Украина: «Россияликлар интернатлардан болаларни фарзандликка олиш учун фаол равишда ўғирламоқда»
Россия кучлари Херсон вилоятининг Нова Каховка ва Олешек психиатрия шифохоналаридан беморларни аннексия қилинган Қримдаги Арабат ҳудудида жойлашган Стрелковое қишлоғига олиб кетишди, деб хабар берди Украина Миллий қаршилик маркази.
Унинг маълумотларига кўра, беморлар россияликлар тортиб олиб, психиатрик шифохонага айлантирган «Геолог» дам олиш марказида сақланмоқда.
«Ходимларнинг аксарияти Россия Федерациясидан олиб келинган, аммо беморларга ғамхўрлик қилишга рози бўлган маҳаллий аҳоли ҳам бор», дейилади хабарда.
Украина Миллий қаршилик маркази бундай ҳаракатлар мустақил қаршилик кўрсата олмайдиган одамларни ўғирлаш эканлигини, аслида улар гаровга олинганлигини таъкидлади.
«Россияликлар интернатлардан болаларни кейинги «фарзандликка олиш» учун ҳам фаол равишда ўғирламоқда. Бироқ, Халқаро жиноий суднинг Рим уставига кўра, болаларни бир этник гуруҳдан бошқасига мажбуран ўтказиш геноцид белгисидир. Болалар атайлаб Россиянинг чекка ҳудудларига олиб кетилган», - дея таъкидлади Миллий қаршилик маркази.
Бундан олдин Европарламент Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олганди. 15 декабрь куни парламентнинг 507 нафар депутати тегишли резолюция учун, 12 нафари эса қарши овоз берди.
Худди шундай қарор аллақачон бир қатор давлатлар томонидан қабул қилинган. 30 ноябрь куни Германия Бундестаги тегишли резолюция учун овоз берди. «Голодомор тоталитар тизимларнинг мизантропик жиноятлари рўйхатига киради, бунинг натижасида 20-асрнинг биринчи ярмида Европада миллионлаб одамлар ҳалок бўлди. Нафақат ғалла ҳудудлари, балки бутун Украина очликдан азият чекди. Бугунги кун нуқтайи назаридан, бу тарихий ва сиёсий режада геноцид сифатида белгиланиши керак», дея маълум қилди Берлин.
СССРда Иосиф Сталин ҳукмронлиги даврида амалга оширилган қишлоқ хўжалигини мажбурий коллективлаштириш натижасида 1932-33 йилларда мамлакатда оммавий очарчилик юзага келди, миллионлаб одамлар унинг қурбони бўлди. Украина нуқтайи назаридан, бу фалокат Совет Иттифоқи раҳбарияти томонидан атайлаб қўзғатилган.
Голодомор узоқ вақтдан бери Украина ва Россия ўртасидаги асосий баҳс мавзуси бўлиб келган. Москва Киевнинг йирик очарчилик қурбони фақат украиналиклар бўлган деган фикрини рад этиб, Марказий Осиё ва Россиядаги миллионлаб одамлар ҳам очарчиликдан жабр кўрганини даъво қилади.
Мавзуга оид
14:21 / 10.12.2024
Украина РФ ва эгаллаб олинган ҳудудлардан 5 нафар болани қайтарди
11:33 / 23.11.2024
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда
10:53 / 16.11.2024
Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган болалар ота-онасидан олиб қўйилиши мумкин
08:10 / 26.10.2024