Ўзбекистон | 16:38 / 13.03.2023
12042
3 дақиқада ўқилади

“Маҳаллий амалдорлар энди ўқитувчини текин хизматкорга айлантиролмайди” – депутат

Янги таҳрирдаги конституцияга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилмоқда. Унда давлат ўқитувчиларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйиляпти. 

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Янги таҳрирдаги конституцияда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш, бойитишнинг асоси сифатида эътироф этиляпти. Конституцияга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётганини жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган қадам, дея баҳолаш мумкин. Чунки таълим сифатининг орқага кетиши ўқитувчининг меҳнати қадрсиз бўлгани билан бевосита боғлиқ. 

Яқин йилларгача ижтимоий соҳа вакиллари, хусусан ўқитувчиларнинг обрўси ва мавқейи сезиларли даражада паст эди. Ойлик маошлари, иш шароитлари ҳаминқадар бўлганининг устига улар турли қўшимча юмушларга жалб этиларди. Ўқитувчининг бундай шароитда ишлаши унинг сифатли таълим беришига таъсир қиларди.

Вазиятни ўнглаш учун сўнгги йилларда қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Биринчи навбатда ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан, хусусан, пахта терими ва ободонлаштириш ишларидан халос қилинди.Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди. Мактабларда синф раҳбарлар ва фан ўқитувчилари 18 та жадвал ҳисобот ҳамдаҳужжатларни тўлдирарди. Бунинг оқибатида уларнинг ўқувчиларга таълим беришга вақт етмасди. Эндиликда қонунчиликда белгиланган 6та иш ҳужжатидан бошқа ҳисобот ва тақвимлар юритилиши қатъиян ман қилинди.Қоғозбозликдан озод қилиш, ҳисоботларниқўлда ёзиш, ҳар бир дарс бўйича ҳар йили қайта-қайта кўчириладиган дарс режаларини қайта ёзишга чек қўйиш учун “Kundalik” электрон таълим платформаси жорий қилинди.

Энг асосийси, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари муттасил ошириб борилмоқда. Умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ой қўшимча 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўланади. Ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитларини бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилди.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва болалар кутубхоналари ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилди.

Мазкур норма давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилади. Республикада фаолият юритаётган 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчининг давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга олиб келади.

Ўқитувчиларнинг аксарияти бюджетдан маош оладиган инсонлар. Уларни маҳаллий амалдорлар яна текин хизматкорга айлантириб қўймаслиги учун ҳам ушбу норма жуда муҳим. Конституция орқали уларнинг мақоми оширилиши ўқитувчиларга бўлган эҳтиромни ва ушбу касбнинг қанчалик қадрли эканини кўрсатади.

Ғайрат Абдиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мавзуга оид