Жаҳон | 13:09 / 13.01.2023
7070
4 дақиқада ўқилади

Марина Овсянникова Россия пропагандаси ҳақида китоб ёзди

Биринчи каналнинг собиқ ходими Марина Овсянникованинг «Яхшилик ва ёмонлик ўртасида. Қандай қилиб мен Кремль пропагандасига қарши чиқдим» китоби Германияда немис тилида нашр этиляпти.

Марина Овсянникова / Фото: AP

Биринчи каналнинг собиқ ходими Марина Овсянникова китоб ёзди. 14 март куни, унинг жонли эфирдаги норозилик акциясидан роппа-роса бир йил ўтиб, нашр Германиядаги китоб дўконлари пештахталарида немис тилида пайдо бўлади, деб хабар берди пайшанба куни dpa ахборот агентлиги Langen Müller Verlag нашриётига таяниб. Китобнинг номи - «Яхшилик ва ёмонлик ўртасида. Қандай қилиб мен Кремль пропагандасига қарши чиқдим» («Zwischen Gut und Böse. Wie ich mich endlich der Kreml-Propaganda entgegenstellte»). Унинг электрон версияси аллақачон немис нашриётининг веб-сайтида мавжуд, нархи - 22 евро.

Ноширлар китоб тавсифида таъкидлаганидек, ўтган йили Россияни тарк этганидан сўнг, «Марина Овсянникова Россия давлат телевидениесида ўзининг урушга қарши плакати билан томошабинларга уларни телевизорда алдашаётгани ва Путин Украинага қарши шафқатсиз уруш олиб бораётганини айтиб, мисли кўрилмаган жанжал келтириб чиқарди». Баъзилар уни Британия жосуси, бошқалари эса "ФСБ" агенти деб ўйлашяпти. Энди Марина ўз ҳикоясини айтиб беради».

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 14 март куни кечқурун Биринчи канал ходими, муҳаррир Марина Овсянникова жонли эфирга плакат билан кириб борган, унда шундай ёзилган эди: «No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Улар ёлғон гапиришяпти Russians against war». Ўша пайтда «Время» кўрсатуви бошловчиси Екатерина Андреева Ғарб санкцияларига қарши туриш ҳақидаги сюжетнинг кириш қисмини ўқиётган бўлган. Бундан ташқари, эфирга чиқишдан олдин Овсянникова видеомурожаат ёзиб, «Россия биродаркушлик урушини зудлик билан тўхтатиши керак»лигини маълум қилди ҳамда россияликларни урушга қарши митингларга чиқишга чақирди.

«Биз 2014 йилда, буларнинг барчаси энди бошланаётганда, Кремль Навалнийни заҳарлаганида митингларга чиқмадик, биз бу аксилинсоний режимни индамай кузатиб ўтирдик. Ҳозир эса бутун дунё биздан юз ўгирган», - дея қўшимча қилган у.

Марина Овсянникова қўлга олинди, унга маъмурий жарима солинди. Ёзда «Путин - қотил, унинг аскарлари - фашистлар. 352 бола ҳалок бўлди. Сиз тўхташингиз учун яна қанча болалар ўлиши керак?» деган плакат ёзилган бир кишилик пикет туфайли Россия армиясига оид «фейклар» бўйича журналистга нисбатан иш очилган эди. Суд унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини тайинлади.

Октябрь ойида Овсянникованинг собиқ турмуш ўртоғи у 11 ёшли қизи билан бирга уй қамоғидан қочиб кетганини маълум қилди. Россия Ички ишлар вазирлиги журналистни қидирувга берди. Журналист адвокатининг айтишича, у Европага кетган ва «Европа давлатларидан бири ҳимоясида». Басманний суди Овсянникованинг оналик ҳуқуқларини чеклаб, унга собиқ эрига икки фарзандини боқиш учун ойлик пул тўлаш мажбуриятини юклади. Ўтган йил октябрь ойида Марина Овсянникова Москванинг Басманний суди томонидан тергов талабига биноан сиртдан ҳибсга олинган эди.

Ўтган йилнинг май ойида Биринчи канал собиқ ходими ижодий норозилик учун Вацлав Гавел мукофотини олди. «Россия бу урушда имкон қадар тезроқ мағлуб бўлиши керак. Нур зулмат устидан ғалаба қозониши керак», - деди Овсянникова тақдирлаш маросимидаги нутқида. Биринчи каналнинг собиқ муҳаррири ўшанда мукофот пул қисмини украиналик қочқинларга ёрдам учун беришини маълум қилган эди.

Мавзуга оид