Кўчаларга музларни эритиш учун сепилаётган қум-туз қоришмаси нимаси билан хавфли?
Кўчалардаги муз-қорларни эритиш ва сирпанчиқликни камайтиришда қум-туздан иборат қоришмалардан фойдаланилмоқда. Бу аралашмалар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилиб, автоуловлар шина ёки темир қисмларининг емирилишини тезлаштириши мумкин, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Бу борада мутахассислар нима дейди?
Тузлар дарахт ва гулларни қуритиши мумкин
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасининг Kun.uzʼга маълум қилишича, йўллардаги музларни эритиш ва силлиқланишни камайтириш учун пойтахт кўчаларига 12 минг тонна қум-туз аралашмалари сепилган (18 январь кунги ҳолат). Миробод тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғофурхўжа Жонхўжаевга кўра, тумандаги йўлларни эритиш учун 400 тонна қум, 250 тонна туз сепиб чиқилган. Яна тахминан 200 тонна аралашма тайёрланмоқда.
“Ҳозир Нукус кўчасида жойлашган яшил майдон ва ариқларни тозалаймиз. Бу ариқлардаги қорни кўчириб чиқариб олмасак, йўлдан оқиб келган сув яшил майдонга тушади. Бу эриган сувда жуда ҳам кўп туз бор. Шу туз яшил майдон, дарахтлар ва гуллар қуришига олиб келади. Шунинг учун кечки сменада ҳам ишлаяпмиз. Ҳозир асосан сув кетадиган латокларни очиб олишимиз керак”, – деган у.
Автомашиналар учун хавотирли эмас
Бу аралашмаларнинг таъсири ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқовнинг маълум қилишича, бутун пойтахт ҳудуди учун 12 минг тонна қоришманинг табиатга зарари сезилмайди. Қолаверса, бу аралашма таркибидаги туз миқдори умумий қоришманинг 9-10 фоизини ташкил қилади. Бу хавотирли рақамлар эмас.
“Тўғри, қор кўп ёғадиган шимолий давлатларнинг йўлларида қум ва тузли кимёвий аралашмаларнинг кўп сепилиши автоуловлар темир қисмларининг занглашини тезлаштириши, шиналар ва ҳатто пойабзалларнинг ҳам тезроқ "ейилиб" кетишига сабаб бўлиши мумкин. Бизнинг иқлимда эса, ҳатто бу йилги қиш шароитида кўчаларга ишлов берилаётган қум-тузли қоришмалар стандартлар асосида тайёрланади ва уларнинг атроф-муҳит, инсон саломатлигига салбий таъсири мутлақо йўқ”, - дейди у.
Аллергия қўзғайдими?
Қум-тузли қоришмалар кўчаларни муздан тозалашда самарали восита бўлиши мумкин. Лекин қишдан кейин эрта баҳорда қум тузи чанг бўронларини келтириб чиқариши, баъзи ҳолларда одамлар ва ҳайвонларда аллергияга олиб келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Шерзод Мухторов, аллерголог-иммунолог:
— Кўчаларда сепилаётган қум-тузли аралашмалар бу йил эрта баҳорда бошланадиган аллергик хуружларга, албатта, одатдагидан кўра кўпроқ ўз таъсирини ўтказади. Уйғониш мавсумида 1 квадрат сантиметрдаги дарахт гулларида ўртача 600-700 чанг доначалари бўлса, қишдан сўнг кўтариладиган чанглар эвазига бу миқдор янада ошиши мумкин. Бу эса ўз навбатида аллергия қўзғовчи аллергенларнинг ҳам кўпайишига сабаб бўлиб, аллергик ринит, аллергик конюктивит, аллергик бронхит ва бронхиал астма касалликларини қўзғаши ёки келтириб чиқариши мумкин.
Шифокор бундай ҳолларда аллергиянинг олдини олиш учун баҳор олдидан АСИТ муолажасини олиш, қўл, бурун, юз ва кўзларни кунига 4-5 марта илиқ сувда чайиб туриш, кўчаларга чиққанда пахтали ниқоблар, кўзойнак тақиш, витаминларга бой бўлган мевалар истеъмол қилиш, аллергия қўзғатувчи таомлардан тийилиш, шифокор тавсиялари билан тозаловчи, даволовчи, пуркагич ҳамда томчили дори воситаларидан фойдаланишни маслаҳат беради.
Сардорбек Усмоний, журналист
Мавзуга оид
01:46 / 07.12.2024
ЖССТ номаълум касаллик сабабларини аниқлаш учун Конгога ўз мутахассисларини юборади
21:20 / 06.12.2024
“20 миллионлик касал новвосни қассоб 500 мингга сотиб олди”: Риштонда қорамоллар касалликдан нобуд бўляпти
19:45 / 03.12.2024
Конгода номаълум касаллик туфайли 140 дан ортиқ инсон вафот этди — Reuters
17:03 / 29.11.2024