Ўзбекистон | 10:20 / 05.03.2023
28060
14 дақиқада ўқилади

Блинкеннинг ташрифи, сариқ жилет ҳангомаси ва чириган олмалар — ҳафта дайжести

Битта компанияга 350 та мактаб, ўқувчиларга эса чириган олмами? Ўқитувчи ва шифокорларга тааллуқли янги қонунлар амалда қанчалик ишлайди? АҚШ ҳукуматидаги биринчи рақамли вазир Тошкентга нега келди? Якунланаётган ҳафта воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Шунчаки узр сўраттириш бу жазо эмаслигини, давлат ишлари узрбозликка эмас, қатъий қонунларга асосланишини тушунган кунимиз ривожланиш томон катта қадам ташлаган бўламиз.

Ёдингизда бўлса, декабр ойида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл ва Беруний туманларида мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига тошдай қаттиқ пряник тарқатган корхона раҳбари узр сўраш билан қутулган эди. Яъни биргина узр билан масала ёпилиб кетган, масъуллардан ҳеч ким боланинг тишини синдирадиган даражадаги қаттиқ егулик учун бюджетдан пул тўланганига қизиқиб ўтирмаганди.

Оқибатда нима бўлди? Тайинли жазо бўлмаганидан кейин, бунақа ҳолатлар давом этяпти. Қорақалпоғистон парламенти томонидан Кегейли туманида ўтказилган ўрганишларда маълум бўлишича, тумандаги қатор мактабларда болаларга сифатсиз маҳсулотлар ва чириган олма берилган. Бундан ташқари, егуликларнинг миқдори ҳам кам бўлган, айрим мактабларда маҳсулотлар сифатини текшириб олувчи комиссия тузилмаган.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси бу борадаги ўрганиш ишларини бутун республикада ўтказиши, масъулиятсиз мактаб директорлари жазоланишини маълум қилди. Лекин Kun.uz суриштируви гап фақат директорларда эмаслигини кўрсатяпти. Гап шундаки, Қорақалпоғистондаги 716 та мактабдан салкам 350 тасига егулик етказиб бериш ҳуқуқи битта корхонага бериб юборилган. Натижада егуликлар совуткичли махсус машиналарда ташилиши керак деган талаб бажарилмаган. Аниқроқ айтганда, қонунчиликдаги бу талабнинг бажарилмаслиги аввалбошдаёқ маълум бўлган. Кегейлидаги сифатсиз маҳсулотлар тарқатилган мактаблар таъминоти ҳам “Tabassum Nukus” номли айнан шу корхонага топширилган. Яъни чириган олма бошқа туманлардаги мактабларга ҳам тарқатилган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, яна юздан ортиқ мактабда ўқувчиларни профессионал кейтеринг компанияси эмас, қурувчи компания овқатлантиряпти. Бундай дейишимизга сабаб, тендерларнинг яна бир йирик ғолиби бўлмиш “Alliance Aral-S” фирмасининг асосий фаолият йўналиши – озиқ-овқат эмас, турар жой биноларини қуриш.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига бюджет ҳисобидан егулик бериш ўтган йили бошланди. Ҳужжатларда “соғлом овқат” деб аталган нарса “сухой паёк” бўлиб чиққани кўпчиликни ажаблантирган эди. Бу йил сентябрдан бошлаб бундай тартиб Ўзбекистондаги ҳамма мактабларда йўлга қўйилади, бунинг учун бюджетдан 200 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилади. Буни эса ҳамма ҳам қўллаб-қувватлаётгани йўқ.

Ташаббус тарафдорларининг фикрича, болаларнинг мактабда енгил нонушта ёки тушлик қилиб олиши фойдадан холи эмас; фақатгина жараён тўғри ташкил қилиниши керак, токи болаларнинг ҳақи амалдорларнинг ошқозонига бориб тушмасин. Танқидчилар эса бюджет пулини қаерга сарфлаш бўйича приоритетларни тўғри белгилашга чақиряпти. Масалан, Хоразм ва Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 419 тасида буфет ҳам, ошхона ҳам йўқ. Ҳатто чой дамлаш ва ўша берилаётган олмаларни ювиш учун ҳам шароит етарли эмас. Нормал ҳожатхона ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Тошкентда мактабларга ички ишлар ходимлари бириктирилди

Болалар мавзусини давом эттирамиз. Шу ҳафта Тошкентдаги ҳамма мактабларга ички ишлар ходимлари бириктирилди. Улар эрталаб соат 7:00да мактабга келиб, кун давомида мактаб ва унинг атрофидаги кўчаларда патруллик қилади. Болалар мактабдан қайтадиган пайтда айниқса одам кам юрадиган кўчалар алоҳида назорат остида бўлади.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг мактаблардаги вакиллари – вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар синфларнинг Telegram'даги гуруҳларига қўшилди.

Шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, охирги пайтларда пойтахтда болаларнинг ўғирлаб кетилиши ҳақида фейк хабарлар кўп тарқалаётгани сабабли шундай қарорга келинган. Патруллик хизмати болаларнинг хавфсизлигини таъминлаши, ота-оналар ҳар қанақа шубҳали хабарлар бўйича инспектор-психологларга мурожаат қила олиши айтиляпти.

Масъулларга кўра, охирги 2 ой ичида болаларни ўғирлашга уриниш ҳақида 6та хабар келиб тушган, лекин уларнинг ҳаммаси фейк бўлиб чиққан. Умуман, расмийларнинг айтишича, Тошкентда охирги 5 йилда бола ўғирланиши бўйича бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.

Ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилиш – жиноят

Ўзбекистонда ўқитувчиларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларни қилишга мажбурлаш расман жиноят деб эълон қилиняпти. Ҳозиргача бу маъмурий ҳуқуқбузарлик эди. Шу ҳафта Сенат маъқуллаган қонунга кўра, қайсидир амалдор маъмурий жазо олганидан кейин ҳам тап тортмасдан, ўқитувчиларга такроран бегона ишларни буюрса, иккинчи сафар жиноий жавобгарликка тортилади.

Жазо – ҳозирги кундаги базавий ҳисоблаш миқдорида 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, педагог ходимнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун маъмурий жарима миқдори 2 баробарга ошириляпти.

Расмийларнинг айтишича, бу қонун педагогларни бўлар-бўлмас тадбирларга ноқонуний жалб қилиш, ҳар хил ишчи гуруҳлар таркибига қўшиш, улардан турли ҳисобот ва маълумотларни талаб қилавериш каби муаммоларга ечим бўлиши керак. Лекин шуниси эътиборлики, буни айтаётган сенаторлар аввалроқ киритилган моддалар амалиётда ишлаяптими-йўқми, бу ҳақда гапиришмади. Юқорида айтганимиздек, ўқитувчилар ишига аралашишни тақиқловчи норма маъмурий кодексда бунгача ҳам бор эди, лекин бу модда асосида нечта амалдорга нечта жарима ёзилган – номаълум. Шуниси аниқки, бу рақамлар ҳақиқий ҳаётдаги мажбурлашлар сонидан каррасига кам.

Сенатнинг 2 март кунги мажлисида тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам янги қонун маъқулланди. Унга кўра, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш маъмурий жавобгарлик кодексига киритилади. Жарима миқдори фуқароларга 1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача бўлади. Тиббий фаолиятга тўсқинлик қилган мансабдорлар эса 2,1 млн сўмдан 3 млн сўмгача жаримага тортилиши ёки 15 суткагача қамалиши мумкин.

Тиббиёт ходимларига тўсқинлик учун жазо киритилиши ҳақида анчадан бери айтиб келинади. Лекин узоқ кутилган бу қонун ҳам амалиётда ниманидир ўзгартиришига ишониш қийин. Чунки беморнинг жаҳл устидаги қариндошини 1,5 млн сўм жарима билан қўрқитиб бўлмайди. Албатта, жисмоний куч ишлатилган тақдирда бошқа моддалар ҳам қўшилади. Лекин муаммонинг сабабларига қараб айтиш мумкинки, тиббиётнинг сифати, тиббиёт ходимларининг обрўйи ва маоши кўтарилмас экан, уларга қарши тажовузлар давом этаверади.

Бу борадаги охирги ҳолат шу ҳафта рўй берди. Тошкентнинг Сергели туманида беморнинг таниши тез ёрдам фелдшерига таҳдид қилган. Уни ҳимоя қилмоқчи бўлган тез ёрдам ҳайдовчиси эса калтак тагида қолиб, бош мияси чайқалган, бурни синган. Муштумзўр эркак устидан жиноят иши очилди.

Сариқ жилет ҳангомаси ва тезлик пасайиши

Тротуарда кетаётган пиёдалар ҳам сариқ рангли жилет кийишига тўғри келиши ҳақидаги хабар ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси бўлди. Давлат ахборот агентлиги ички ишлар тизимидаги расмий мулозимнинг сўзларига асосланиб тарқатган хабар тез орада рад этилди. Маълум бўлишича, гап фақат тарғибот ҳақида кетяпти.

Қисқа қилиб айтганда, қоронғида кўчага пиёда чиқиб кетяпсанми, жонингдан умидинг бўлса, сариқ жилет кийиб ол. Йўлларнинг ҳолати, ёритилмаслиги ва автоҳалокатларнинг кўплиги шароитида бу албатта фойдадан холи эмас.

Хайриятки, автоҳалокатларни камайтириш йўлида узоқ кутилган чоралардан бири шу ҳафта қабул қилинди. Тасдиқланган 2022 йилги давлат дастурига биноан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказида максимал тезлик 70 км/соатдан 60 га тушириладиган бўлди. Бу янгилик 1 апрелдан кучга кириши керак. Эслатиб ўтамиз, дастур лойиҳасида тезликни барча аҳоли пунктларида 60 га тушириш таклиф қилинганди. Бу таклиф инобатга олинмади, нега инобатга олинмагани бўйича ҳам ҳозирча бирор изоҳ берилмади.

Энергетика хабарлари

Аи-80 маркали бензиннинг акциз солиғидан озод қилиниши йил охиригача узайтирилди. Натижада 1 мартдан кейин ҳам бензин нархи ўзгаришсиз қолди. Эслатиб ўтамиз, бу имтиёз қишда, энергия инқирози сабаб газ шохобчалари узоқ вақт ёпиқ бўлганида бензин нархини тушириш учун вақтинча жорий этилган эди. Эндиликда Аи-80 учун нол фоизлик акциз солиғи 31 декабргача амал қилади.

1 мартдан, шунингдек, Россиядан газ импорти ҳам бошланмади. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, томонлар йўл харитасида кўрсатилган муддат ичида аниқ келишувга эриша олмаган. Бу борада қўшимча ўрганиш ишлари кетяпти.

Охирги бир ой ичидаги, яъни Россия билан газ масаласида йўл харитаси имзоланганидан кейинги янгиликларга қарасак, ҳукумат рус газига эмас, қуёш энергиясига кўпроқ умид боғлаяпти. Душанба куни Шавкат Мирзиёев бу борадаги ишлар қанақа кетаётгани бўйича йиғилиш ўтказди. Унда айтилишича, ҳозир қурилаётган қуёш электр станциялари ишга туширилгач, хонадонларга бериладиган электр энергияси миқдори 1,5 баробарга кўпаяди. Эслатиб ўтамиз, бу ҳақда президент парламентга мурожаатида ҳам айтиб ўтганди. Катта станциялардан ташқари, тадбиркорларнинг биноларига, ижтимоий соҳа объектларига ва аҳоли уйларига жами 1,7 GW қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши ҳам режа қилиняпти.

Блинкен – Тошкентда

Ҳафтанинг асосий сиёсий воқеаси – АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг ташрифи бўлди. У аввалига Остонада Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари билан учрашди, эртасига Тошкентга келиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ташрифдан асосий мақсад – Қозоғистон ва Ўзбекистонни Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бермасликка чақиришдир. Бундан ташқари, расман Американинг тўртинчи даражадаги одами ҳисобланувчи Блинкен ўз ташрифи орқали АҚШ Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Блинкен Остонада ҳам, Тошкентда ҳам матбуот анжуманлари ўтказди. Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари Россияга қарши санкциялардан кўрган йўқотишлари учун АҚШдан компенсация олади. 25 млн долларлик компенсация минтақамизда савдони диверсификация қилиш ва иш ўринлари яратишга сарфланиши айтилди.

Американинг бош дипломати агар Россия Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилса, АҚШ қанақа ёрдам беради, деган саволга аниқ жавоб бермади. Давлат котиби ўз жавобида Америка Марказий Осиё мамлакатларига хавфсизликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий фаровонликка эришиш учун ёрдам бераётганини айтди. Блинкен Украинанинг Россия босқинига қаршилик қила олаётганига сабаблардан бири сифатида украин халқининг эркинлигини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ҳам Украина каби инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминласа, айниқса сўз эркинлигини ҳимоя қилса, эҳтимолий босқин рўй берган тақдирда бунинг самараси албатта кўринади.

“Россия бу ерда ва дунёнинг бошқа қисмларида жуда кучли пропаганда ва дезинформация тизимини яратган. Эркин, мустақил, очиқ оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш бунга энг яхши жавоб бўлади”,деди Блинкен Тошкентдаги матбуот анжуманида.

Энтони Блинкен Тошкентга ташрифи вақтида маҳаллий оммавий ахборот воситалари орасидан Kun.uz'га эксклюзив интервю берди. Интервюни инглиз ва ўзбек тилларида YouTube каналимизда томоша қилинг.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Сирдарё тумани ҳокими ўқувчи қизларга нон ёпишни ўргатиш ташаббуси билан чиқиб, танқидга қолди. У одамлар уйида нон ёпмайдиган бўлиб кетгани, натижада далада ғўзапоя қолиб кетаётганини айтди. Танқидчиларнинг фикри эса тушунарли: одамлар ўз уйида нон ёпиши – камбағалликнинг белгиларидан бири. Ривожланган жамиятда ҳамма ўз ишини қилади. Ўзи учун нон ёпиш, ўзи учун кийим тикиш ва ҳоказолар фаровон жамиятлар учун бегона. Инсоният меҳнат тақсимоти қанчалик фойдали эканини ибтидоий даврлардаёқ тушуниб бўлган.

Янгиланган Malibu XL автомобилининг нархи эълон қилинди. Бироз ошган нархлар375 млн сўмдан 419 млн сўмгача. Damas, Cobalt ва Gentra учун эса салкам уч ойдан бери шартнома берилмаяпти. UzAuto Motors қаторасига тўртинчи йил айнан март ойида нархларни оширишга тайёрланяпти.

Диний қўшиқ учун 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов озодликка чиқарилди. 21 ёшли йигит 3 йил олдин Telegram орқали синфдошига нашида юборгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Пайшанба куни апелляция суди ҳукмни шартли жазога ўзгартириб, 2 йил синов муддати билан озодликка чиқарди. Озодликка чиққан Сардор уни қўллаган ҳаммага раҳмат айтиб, IT билан шуғулланишда давом этишини билдирди.

Тошкент марказида, собиқ МХХ биносининг ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қуриладиган бўлди. Бинони 2 йил олдин собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли компания хусусийлаштириб олганди. Шу компания отел қуриш бўйича Radisson меҳмонхоналар гуруҳи билан келишув тузган. Шуниси эътиборлики, ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги қурилишларни бошлашга вақтинча мораторий киритилишини эълон қилганди.

Сайтимизда ҳафтанинг энг кўп ўқилган хабарларидан бири – Тўра Боболовнинг янги лавозими маълум бўлди. Сурхондарёнинг собиқ ҳокими Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бундан ташқари Ўзбекистон-Озарбойжон ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси деган лавозимни ҳам эгаллади. Эслатиб ўтамиз, Боболов бир қатор можаролардан кейин, декабр ойида ҳокимликдан олинганди.

Мавзуга оид