Жаҳон | 14:24 / 26.12.2022
39095
18 дақиқада ўқилади

Сталиннинг ҳамтовоғи ёки миллионлаб инсонлар қалбидаги даҳшат – Лаврентий Берия

Тарихда ҳам, ҳозир ҳам зулм ва қўрқув асосида бошқарилган тузумлар жуда кўп. Бундай услубни эса шахслар яратади. СССР тарихида ҳам зиддиятли шахслар керагидан ортиқ. Аниқроғи, барча давлат раҳбарлари ҳам оқ ва қора бўёқларда тасвирланиб, чексиз баҳсларга сабаб бўлишган. Лаврентий Берия номи эса бирор жиҳатдан оқланиб эсланмайди. Чунки у кучишлатар тизимлар жиловини қўлга олиб, ўта шафқатсиз тизимни яратганди.

Бериянинг лавозимлари кўп эди. Биз фақат энг муҳимлари ва иттифоқ миқёсидагиларини санаб ўтамиз: 1941 йилдан бошлаб Халқ комиссарлари совети (НКВД) раиси ўринбосари, (1946 йилдан министрлар советига ўзгарган ва унинг раиси И.В.Сталин эди), 1953 йилда, Сталин ўлимидан сўнг СССР министрлар совети раиси Маленковнинг биринчи ўринбосари ва бу билан бир пайтда ички ишлар министри. 1941-1945 йилларда Давлат мудофаа қўмитаси аъзоси, қўмита раиси ўринбосари. Олий советнинг 1-3-чақириқлари депутати, КПСС марказий қўмитаси аъзоси, политбюрога номзод ва аъзо, Социалистик меҳнат қаҳрамони, Совет иттифоқи маршали...

Аммо буларнинг ҳаммаси унинг норасмий мақоми олдида ҳеч гап эмасди. Сталиннинг энг яқин тарафдорларидан бири бўлган Берия иттифоқнинг барча кучишлатар тузилмалари, қуролли кучлари, армия ва қуролланиш тизимини бошқарарди. Бугунги кун таъбири билан айтганда у Мудофаа, Ички ишлар, Миллий гвардия, ташқи ва ички разведка, КГБ каби қўлида қурол ушлаши мумкин бўлган барча соҳаларни ўз қўлига олганди. Сталин унга энг мураккаб вазифаларни топширар, у эса садоқат ва совуққонлик билан бажарарди. Иккинчи жаҳон уруши якунидан кейинги даврлардаги энг катта лойиҳа – СССР атом бомбаси ва ракета техникалари дастурининг тамал тошини ҳам айнан Лаврентий Берия қўйганди.

Болалик

Асл исм-шарифи Лавренти Павлес дзе Бериа бўлган қаҳрамонимиз 1899 йилда ҳозирги Грузиядаги Кутаиси губерниясидаги Мерхеули ҳудудида туғилган. Унинг онаси Марта Жакелининг эри эрта қазо қилади ва аёл ўғли ва икки қизи билан қолиб кетади. Иккинчи турмушини Павел Берия билан қурган аёл яна уч фарзанд кўради. Аммо бир ўғил икки ёшида вафот этади, қизалоқ касаллик туфайли кар ва гунг бўлиб қолади. Бу турмушдаги ягона соғлом бола Лаврентий ёшлигидан ана шундай оғир муҳитда ўсган бўлса-да, ўзининг кучли ақлий қобилиятини намоён этади. Буни пайқаган ота-она уйларининг ярмини сотиб, Сухуми билим юртида таҳсил олувчи ўғилларининг таълими учун сарфлашади.

Билим юртини тугатган Лаврентий Бокуга кетади ва механика-техника билим юртида ўқишини давом эттиради. 17 ёшида Нобелларнинг Бокудаги заводига ишга кирган Лаврентий онаси ва гунг синглисини ҳам ўз қарамоғига олади.

Берия партия хизматида

Ундаги инқилобий қарашлар айнан мана шу ёшда бошланган. 1916 йилда яширин марксистик тўгарак иштирокчиси бўлиб ёзилган Лаврентий тез орада унинг ғазначиси этиб тайинланади. 1917 йилдан бошлаб тўлақонли большевикка айланган Берия қатор жангларда қатнашади. Тез орада у контрразведка тизимига ишга ўтади ва 1919-1920 йилларда Қизил Армияни зарур маълумотлар билан таъминлаб туради. Қизиғи, айнан мана шу фаолияти унинг отувга ҳукм қилинишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Унинг партия пиллапояларида шитоб билан кўтарилиши Закавказье ҳудудида бошланган. 1931 йилда политбюро Берияни Закавказье крайкомига иккинчи секретарликка тавсия қилади. Бу лавозимда бир йилгина ишлаган Берия Грузия марказий комитети биринчи секретари этиб тайинланади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бу Грузия республикасининг энг катта амалдори дегани эди.

Унинг ҳаётидаги тарихий бурилиш 1934 йилда юз беради. Сталиннинг 55 йиллик юбилейига борган Берияга доҳийнинг назари тушади. 1935 йилда у ўзининг биринчи Ленин мукофотини олади.

Бериянинг халқ хўжалигини ривожлантиришдаги ютуқлари чиндан ҳам салмоқли эди. Айёр, қаттиққўл ва ақлли раҳбар сифатида у натижага эришиш йўлларини биларди. Унинг бошқаруви даврида Грузия бутуниттифоқ дам олиш зонасига айлантирилди ва барча амалдорларнинг Берияга иши туша бошлади. Грузин деҳқонлари етиштирган узум, чой, мандаринларга юқори қиймат белгиланди ва қишлоқ хўжалиги ходимлари иттифоқ доирасида энг яхши даромадга эга бўлдилар.

Қора кардинал мақомида

Берия 1937 йилдаги “Тозалаш” талотўпларидан усталик билан омон қолади. У Москва томонидан ҳудудларга терговга жўнатилади. Ана шундай терговлардан бирида у Арманистон биринчи секретари А.Г.Ханджянни ўз кабинетида совуққонлик билан отиб ташлагани ортидан тилга тушади. Ўша пайтларда судга қадар қатл қилиш оддий ҳол бўлса-да, ҳеч бўлмаса “учлик” (“Тройка”) қарори керак бўларди. Яъни шу соҳада ваколати бўлган уч шахснинг имзоси билан қатл қилиши мутлақо қонуний ҳисобланарди. Бериянинг бу қилмиши шов-шувларга сабаб бўлади, аммо у сувдан қуруқ чиқади ва аксинча, қатъияти билан обрўси ошиб кетади.

1938 йилда Берия СССР ички ишлар халқ комиссари Н.И.Ежовнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланади. Ежов фамилияси русларда кўп эсланади. Ниманидир қатъият билан чангаллаб олиш “держать в ежовых рукавицах” дейилади ва бу жумла айнан министр Ежовнинг номи билан боғлиқ.

Бу лавозимга тайинланган Берия орадан кўп ўтмай НКВД таркибида давлат хавфсизлиги бош бошқармаси (КГБнинг илк шакли) раҳбари этиб тайинланади ва энди унинг қўлида жуда катта ваколатлар жамланади. 1938 йилдан бошлаб Берияга биринчи рангдаги комиссар мақоми ҳам берилади.

Ички ишлар халқ комиссари

Берия қайси ишга ўтмасин, кўп ўтириб қолмас, ўзидан юқори лавозимдагиларга потенциал хавф туғдираверарди. Ўринбосарликда бир йил ҳам ишламаган Берия 1938 йилнинг ўзидаёқ НКВДга раҳбар бўлади. Қизиғи, унинг раҳбарлик даври жуда кўп халқлар бошига балолар ёғдирган “Катта террор” якунланишига тўғри келади ва қамоққа олишлар, отувлар нисбатан камайди.

Аммо Берия 1939 йилда СССР НКВДсининг № 001223 рақамли буйруғини чиқаради. Унга кўра “аксилсовет унсур”ларни аниқлаш кампанияси бошланиб кетади. Бу буйруқ билан ҳатто хориждаги қариндошлари билан хат ёзишганлар ҳам жазога тортила бошлайди.

1940 йилда Берия Лев Троцкийни йўқ қилиш операциясини ташкил қилади. Шу йилда у Катин ўрмонларида поляк офицерлари ва бошқа қатор инсонларнинг қатл қилинишига бош-қош бўлади.

Ўша йилларда Берия СССР ташқи разведкасини ҳам тўлиқлигича бошқарарди. АҚШ, Европа, Японияда кучли жосуслар тармоғи ташкил этилади. Бу даврда у нафақат кучишлатар тизимларни, балки ўрмон ва нефть хўжалигини, рангдор металлар саноатини, дарё флотини назорат қиларди.

Берия иккинчи жаҳон уруши даврида

Бу уруш бошланиш даврида Бериянинг ваколатларини англаб етиш учун бир фактни ўрганиш кифоя қилади. 1941 йилнинг июн ойида, яъни немислар СССРга ҳужум бошлаётганда Лаврентий Берия қатор дипломатлар орқали Германияга қандай шартлар асосида урушни тўхтатиш мумкинлиги ҳақида сўров юборади.

Урушда Берия мудофаа таъминотини бошқаради ва халқ хўжалигининг янги ва янги тармоқлари унга тобе бўлиб бораверади. Барча ҳарбий саноат, жумладан энг юқори технологиялар қўлланадиган ракета техникалари, самолётлар, миномётлар, моторлар ишлаб чиқариш, қизил армиянинг етакчи полкларини тузиш ва жойлаштириш айнан Бериянинг назоратида бўлади. Бундан ташқари Берия Ставканинг (Олий ҳарбий бошқарув, амалда Сталин) доимий маслаҳатчиси лавозимини ҳам эгаллаб турарди.

Уруш йилларида у жуда кўп унвон ва мукофотларга сазовор бўлади. “Социалистик меҳнат қаҳрамони” (1943), “Қизил байроқ” ва “Ленин” орденлари (1944, умумийси беш карра “Ленин” ордени), Совет иттифоқи маршали (1945) шулар жумласидандир.

Атом лойиҳаси

Кўпчиликда СССР атом лойиҳаси иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган, деган тушунча бор. Аслида иттифоқ раҳбарияти 1942 йилдаёқ № 2352сс рақамли буйруқ билан “Уран билан ишлашни ташкиллаштириш” дастурини ишга туширганди.

Шу йилнинг ўзидёқ Берия томонидан Сталинга атом имкониятларини ҳарбий мақсадларга йўналтириш ва бутун жараённи НКВД назоратига олиш тавсия этилган батафсил хат киритилади. Дастлаб уруш билан бўлиб бу лойиҳага етарлича эътибор қаратилмайди. Аммо иккинчи жаҳон уруши якунида АҚШнинг Японияга қарши атом бомбасини ишлатиши жаҳонда энди қайси қурол гегемонлик қилишини яққол кўрсатиб қўйганди.

СССР дарҳол ҳушёр тортади ва Сталин бу борадаги ишларни жадаллаштиришни буюради. Бу ўта муҳим йўналишнинг жилови ҳам Берияга топширилади. У нафақат энг етакчи олимлар ва катта ресурсларни бу ишга жалб қилади, балки ўта махфий ва кучли жосуслар тармоғини ташкил қилиб, АҚШ атом лойиҳасига оид маълумотларни қўлга кирита бошлайди. Сталиннинг қатъий иродаси, Бериянинг совуққонлиги ва совет олимларининг саъй-ҳаракати билан СССР ҳам 1949 йилдаёқ атом бомбасига эга бўлади. Берия бунинг ортидан биринчи даражали Сталин мукофотига лойиқ кўрилади.

Халқлар депортацияси ташкилотчиси

Берия бошқарувидаги НКВД амалда чексиз ваколатларга эга эди. Айнан Берия судсиз ҳукмга оид жиноятлар рўйхатини анча кенгайтириб юборади. Гарчи унинг бошқарувидаги дастлабки йилларда қамалишлар ва отувлар нисбатан камайган, кўпчилик оқланган бўлса-да, ўзгача фикрловчи ҳар қандай инсон ва ҳатто бутун миллат, элатлар оғир жазога тортилиши мумкин эди.

Урушнинг дастлабки йилларида СССР ҳудудида яшовчи минглаб немислар, венгрлар, поляклар, финнлар Германия билан алоқада гумонланиб сургун қилинди. Берия қорачой-черкасларга нисбатан айниқса шафқатсиз сиёсат юритган. Бу автоном республиканинг бутун халқи сургун қилиниш билан бирга ҳудуди Грузияга қўшиб юборилади.

Бундан ташқари қалмиқлар, болқорлар, месхети турклари, курдлар, қрим-татарлар, чеченлар, ингушлар ҳам аёвсиз сургунга учрайди. Ўша йиллари қисқа вақт ичида 100 минг чечен ва 23 минг ингуш миллатига мансуб инсон қирилиб кетгани қайд этилган. Гарчи бу буйруқларнинг барчаси Сталин имзоси остида чиқарилса-да, доҳийга маълумот олиб кириш ва керакли қарорларга имзо чектириш айнан Бериянинг назоратида эди.

Сталиннинг ўлими ва тахт учун кураш

1953 йилнинг 5 март куни Сталин вафот этади ва шу онданоқ ҳокимият учун зимдан кураш бошланиб кетади. Шу куннинг ўзида иттифоқнинг барча раҳбарлари йиғилишади ва давлат бошқаруви бўйича келишувга эришилади. Унга кўра, Берия Министрлар совети раиси ўринбосари ва ўзида МГБ (КГБ)ни жамлаган ички ишлар министри лавозимларига тайинланади.

1953 йилнинг 9 мартида Сталинни дафн этиш маросими бўлиб ўтади ва унда Берия Мавзолей трибунасидаги президиумда нутқ сўзлайди. Бу трибунага қараган инсон борки энди иттифоқни ким бошқариши тўғрисида ўйларди. Ундаги асосий уч фигура – Хрущёв, Маленков ва Бериянинг хаёлида ҳам шу савол бўлгани аниқ.

Берия дарҳол ишга киришади ва 10 куни ичида барча республикалардаги, шу жумладан Россия федерациясидаги қатор ички ишлар министрларини ўзига содиқ одамларга алмаштиради ва уларга қуйи поғоналарга ҳам ишончли одамларни қўйишни буюради.

У ҳар доимгидек ўз ваколатлари билан чекланиб қолмайди. Давлат бошқаруви, ташқи сиёсат, оғир саноат, мудофаа ва ҳудудлар чегараларини қайта кўриб чиқиш каби масалаларга ҳам фаол аралаша бошлайди. Унинг шошмашошарлик билан қабул қилган қарорлар кўпчиликда норозилик туғдирса-да, ҳеч ким очиқ қарши чиқа олмайди. Чунки унинг ихтиёрига яна тийиқсиз ҳокимият ўта бошлаганди.

Берия ҳеч ким билан ҳисоблашмасдан Кёнисберг (ҳозирги Калининград) ҳудудини Германияга, Куриль оролларини Японияга, Карелияни Финляндияга қайтаришни режалаштиради. ГДРни қўллаб-қувватлашни кескин қисқартиради. Иттифоқ аҳамиятидаги қатор йирик лойиҳаларни бутунлай тўхтатиб қўяди.

У таклиф қилган амнистия актига кўра, 1,2 млндан кўпроқ одам озод қилиниши, 400 мингдан кўпроқ ҳибсдагиларга нисбатан тергов тугатилиши лозим эди. Берия улар орқали тарафдорларини кенгайтириш, ўз рақибларига душманларни кўпайтиришни мўлжаллаганди. Чиндан ҳам миллиондан ортиқ одам озод қилинади. Аммо бу одамларнинг аксарияти айбсиз бўлиб, қамоқда ўтган оғир йиллари учун юқоридагиларнинг барчасини, Берияни эса бошқалардан кўпроқ айбдор билишарди.

Ташқи ва ички сиёсатга аралашуви ортидан у икки Германияни бирлаштириш, иттифоқ республикаларида миллий мақомларни кучайтириш, яъни русларнинг ваколатларини чеклаш ғояларини илгари суради. Назорат сусайган ГДРда катта исёнлар бошланиб кетади ва иттифоқ яна қўшин киритиб бостиришга мажбур бўлади. Республикалардаги элитар норозилик кайфияти эса марказни жиддий ташвишга сола бошлайди.

Ҳибс ва қатл

Ва ниҳоят 1953 йилнинг ёзига келиб, яъни амалда Сталин ўлимидан уч ой ўтмай Берия буткул назоратдан чиқиб кетаётгани аён бўлади ва қолганлар энди ё унга қарши бирлашиш, ё Бериянинг чангалига тушишдан ўзга йўл қолмаганини англаб етишади.

Аммо ўта жиддий муаммо бор эди – мавжуд тизимга кўра қўлида қурол тутган одам борки Берияга тобе бўлиб, ундан ҳамма қўрқар эди. Хрущёв бошчилигидаги Олий совет вакиллари таваккал қилишар экан, ўзлари Берия томонидан ҳибсга олинишлари ҳамда халқ ва тузум душмани сифатида жазога тортилишлари мумкинлигини англаб туришарди.

Шунинг учун унинг сафарга кетишини кутишади ва қайтишига мўлжаллаб йиғилиш чақирилади. Режага кўра президиум йиғилишида аввал кун тартибидаги масалалар бирма-бир кўриб чиқилади ва Берияга алоқадор мавзуга келганда ҳамма уни танқид қила бошлайди. Бу жараёнда айниқса Хрущёв фаоллик кўрсатади. Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, Никита Хрущёв ана шу жасорати билан нафақат Берияни йўқ қилишда жонбозлик кўрсатади, балки кейинчалик бошқа рақибларини ҳам бирма-бир ағдариб, яккаҳокимликка эришади.

Лаврентий Берия дастлаб ҳеч нарсани тушунмайди ва танқидларга жавоб беради. Аммо унга ҳар тарафдан гап билан ҳужум уюштирилаётганини кўриб барчага ўз ўрнини билдириб қўйиш учун у ҳам овозини кўтаради ва очиқ таҳдидларга ўтади.

Бу айни режага мос эди ва президиум раиси Маленков яширин тугмани босиш орқали сигнал беради. Қўшни хонада маршал Жуков бошлиқ жанговар генераллар кутиб туришарди. Жуковнинг бу ишга аралашуви ҳам бежиз эмасди. “Ғалаба Маршали” деб улуғланувчи Жуковнинг мавқейи жуда баланд эди ва ундан ташқари ҳеч ким юрак ютиб Берияга қарши чиқа олмаган.

Жуков ва сафдошлари қурол билан хонага кириб келгунларига қадар Берия вазият издан чиқаётгани ва жиддий фитнага учраганини англаб етади. У ўз тарафдорларига хабар етказиш учун оқ қоғозга “Тревога” деб ёзади, аммо бу қоғозни етказишга улгурмайди. Георгий Жуков шахсан ўзи келиб, унинг ҳибсга олинганини эълон қилади ва кишан солиб олиб чиқиб кетилишида бош-қош бўлади.

Лаврентий Берия Москва ҳарбий комендатураси ҳибсхонасида махфий ва қаттиқ қўриқланган ҳолда сақланади. Терговни СССР бош прокурори, Нюрнберг судида гитлерчиларни қоралаган Роман Руденконинг шахсан ўзи назоратга олади. Берияга жуда кўплаб айбловлар қўйилади, жумладан совет иттифоқига хиёнат, Германия билан тил бириктириш, бошқарув органлари орасига нифоқ солиш орқали Ленинча-Сталинча асосни парчалаш, миллий адоватлар қўзғатиш, ҳудудий яхлитликка рахна солиш, Британия фойдасига жосуслик, айбсиз инсонлар ўлими ва ҳатто совет раҳбарига хос бўлмаган ахлоқсизлик...

Сўнгги моддадан умумий кайфиятдан келиб чиқиб усталик билан фойдаланилган эди. Чунки Бериянинг аёллар билан тийиқсиз муносабатларига, жумладан ўқувчи қизни зўрлагани, бирга яшаб юрганига оид кўплаб миш-мишлар юрар, аммо ҳеч ким шу пайтгача юрак ютиб бу борада гапира олмаганди.

1953 йилнинг 23 декабрида Совет иттифоқи маршали И.С.Конев бошчилигидаги суд ҳайъати Лаврентий Берия ва унинг “Берия бандаси” номини олган 6 нафар сафдошларини олий жазо – отувга ҳукм қилади. Ҳукм шу куниёқ Руденко назоратида ижрога қаратилади. Берия сафдошларига нисбатан бир неча соат олдинроқ отиб ташланади. Жасадлар крематорийда куйдирилади. Уларнинг барча унвонлари бекор қилинади ва мол-мулклари давлат ҳисобига ўтказилади. Берия оиласи учун даҳшатлиси унинг онаси ҳануз тирик эди ва у ўғлининг қатлидан кейин ҳам икки йил яшайди.

Расмий маълумотлар шундай. Бироқ уларга ишонмайдиганлар ҳам талайгина. Тахминлардан бирига кўра, Лаврентий Берия ҳибсга олинган куниёқ отиб ташланган. Ёпиқ тарзда ўтказилган судлар эса шунчаки расмиятчилик бўлган. Чунки суд, қатл, кремацияга оид ҳужжатлар, суратлар сақланмаган эди. Бу тахминни илгари сурганлар Берияни тирик сақлаб туриш ўта хавфли бўлганини яна бир бор тасдиқлайдилар.

Кейинчалик, иттифоқ тарқалганидан сўнг, Россия олий суди Лаврентий Берия ва унинг сафдошларини реабилитация қилмайди. Берия ҳақли равишда ўша давр репрессиялари ва жиноятларида айбдорлигича қолди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид