Ўзбекистон | 18:45 / 25.02.2023
34797
2 дақиқада ўқилади

Тўрткўлда экин майдонлари ва уйларни сув босди

Каналдан сизиб чиққан сув уйларга ва экин майдонларига зарар етказди. 

Фото: karakalpakstan.uz

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани, Калта минор овулида уйларни, экин майдонларини сув босди.

Ҳодиса 24 феврал куни тунда содир бўлган. Овулдан оқиб ўтувчи каналда сув кўпайиши сабаб ер ўпирилгани, сув тошқини оқибатида 7-8 та хонадон зарар кўргани, уй ҳайвонлари жабр кўргани айтилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши хабарига кўра, шу кунларда ернинг шўрини ювиш тадбирлари ўтказилмоқда. Аммо айрим жойларда сувдан меъёридан ортиқ фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.

«24 феврал куни соат 3-4 лар атрофида Тўрткўл туманидаги «Калтаминор-1» хўжаликлараро каналининг 192-пикетида сув тошиши оқибатида уйлар ва бинолар зарарланган. Вазиятни яхшилаш мақсадида ишчи кучлари ва махсус техника сафарбар қилиниб, эрталаб соат 7:00 да каналдан сув тошган жой бутунлай ёпилган», дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, сув тошиши оқибатида 8 та хонадон ва 2,5 гектар экин майдони зарар кўрган.

Қайд қилинишича, туман ирригация бўлими балансидаги «Калтаминор-1» канали лойиҳа бўйича 18 метр куб/секунд сув ўтказиш хусусиятига эга бўлиб, ўша куни каналга 13 метр куб/секунд сув очилган. Бу каналга меъёрдан ортиқ сув очилмаганини англатади. Канал қирғоғида кемирувчилар уй қургани сабабли, уларнинг уяси орқали сув ёриб чиққани ҳам тахмин қилинмоқда.

Мазкур нохуш ҳолат юз беришида сув хўжалиги ходимларининг эътиборсизлиги ёки турли сув истеъмолчилари (деҳқон, томорқа ер эгалари) томонидан белгиланган меъёр ва қоидаларга риоя қилмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиш ҳолатлари аниқланган.

Ушбу нохуш ҳолат масъул шахслар томонидан ўрганиб чиқилиши таъкидланган.

Мавзуга оид