Жаҳон | 18:40 / 22.01.2023
31814
11 дақиқада ўқилади

Афсонавий ўтмиш учун уруш: СССРнинг маромига етмаган тарихи Украинага қарши урушга асос бўлмоқда

Фото: Getty Images

«Халқаро мемориал» бошқаруви аъзоси, тарихчи Ирина Шчербакова ўтган йил охирида, Россия ҳуқуқбонлик жамияти Нобел мукофотини олганда Европанинг бир қатор депутатлари ва амалдорлари билан учрашган. У Европарламентда Путин даврида тарихни қайта англаш ва архивларни махфийлик грифидан озод қилиш ишлари бас қилингани, совет мифи ўрнида янги тажовузкор мафкура вужудга келганини сўзлаб берган.

Қуйида Ирина Шчербакованинг чиқишларидан парчалар келтирилади.

Муқобилсиз империализм

Бугун биз абсурд тарихий нуқтада бўлиб турибмиз, бунда Россия ҳокимияти босқинчилик урушини нафақат «буюк» геосиёсий ўтмиш билан хаспўшламоқда, аҳолига ҳам шу империалистик ўтмишдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини мудом сингдирмоқда. Ўтмишни тасвирлаш учун Путин ўз мақолалари ва чиқишларида «тарих» деб атовчи фантастик тўплардан фойдаланилмоқда. Бу тўплам энг ёлғон ва энг заҳарли тарихий мифлар, айниган файласуфларнинг иқтибослари, фитна назариялари ва ҳоказолардан иборат.

Таассуфки, бу псевдотарихий мифлар Россия аҳолисига ўз таъсирини ўтказмоқда, Украинага қарши урушни маъқуллаш ва оқлашга хизмат қилмоқда.

Кўпинча Россия совет даврига қайтмоқда, деган гапларни эшитиб қоламиз — гарчи бугун «совет даври» фақат айрим нарсалардагина намоён бўлмоқда ва кўпроқ совет даврига пародиядек туюлмоқда. Аслида, бунда «маромига етказилмаган» тарих билан боғлиқ анчайин чуқур жараёнлар рол ўйнамоқда.

Архив инқилоби

1980-йиллар охирида, «Мемориал» тузилганида коммунистик ўтмиш рефлексидан қутула олинмаган, ундан тўлиқ воз кечилмаган эди. Бу йилларнинг муҳим шиори жамиятга сиёсий қатағонлар борасидаги ҳақиқатларни очиш талаби, ниҳоят, қурбонларга ёдгорликлар ўрнатишдан иборат эди. Натижада жамоатчилик саъй-ҳаракати ва «Мемориал»нинг аралашуви билан 90-йиллар бошида давлатнинг қатағон қурбонларига муносабатини ойдинлаштирувчи, махфийлаштирилган улкан ҳужжатлар тўпламига йўл очувчи иккита муҳим қонун қабул қилинди. Ўшанда бу етарлича баҳоланмаган тарих устида иш олиб бориш бўйича изчил жараённинг дастлабки қадамлари эканлигига ишонилган эди.

Дастлаб «Сиёсий қатағонлар қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида»ги қонун (1991 йил октябри) қабул қилинган ва у 1917 йилдан буён қатағонларга дучор қилинганларга нисбатан адолатни тиклай бошлади. Иккинчи муҳим қадам Борис Елцин 1992 йил 23 июнида имзоланган «Оммавий қатағонлар ва инсон ҳуқуқларига дахл қилиш учун асос бўлган қонунчилик ва бошқа ҳужжатлардан чекловчи грифларни олиб ташлаш тўғрисида»ги фармон бўлди. Бунда 1917 йилдан 1991 йилгача советлар бошқарувининг ҳужжатлари махфийлик грифидан озод қилинди.

Қабул қилинган ушбу ҳужжатлар шарофати билан 1990-йилларда кейинчалик «архив инқилоби» (ёки «оқ доғлар»ни ёпиш) деб аталувчи жараён бошлаб юборилди. Интенсив тадқиқот ишлари туфайли 1997 йилга келиб статистика аниқ-тиниқ бўй кўрсата бошлади, бу қатағонлар миқёсини аниқлаштириш имконини берди — 12 миллионга яқин қурбон. Террор механизми ҳам очиб берилган ва у аввалдан совет ҳукуматининг энг муҳим қуролига айлангани маълум бўлган.

90-йиллар бошида энг хунук совет ёдгорликлари бузиб ташланган, айрим шаҳар ва кўчалар қайта номланган. Мактаб ва олийгоҳларнинг тарихга оид фанлари ўзгартирилган. Россияда илк бор тарих ўқитувчисига бир нечта дарсликдан танлаб олиш имконияти берилган.

Янги қаҳрли кунлар

90-йиллар ўрталарига келиб совет ўтмишини маромига етказиш музлатилаётгани, ишлар изчил олиб борилмаётгани аён бўлди. Кейинги қадамлар ўтмиш билан тамомила хайрлашиш, барчаси Ленин жасадини мавзолейдан олиб чиқиб кўмиш билан якунланиши кутилаётгандек эди. Лекин бу содир бўлмади.  

Аксинча, қайта номлашлар бас қилинди. Россия шаҳарларининг марказий кўча ва майдонлари ҳамон Ленин номида, унинг Россиядаги 7 мингдан зиёд ҳайкалларидан 6 минги ҳамон ўз жойида турибди.

Асосий сабаб қилиб коммунистик электоратнинг норозилик билдиришидан қўрқув кўрсатилди, чунки улар 1993 йил октябридан бошлаб Елцин учун асосий таҳдид бўлган.

90-йиллар ўрталарига келиб, жамиятни ўтмиш соғинчи қамраб ола бошлади. 90-йиллар бошида бу соғинчнинг асосий вектори инқилобгача бўлган фаровон Россия ҳақидаги миф эди. Октябр инқилобигача бўлган Россияни «халқлар қамоқхонаси», самодержавие (мустабид ҳокимият) ва реакция макони дея тасвирлаган совет мифидан фарқли ўлароқ, Чор Россиясини энг чиройли бўёқларда тасвирловчи мифлар пайдо бўлган эди.

1995 йилга келиб инқилобгача бўлган Россия соғинчини ҳали жонли ва кучли бўлган совет ўтмиши соғинчи сиқиб чиқара бошлагани ойдинлашди. Демократик ўзгаришлардан ихлос қайтиши, иқтисодий қийинчиликлар бу соғинчни тўйинтира бошлади, 60–80-йиллардаги советча ҳаётни чиройли рангларда тасвирлай бошлашди.

Энди СССРнинг парчаланишини энг катта жароҳат сифатида тақдим этиш бошланди. Бир вақтнинг ўзида тарих ва адабиётнинг, умуман ҳуманитар фанларнинг обрўси ва қиймати пасая борди. Бу фонда бир неча йил аввал — қайта қуриш даврида мутлақо имконсиз дея саналган нарса секин-аста рўй бера бошлади: россияликларнинг тарихий тафаккурида яна Сталин сиймоси бўй кўрсатди.

Сталинни қайта тирилтириш

2000-йиллар бошида Путин ҳокимият тепасига келиши билан тарихий сиёсатда маънавий релятивизм пайдо бўлди. Шундай тезис кўпроқ янграй бошлади: тарих йўқ, фақат тарихчилар бор; шак-шубҳасиз фактлар йўқ, унинг вазиятга кўра талқини бор.

Улуғ Ватан уруши ҳақидаги тарих ревизия қилина бошланди, ундан яна барча оқ доғлар ўчирила бошланди. Сохта ва силлиқ тарих нафақат реал ва фожиали уруш ҳақидаги тарихни сиқиб чиқарди, қайтага янги тажовузкор милитаризмнинг манбаси ва оқловига дўна бошлади. Тинчлик борасидаги илтижолар ўрнини тажовузкор шиор — «буни такрорлашимиз мумкин» эгаллади.

Энди бош қадрият сифатида кучли авторитар ҳукумат эълон қилингач, автоматик равишда, худди носқовоқдан чиққан шайтондек бу ҳокимиятнинг энг ёрқин тимсоли Сталин очиқ-ойдин ва агрессив кўринишда пайдо бўлди ва у энди жамоатчилик тафаккурида оммавий қатағонлар ташкилотчиси эмас, буюк ғалаба бунёдкори сифатида ўрин эгаллай бошлади. «Мемориал» бундай тарихий сиёсат қандай оқибатлар олиб келиши борасида бир неча бор чиқиш қилишга мажбур бўлди.

Секин-аста пайдо бўлган вазиятни ижтимоий сўровлар ҳам қайд эта борди, унда сўралганлар Сталин даврида оммавий қатағонлар рўй берганини таъкидлашганига қарамасдан, худди ўша респондентлар уни «давлат жиноятчиси» сифатида тан олишга мутлақо тайёр эмасди. Сўнгги ўн йил ичида Сталин тимсол сифатида янада пашшахўрда бўла бошлади — у реклама баннерларидан, метро вагонлари деворларидан, китоб дўконлари пештахтасидан назар ташлай бошлади: китоб дўконлари уни оқловчи ва унинг сохта тарихий макулатурасини кўкларга кўтарувчи китоблар билан тўлдирилди. Россия бўйлаб ва пойтахт Москвада унга ўнлаб ҳайкаллар ўрнатила бошланди.

Уруш тилида

2022 йилнинг 24 февралида содир бўлган ҳодиса — Путин Украинага қарши кенг қамровли уруш бошлашини олдиндан кўра билиш мумкинмиди? Сигналлар мутлақо аниқ эди. Улар аввало шунда бўй кўрсатдики, 2014 йилдан сўнг тарихий сиёсат ҳақида гапириш ноўрин эди — бу реал тарихга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган тарихий пропаганда эди. Бу йўлда тарихий параллеллар ва таққосларни тақиқловчи тарихга доир деб аталувчи қонунлар қабул қилинди, улар ҳукумат нақтайи назарига кўра ёрқин ўтмиш салобатига рахна солувчи барча нарсани тақиқлади. Шу йўлда дарсликлар ва дастурлар қайта ёзилди, геосиёсат бўйича ватанпарварлик дарслари ва семинарлар жорий қилинди.

Бу пропаганда Майданда содир бўлган воқеаларни Ғарбнинг Россияга қарши фитнаси дея таништирди. Шундан сўнг аҳолига Украинада ҳокимият тепасига «фашистлар», «бандерачилар», миллатчилар ва антисемитлар келди, деган фикрни сингдириш бошланди. Шундай қилиб, ҳукумат миллий тафаккурнинг энг оғриқли нуқталарига мурожаат қилиб, Иккинчи жаҳон уруши тилида сўзлай бошлади. Бугун буларнинг барчаси кундек равшан, улар Путиннинг ҳар бир чиқишида такрорланмоқда. Путин сўзлаётган рус ва украинларнинг тарихий бирлиги тўғрисидаги гаплари билан Киев ва Харкив устига ёғдирилаётган бомбалар ўртасида тўғридан тўғри сабаб-оқибат боғланиши бор.

Мафкура сифатида путинизм тадқиқотчилари учун муҳим масала нега у тинимсиз ўтмишга қараётганлигида. Бу уни «Мемориал» тадқиқ қилган коммунистик диктатурадан фарқлайди. Бу диктатура, худди нацистларники сингари, ўтмишга қараган эди, бироқ бу ишни мифик келажак ва мифик «янги» инсонни қуриш учун қилганди. Путинизмнинг ўзига хос жиҳати — фақат ўтмиш билан ўралашиб қолганидир. Унда ҳеч қандай келажак проекцияси йўқ, Путин мафкурачиларининг хаёлида келажак — шунчаки тарихга қайтиш, Украинага бостириб кириш эса — ўтмиш учун жанг, реконструкторлар томонидан яратилган ўтмиш учун урушдир. Қрим ва Донбассни эгаллашда ёрдам берган телба полковник Стрелков-Гиркин бекорга бу тарихий реконструкторлардан бири ҳисобланмайди. Фақат муляжлар ўрнига улар ҳақиқий қурол-яроғдан фойдаланиб, ҳақиқий қонларни тўкишмоқда.

Халқаро «Мемориал» айнан шу сабабли уруш бошланишидан икки ой аввал ёпиб ташланди, чунки ташкилот Путин ҳокимияти учун хавфга айланди. «Мемориал»нинг ўтмиш билан ишлашидан мурод янги, демократик келажак йўлида хулоса чиқариш учун эди. Бу РФ Олий суди мажлисида Халқаро Мемориалнинг ёпилиши учун асос эканлиги РФ Бош прокуратураси вакили томонидан очиқ айтилди.

2021 йилнинг кузида Ғарбнинг кўплаб нашрларида фотосурат чоп этилди: Москвадаги «Мемориал» эшиги полиция кишани билан қулфлаб қўйилган эди. У Путин Россиясида тарихга муносабатнинг ўзига хос рамзига айланди.

Полиция шу куни «Мемориал»да полшалик режиссёр Ҳолланднинг Украинадаги очарчиликка бағишланган филми намойиш этилаётганда эшикларга кишан урган. Филм намойиши «Фашистлар! Хоинлар! Россиядан йўқол!» дея бақириб кириб келган босқинчилар туфайли узилган. Воқеа жойига етиб келган полиция босқинчиларни қўйиб юбориб, «Мемориал» ходимларига таҳдид қилишган. Эҳтимол айнан шу эпизод келгусидаги тарих китобларида путинизмни тасвирловчи мисоллардан бири бўлади. 

Мавзуга оид