Путиннинг халқаро қидирувга берилиши. Асосий саволларга жавоблар
Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу қидирув Россия ва унинг президенти учун нимани англатади? Путин чиндан ҳам қамалиши мумкинми? Шулар ҳақида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикр юритади.
17 март куни Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди. У ва Россия болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Белова Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан украиналик болаларни оммавий тарзда ўғирлаш ва Россияга ноқонуний нарзда, ота-оналари розилигисиз олиб кетишда гумонланмоқда.
Бу қидирув Россия учун, унинг президенти учун нимани англатади? Путин чиндан ҳам қамалиши мумкинми? Халқаро жиноят суди мажбуриятларини тан олган давлатлар Путинни Ҳаага трибуналига ушлаб берадими? Бу саволларга жавобни икки қисмга бўлиш мумкин: ҳуқуқий ва сиёсий.
Ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам бир қанча зиддиятлар пайдо бўлади. Аввало, дунё давлатлари раҳбарлари – президентлар, бош вазирлар ва подшоҳларнинг шахсий иммунитети – дахлсизлик ҳуқуқи бўлади. Яъни улар исталган пайтда исталган ерда қамоққа олиниши, таъқиб қилиниши мумкин эмас. Хўш, ХЖС ордери Путиннинг президентлик иммунитетига таъсир қиладими?
Халқаро ҳуқуққа кўра, Ҳаага трибунали ҳукмлари давлат раҳбарларининг иммунитетини тан олмайди. Агар давлат раҳбарларидан кимдир ХЖС томонидан жиноятда гумон қилинса, суд ўша шахснинг иммунитети тугашини кутиб ўтирмайди. Агар реал имконият пайдо бўлса, гумонланаётган давлат арбобини қамоққа олаверади.
Россия Ҳаага трибунали юрисдикциясини, яъни ваколатларини тан олмаса, унинг ҳукмлари кучга эга бўладими?
Россия Ҳаага трибунали юрисдикциясини тан олмаслиги Путинга нисбатан ордер кучини йўқотмайди. Чунки, айбловчи томон Украина, жиноят қилинган жой – Украина, шунинг учун бу айблов Россия учун катта ҳуқуқий муаммо бўлиб қолади.
Қолаверса, бу ўринда, халқаро муносабатларда ҳам зиддиятлар пайдо бўлади. Мисол учун, Ҳаага трибунали олдида тўлиқ мажбурият олган бирор давлат ўзаро алоқаларда Путиннинг ҳам иммунитетини тан олишга мажбур. Бу ҳолатда нима қилиш мумкин? Айтайлик, қўшни Тожикистон, у ХЖС олдида мажбуриятлар олган ва Путиннинг иммунитетини ҳам тан олишга мажбур. Агар Россия президенти Тожикистонга келиб қолса, расмий Душанбе нима қилиши керак?
Бу масалани Тожикистон ҳукумати ўзи ҳал қилади. Агар истаса, Путинни ушлаб бериши мумкин. Лекин бунинг эҳтимоли кам. ХЖС олдида мажбуриятлар олган ҳар қандай давлат ядровий қудратга эга давлат президентини ушлаб беришдан олдин унинг реал оқибатларини ҳисобга олади.
Яъни бугунги кунда бирор давлат Путинни ушлаб беришига ишониш қийин. Жумладан, АҚШнинг ўзи ХЖС олдида мажбурият олмаган. Бу Афғонистон, Ироқ ва бошқа давлатлардаги фожиалар Ҳаага суди томонидан «халқаро жиноят» сифатида баҳоланиши эҳтимоли билан боғлиқ.
Шунингдек, Ҳаага трибуналининг бошқа давлатларга нисбатан босим воситалари, механизмлари йўқ. Агар Путин Тожикистонга келса-ю, уни ушлаб бермаса, Ҳаага трибунали Тожикистонни халқаро талабларни бажармасликда айблаб танқид қила олмайди. Танқид қилганда ҳам, бу танқиднинг реал оқибатлари деярли йўқ.
Ўзбекистон Халқаро жиноят суди олдида мажбуриятлар олмаган. Аниқроғи, ХЖС олдидаги мажбуриятларга қўл қўйган, лекин парламент томонидан ратификация қилинмаган. Ва бу билан Ўзбекистон мажбуриятлари охиригача расмийлаштирилмаган.
Шундай экан, Путинга нисбатан ХЖСнинг қидирув ҳукми нимани англатади?
Бу ҳукмнинг сиёсий ва тарихий рамзи жуда катта. Бундан кейин, Владимир Путин олдингидек «оппоқ» деб қабул қилинмайди. Халқаро жиноят суди ўз қарорларини жуда синчковлик билан ўрганади, у айбловларни ҳар қандай вазиятда асослай олишига ишонгандагина, ўз ҳукмларини эълон қилади.
Шунинг учун, Путиннинг қидирувга берилиши – Кремл учун жуда катта репутацион фожиа. Энди Путин дунё давлатларига олдингидек бемалол бориб-кела олмайди. Энди дунёдаги обрўли давлатлар раҳбарлари ҳам у билан бемалол қўл бериб кўриша олмайди, соатлаб телефонлаша олмайди. Ҳаага трибунали томонидан оғир жиноятларда гумонланган давлат раҳбарларининг сони жуда чекланган. Улардан баъзилари ўз давлатидан деярли ташқарига чиқа олмайди. Баъзилари Ҳаагада қамалиб, вафот этди. Баъзилари журъатли бўлиб Ҳаага шаҳрига келиб, ўз номи учун курашган ва оқланган.
Владимир Путиннинг эса бу судга ўзи келиши эҳтимоли нолга тенг. Агар мободо келганида ҳам у ўзини оқлай олмайди. Чунки, жиноят Украина ҳудудида юз берган. Украиналик болалар ота-оналаридан берухсат, оммавий равишда Россияга олиб кетилган ва бошқа одамларга тарқатилган. Бу иш, ноқонуний уруш бошлаш билан узвий боғлиқ. Демак, Путин энг кучли адвокатларни ёллаганида ҳам уни оқлаш имкониятлари деярли йўқ.
Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун Путиннинг ХЖС томонидан айбланиши, қидирувга берилиши нимани англатади?
Бу ҳукм минтақа пойтахтларида Путиндан масофа сақлашга интилишни янада кучайтиради. Лекин Марказий Осиё давлатлари барибир жуда эҳтиёткор бўлиб қолаверишади.
Россия таъсиридан чиқишда Путиннинг жаҳлини чиқаришдан қўрқадиган – энг эҳтиёткор минтақа яна Марказий Осиё бўлиб қолаверади. Минтақа кутиш холатида. Лекин Россиянинг таъсиридан чиқиш учун улар фаоллик кўрсатиш ниятида эмас. Минтақа назарида – кутиш керак ва маълум вақтдан кейин Путиннинг ўзи йиқилади. Унгача эса Кремл билан курашиб, тўқнашувлар минтақага кўчишига сабабчи бўлмаслик керак. Осиёча прагматизм...
Мавзуга оид
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
14:14 / 23.12.2024
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
10:43 / 23.12.2024