Ўзбекистон | 09:49 / 15.01.2023
19820
10 дақиқада ўқилади

Бугунги қарор эртага мос келмайди — ҳафта дайжести

Таътил узайиши ҳақида вазирнинг буйруғи чиққанига, “қўл” бошқарувидан воз кечамиз деб маъмурий ислоҳот қилинганига саноқли кунлар бўлди ҳамки, кичик битта масала катта хаосни яратди. Шаҳарларни ўзгартиришни аҳоли фикри билан ҳисоблашиш шарт деган қонун чиққанидан кўп ўтмай, Бухоронинг маркази кутилмаганда бузиладиган бўлди. Якунланаётган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистонда, биздан кейинги авлодларимиз учун қор ноёб ҳодисага айланади, деган хавотирлар асоссизга ўхшаяпти. Эсингизда бўлса, аввалги йиллардаги илиқ ва қорсиз қишлардан кейин шунақа тахминлар айтила бошлаган, шаҳарда яшовчилар қиш учун қалин этиклар олмай ҳам қўйганди. Душанба куни кўплаб ҳудудларда ёғган қор нафақат қалинлиги билан, балки мана ҳафта охиригача ҳам эримай тургани билан ноодатий ҳодиса бўлди.

Лекин қалин қор ёғгани билан, қорбўрон ўйнаганларни жуда кам кўрдик. Аниқроғи, аномал совуқ бунга йўл қўймади. Қорнинг ҳафта охиригача эримай тургани ҳам ана шу изғирин билан боғлиқ. Водий вилоятларида тунги ҳарорат -15 даражагача тушган бўлса, бошқа ҳудудларда термометр кўрсаткичи -20 даражадан пастга тушди. Гулистонда -27, Навоийда -29, Шаҳрисабзда -30 даражагача совуқ кузатилди. Бир нечта дарёлар юзаси музлаб қолди.

Тошкент аҳолиси эса охирги 50 йилликдаги энг совуқ январни бошдан кечиряпти. 13 январ тонгида “Ўзгидромет”нинг шаҳардаги станциялари -19,8 даражани кўрсатди. Синоптикларнинг айтишича, пойтахтдаги рекорд қаҳратон 1930 йил декабрда, -29,5 даража бўлган. Тошкентда ва умуман Ўзбекистон ҳудудида охирги марта бунақа қаттиқ қиш 2006 ва 2008 йилларда бўлган.

Ҳафта давомида транспорт тизимига оид янгиликлар оқими хориж хабарларини эслатиб юборди. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ўндан ортиқ халқаро авиарейслар кечиктирилди, бир қатор маҳаллий парвозлар бекор қилинди. Тошкент ва Бухоро ўртасида “Афросиёб” поезди қатнови 3 кунга тўхтатилди. Қозоғистонда совуқ туфайли йўлда қолиб кетган автобуслардан юздан ортиқ ўзбекистонлик эвакуация қилиниши ортидан, халқаро йўналишлардаги барча автобус қатновлари бекор қилинди. 12 январ куни Юнусободда 17 та машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди

Қаттиқ совуқ энергетикадаги узилишларни кўпайтирди. Кўплаб ҳудудларда газ босими пасайиб кетди ёки умуман ўчиб қолди. Республика бўйича автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ёпилди, йирик саноат корхоналарига газ ва электр узатиш тўхтатилди, барча ҳудудларда кўча ёритиш чироқларининг бир қисми ўчирилди.

Шунга қарамай, ҳатто Тошкентда ҳам узлуксиз бир неча суткагача (!) электр ва газ узилишлари кузатилди. Айниқса Чилонзор, Учтепа, Олмазор, Юнусобод ва ҳатто Мирзо Улуғбек туманларида таъминот ёмонлиги одамларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Газ танқислиги сабаб иситиш марказлари аҳоли уйларига етарлича иссиқлик узата олмади. Юқори босимли газ қувури ёрилиши оқибатида Тошкент вилоятининг Бекобод, Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғон туманларидаги нақ 55 та маҳалла бир муддат газдан узилиб қолди.

Бу воқеалар фонида 12 ноябрдан бошлаб Туркманистондан газ импорти тўхтаб қолди. Аввалига туркман томони Россиянинг босими билан Ўзбекистонга газ экспортини тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса, кейинроқ бу ноқулай об-ҳаво туфайли юзага келган техник сабабларга боғлиқлиги айтилди. Шу билан бирга, ОАВда Россия Ўзбекистонга газ узатиш эвазига Ўзбекистоннинг газ-транспорт тармоғи эгалигини “Газпром”га ўтказишни сўрагани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди.

Бир қатор касб вакилларининг қаҳратон совуқ кунлари очиқ ҳавода олиб бораётган фаолияти эътирофга лойиқ. Ҳудудларда энергетиклар, йўлсозлар, алоқачилар, сув таъминоти, коммунал соҳа ва ободонлаштириш ходимлари, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари имкон қадар изғирин оқибатларини юмшатишга ҳаракат қилишди. Ана шу касб эгалари ва эҳтиёжманд аҳоли учун Тошкентдаги 52та тўйхонада 12-16 январ кунлари бепул ош тарқатиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда топшириқ берган Жаҳонгир Ортиқхўжаев барча мутасаддилардан “икки кун туриб бериш”ни сўради.

“Бутун фабрика ва заводлар, эгаси ким бўлишидан, қандай одам бўлишидан қатъи назар электрдан ҳам, газдан ҳам узишга мажбурмиз. Шаҳардаги махсус кўчадан ташқари барча кўчаларда ёриткичларни ўчиришга мажбурмиз.

[…] Биз давлатга бугун керакмиз. Агар биз буни қила олмасак, халқ [кўз ўнгида] бир тийинга ярамас ҳокимлар, бир тийинга ярамас сектор раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари бўламиз”, деди шаҳар ҳокими.

Тошкент ҳокими назарда тутган икки кун ҳақиқатан ҳам совуқ ҳарорат энг юқори нуқтасига чиққан кунлар бўлди. “Ўзгидромет”га кўра, 13 январга ўтар кечаси совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудида энг юқори нуқтасига етди ва шу кундан бошлаб унинг таъсири сусая бошлади. Якшанба кунидан бошлаб ҳарорат секин-аста илишни бошлади, лекин ҳали кўплаб ҳудудларда кундузги ҳарорат плюсга чиқиши учун тахминан бир ҳафта вақт керак. Қор кўчиши хавфи сабаб тоғли ҳудудларга бормаслик тавсия этиляпти.

Таътил бўйича хаос

Ҳафтанинг биринчи рақамли сўзи – “аномал”, лекин бу сўз фақат об-ҳавога нисбатан ишлатилгани йўқ. Қишки таътилни қачон тугатиш бўйича бир қарорга келолмаган ўзбек амалдорлари ва уларнинг қарорларига нисбатан ҳам “аномал” сифати ишлатилди.

Аввалги ҳафта дайжестимизда айтганимиздек, қаттиқ совуқ сабаб ҳамма бўғиндаги таълим масканларида қишки таътил 17 январгача узайтирилган эди. Лекин 10 январ куни тушдан кейин кутилмаганда ҳаммаси ўзгариб кетди. Аксарият ҳудудларнинг ҳокимлари 11 январга саноқли соатлар, ҳатто дақиқалар қолганида “эртага дарсга” деб эълон қилди. Тошкент вилояти ҳокимлиги мактабларда 3-чорак 11 январ куни бошланиши ҳақида 11 январ куни соат 10:00да маълум қилди.

11 январда ижтимоий тармоқлар бўм-бўш синфхоналардан олинган истеҳзоли видеоларга тўлди. Айрим синфларга саноқли бола йиғилди, уларга ҳам номига дарс ўтгандек бўлиб, тезда уйга жавоб бериб юборилди. Кузатувларимизга кўра, биринчи куни фарзандини мактабга юборган ота-оналарнинг кўпи мактабнинг яхши исимаслиги ва боланинг бунақа совуқда кўчада юриши хавфли эканидан келиб чиқиб, эртасига фарзандини мактабга юбормаган, натижада 12 январ куни давомат яна ҳам тушиб кетган. Охир-оқибат Тошкент шаҳри ва бир нечта вилоятлар таътилни барибир кейинги ҳафтага, 18 январгача узайтиришга қарор қилди. Олий таълим тизимига эса ҳар қанақа тартибсизликни қоғозда силлиқлаб юборадиган “масофавий таълим” деган чора қўл келди.

Бунақа шошма-шошарлик ота-оналар ва фаолларнинг жиддий танқидларига олиб келди. Таълимга масъул иккала вазирлик таътилни узайтириш ваколати ҳокимларга ўтказилганини эълон қилиб, ундан бошқа ҳеч қанақа изоҳ бера олмади. Ундан юқоридаги ҳукумат ҳам, президент администрацияси ҳам бу хаосга жим қараб тургани бу икки бўғин ўртасида юмшоқ қилиб айтганда “тушунмовчилик” бўлгани ҳақидаги миш-мишларни юзага келтирди.

Эътиборлиси, бунақа даражадаги пала-партишлик “қўл бошқаруви”дан воз кечилиб, вазирларнинг мустақиллиги ошади деб эълон қилинган маъмурий ислоҳотлар фонида рўй берди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бухоро шаҳри маркази бузилиб, туристик мажмуа қурилади. Ҳукумат бу сафар ҳам маҳаллий аҳолининг фикри билан қизиқиб ўтирмасдан, ёпиқ эшиклар ортида қарор қабул қилган. Лойиҳани ким бажариши ҳам аниқ – “Enter Engineering”. Шаҳар марказидаги 33 гектар ер ҳеч қанақа тендерсиз шу компанияга бериляпти. Туристик мажмуа учун яқинда таъмирдан чиқарилган Бухоро марказий стадиони бузилиши, жами 29 та бино-иншоот кўчирилиши кутиляпти. Бир гуруҳ бухороликлар туппа-тузук стадионни бузмасликни сўраб, президентга мурожаат билан чиқди.

Тошкент кўчаларида паркоматлар ташкил этиш тендерсиз битта компанияга берилди. Шаҳар марказидаги ўнта кўча бўйича пулли тўхташ жойини ташкил этиш учун “Kasy Park” МЧЖ танлаб олинди. Лойиҳа қиймати – салкам 10 млрд сўм. Иқтисодчилар ўнта кўчани битта компанияга бериб юборишни “тентаклик” деб атаяпти. Бу дегани кўз ўнгимизда янги монополия туғилаётган бўлиши мумкин.

Ашаддий монополистлардан бўлмиш UzAuto Motors эса автомобиллари нархини оширмоқчи. Компания бу сафар ҳам нарх оширишидан олдин сотувни тўхтатиб, интернетда пиар материаллар тарқатяпти. Миш-мишларга қараганда, машиналар нархи биратўла 30 фоизга ошиши мумкин. Буни оқлаш учун компания божхона имтиёзларидан воз кечишга тайёрлиги айтиляпти. Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors ҳамма қатори бож тўлашни бошласа ҳам, бу унинг монополист мавқесига таъсир қилмайди.

Ўзбекистондаги биринчи электромобил заводи Жиззахда бўлади. Президент селекторида шу йилнинг 1 сентябригача муҳлат белгиланди. Топшириққа кўра, шу санагача хусусий инвесторни жалб қилган ҳолда, Жиззахда электромобил ишлаб чиқариш бошланиши керак. Давлат раҳбари бу селекторда жами 6 млрд сўмлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

Тошкент иқтисодий суди “Quramax” компаниясининг лицензиясини бекор қилди. “Амбронол” ва ўнлаб болаларнинг ўлимига алоқадор “Док-1 Макс” дориларини Ўзбекистонга шу компания олиб кирган. Ҳиндистонда эса бу препаратларни ишлаб чиқарган Marion Biotech'нинг лицензияси тўхтатилди. Шу ҳафта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дорилари бўйича халқаро огоҳлантириш эълон қилди.

Ўзбекистоннинг Ислом Каримовдан аввалги раҳбари Рафиқ Нишонов 97 ёшида вафот этди. Нишонов 1988-1989 йилларда Ўзбекистон коммунистик партиясининг раҳбари бўлган. У 1989 йилдан бери Москвада яшаб келаётганди. Ўтган йили туғилган кунида Путин томонидан Невский ордени билан тақдирланган эди.

Мавзуга оид