Ўзбекистон | 22:55 / 19.12.2022
8851
2 дақиқада ўқилади

UzAirways'нинг 188 йўловчига мўлжалланган самолёти етиб келди

17 декабр куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси тўртинчи Airbus 321neo ҳаво кемасини қабул қилиб олди. Германиянинг Ҳамбург шаҳридан учган самолёт Тошкент аэропортининг маҳаллий терминалига келиб қўнди.

Фото: instagram.com/rrvaliev

Самолёт 188 йўловчини ташишга мўлжалланган ва у дастлаб маҳаллий авиақатновлар бўйича парвоз қилади. Самолётнинг максимал учиш вазни 97 тонна бўлиб, 6 850 км масофагача учиши мумкин.

Компаниянинг маълум қилишича, 2022 йилда Uzbekistan Airways ташилган йўловчилар сони ўз рекордини янгилаган. “Бу мақсадга авиапаркни янги A321neo LR ҳаво кемалари билан тўлдириш эвазига эришдик десак бўлади”, – дейилади Uzbekistan Airways ахборотида.

Uzbekistan Airwaysʼга кўра, авиакомпания янги йўналишларни очишни, Европа ва Осиё мамлакатларига аввалги йўналишларни қайта тиклашни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Airbus компаниясининг самолётларидан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланиб келади. Ноябр ойида Uzbekistan Airways ва Airbus ўртасида 700 млн евродан ортиқ қийматга шартнома имзоланган эди. Унга кўра, Airbus Ўзбекистонга жами 694,3 млн еврога 8 та Airbus A-320neo ва 4 ta Airbus A-321neo самолётлари, шунингдек, 21 млн еврога 2 та Airbus H145 вертолётларини етказиши керак. Муддатлар 2029–2030 йиллар деб белгиланган.

Turkish Airlines'нинг собиқ раҳбари Илкер Айжи Uzbekistan Airways'ни трансформация қилиш жараёнига консултант сифатида жалб этилган. 14 декабр куни у президент Шавкат Мирзиёев трансформация режасини тақдимот қилди.

Мавзуга оид