Ўзбекистон | 17:50 / 07.12.2022
45645
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўлини бошқариш ҳуқуқини бой берди

Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўлини бошқариш ҳуқуқи "Ўзбекистон темирйўллари”дан Қозоғистоннинг Mansour Fatih компанияси ихтиёрига ўтди. Янги компания шу пайтгача 15 млн доллар тўлаб келинган хизмат кўрсатиш ишларини 4,1 млн доллар эвазига амалга оширади.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон томонидан қурилган ва хизмат кўрсатиб келинаётган Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўлини бошқариш ҳуқуқи Қозоғистоннинг Mansour Fatih компанияси ихтиёрига ўтади. Бу ҳақда Tolo News хабар бермоқда

Маълум қилинишича, Қозоғистон компанияси Афғонистоннинг 106 километрлик бутун темирйўл тизимини бошқариш ва хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган.

«Биз шу пайтгача «Сўғдиёна-Транс» ШК (“Ўзбекистон темирйўллари” АЖга қарашли) компаниясига 15 миллион доллар тўлаб келардик ва улар Ҳайратон портидаги 22 километр йўлга хизмат кўрсатарди. Янги компания эса 106 километр йўлга хизмат кўрсатади», — дея таъкидлаган Афғонистон темирйўллари бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтулраҳмон Шарафат.

Унинг қўшимча қилишича, Афғонистон томони янги компанияга йилига 4,1 миллион доллар тўлайди.

Mansour Fatih компанияси раҳбари ўринбосари Бисенбай Маҳанохнинг маълум қилишича, компания ушбу шартномани тендер орқали қўлга киритган.

Аввалроқ, Афғонистондаги нашрлар «Толибон» ҳукумати Ҳайратон — Мозори-Шариф темирйўли бошқарувини ўз қўлига олмоқчи экани ҳақида хабар тарқатганди. Хусусан, Афғонистон темирйўллари бошқармаси (АRА) мамлакат темирйўл вокзалларини қўшни давлатлар билан ишлатиш бўйича шартномалар Афғонистон манфаатларини ҳисобга олмасдан тузилгани, бу шартномаларни қайта кўриб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилганди. Аммо «Ўзбекистон темирйўллари» матбуот хизмати бу хабарларни рад этиб, Афғонистон томони ўзаро ҳамкорликдан мамнун эканлигини таъкидлаганди.

Маълумот учун, лойиҳа қиймати 129 млн доллар, узунлиги 75 км бўлган "Ҳайратон – Мозори-Шариф" темирйўли 2010 йилнинг ноябрь ойида қуриб битказилган. Уни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини 2011 йилнинг декабридан бери "Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамияти шуъба корхонаси "Сўғдиёна Транс" амалга ошириб келаётган эди. 

Мавзуга оид