат қилиб, Telegram мессенжерида номаълум шахс фейк хабар орқали унинг банк картаси бошқарувини қўлга киритган ҳолда 2 млн 780 минг сўм пулини ечиб олганлигини, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида жиноятни Хатирчи туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси билан судланган 16 ёшли А.А. ва унинг 2001 йилда туғилган акаси А.Ш. ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган Н.Б. ва унинг 16 ёшли ўғли Б.Д. содир этганлиги аниқланган.

Жиноий гуруҳ сохта ҳаволалардан фойдаланиб, Telegram мессенжеридаги гуруҳ ва каналларда ёлғон хабарларни тарқатган ва 454 нафар фуқаронинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштирган.

Жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид