Жаҳон | 20:01 / 14.12.2022
19755
4 дақиқада ўқилади

Энг нуфузли 100 аёл: “Форбс” бу йил рўйхатга кимларни киритди?

Ҳар йилги анъанага мувофиқ “Forbes” нашри 2022 йилги дунёнинг нуфузли 100 аёлини эълон қилди. Нашрга кўра, ҳозирда дунёнинг энг қудратли аёли – Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен. Рўйхатга ўлими сабаб Эронда намойишлар бошланиб кетган Маҳса Аминий ҳам киритилган.

“Форбс”нинг рўйхати 4 та жиҳатни ҳисобга олган ҳолда тузилган: бойлик, медиа, самарадорлик ва таъсир доираси.

Сиёсий лидерлар ўз мамлакатларининг ЯИМ ва аҳоли сонига қараб, корпоратив раҳбарлар эса ходимлар сони ва даромадига қараб рўйхатга киритилган.

Пандемия ва уруш давридаги етакчи

Европа комиссияси президентлигига 2019 йилда келган Урсула фон дер Ляйен оғир вазият – коронавирус пандемияси даврида, ҳозир эса Россия-Украина уруши даврида раҳбарлик қилмоқда.

Фото: Reuters

Урсула фон дер Ляйен йилига 300 миллиард доллар маблағни бошқаради, 450 миллион аҳолиси бўлган 27 та Европа давлати раҳбарлари билан консенсусга эришиш учун ишлайди.

Форбснинг ўтган йилги рўйхатида Еврокомиссия президенти саккизинчи ўринда бўлган. Бу йил унинг биринчиликка чиқишида нашр уруш вақти Украинани дадил қўллаб-қувватлагани ва пандемия давридаги фаолиятини ҳисобга олган.

Фон дер Ляйеннинг Украинага қўллови жуда тез амалга ошди. Путин Киев томон илк ракеталарни жўнатганидан бир ҳафта ўтгач Россия марказий банкидан пул ўтказмаларини бекор қилиш, Европа осмонини рус самолётлари учун ёпиш, Кремлга алоқадор ахборот агентликларини тақиқлашга ваъда берди. Апрелда Украинага бориб президент Зеленский билан кўришган Европанинг юқори рейтингли раҳбарларидан бири бўлди. Май ойида эса Урсула фон дер Ляйен Европа раҳбарларини Россиянинг қайта ишланмаган нефтига бутунлай тақиқ қўйишга чақирди. Гарчи ўша пайт бу таклиф танқидларга учраган бўлса-да, июнга келиб у Россиядан Евроиттифоққа нефт импортини 90 фоизга чеклайдиган тақиқни эълон қилишга муваффақ бўлди.

7 фарзанднинг онаси – Европа лидери

Фон дер Ляйен 7 фарзанднинг онаси, касби врач. У илк иш фаолиятини Германияда шифокор сифатида бошлаган. То 40 ёшга кирмагунча сиёсатга аралашмаган. Евроиттифоқ президентининг сиёсий карьераси маҳаллий идораларда ишлаш ва кейинроқ Германия оила ва ёшлар ишлари бўйича федерал вазир бўлиш билан бошланади. Айни шу пайти Фон дер Ляйен герман болалар тиббиёт тизимида сезиларли янгиликлар қила олади. 2013 йилдан 2019 йилгача эса Германиянинг илк аёл мудофаа вазири сифатида ишлайди. Айни пайтда эса у Евроиттифоқни бошқараётган биринчи аёл ҳамдир.

Урсула фон дер Ляйен оиласи билан. 2003 йил.

Маҳса Аминий ҳам рўйхатда

Рўйхатда охирги ўрин минглаб эронлик аёллар тимсоли сифатида Маҳса Аминийга берилган. У рўйхатга ҳуқуқлари учун курашган аёлларнинг вакили сифатида киритилган.

Фото: Reuters

Маҳса Аминий – Эроннинг Курдистон провинциясида яшовчи 22 яшар қиз. У сентябр ойида Ахлоқ полицияси томонидан нотўғри кийинганликда айбланиб қамоққа олинган. Маҳсанинг оиласидагилар ва ОАВга кўра, қиз полиция томонидан калтакланган ва шу сабаб комага тушиб вафот этган. Унинг ўлими сабаб Эронда бошланган намойишлар декабрга қадар давом этди ва мамлакат сиёсий тузумини ўзгартириш талабига айланиб кетди.

Маҳса Аминий сабаб бошланган намойишлар Эрон тарихига энг узоқ давом этган протест бўлиб кирди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари баҳолашича, бу намойишларда ҳозиргача 400 дан ортиқ киши вафот этган, 18 минг киши қамоққа олинган.

Топ бешлик

Рўйхатда кейинги ўринларни Европа Марказий банки раҳбари Кристин Лагард, АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис, General Motors компаниясининг илк аёл раҳбари Мэри Барра, АҚШлик тадбиркор аёл Эбигейл Жонсон эгаллаган.

Олдинги йилги рейтингда ким биринчи эди?

“Форбс”нинг нуфузли аёллар топ 100талигида ўтган йили биринчиликни Амазон асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Скот эгаллаган.

Бундан олдинги йилларда – 2011 йилдан то 2020 йилгача рейтингда биринчиликни Германия собиқ канцлери Ангела Меркель эгаллаб келган.

Бу йилги рейтингда марҳум Англия қироличаси Елизавета II ҳам йўқ, қиролича олдинги рейтингларга доимий киритиларди.

Мавзуга оид