Жамият | 00:15 / 18.01.2023
23513
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт марказида талон-торожликлар аниқланди

Раҳбарият 245 млн сўмни талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишларга йўл қўйилди, деб хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Хусусан, мазкур тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан «E.M.S» корхонасидан 245,2 млн сўмга 2021 йилда Германияда ишлаб чиқарилган «Эскулап» жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган. 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобварақ-фактурага кўра, ушбу жарроҳлик ускуналари тиббиёт марказига етказилгани расмийлаштирилган.

Бироқ, ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида йўқлиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски, 1994 йилда Россияда ишлаб чиқарилган жарроҳлик ускуналари ўрнатилгани ва улар яроқсиз ҳолатда экани аниқланган.

Тиббиёт марказининг масъул шифокори ва ходимлари ўз раҳбариятига ушбу тиббий ускуналар талабга жавоб бермаслиги тўғрисида билдиришнома билан мурожаат қилган бўлишига қарамай, раҳбарият томонидан ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид