Жамият | 12:46 / 31.03.2023
51041
11 дақиқада ўқилади

Қатағон ташкилотчилари. Сталиннинг «катта террор»и даврида Ўзбекистондаги «учлик» аъзолари кимлар эди?

1937-1938 йилларда СССРда «катта террор» номли кенг кўламли йирик қатағон операцияси амалга оширилади. «Халқлар қотили» Сталиннинг ушбу шафқатсиз кампанияси сабаб миллионлаб одамлар турли бўҳтон ва туҳматлар билан ҳибсга олиниб, отиб ташланади. Улар орасида ўзбек халқининг жонкуяр фарзандлари Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Қаюм Рамазон, Мажид Қодирий, Зиё Саидов кабилар ҳам бор эди.

1937 йил 31 июл куни СССР Компартияси Марказий қўмитаси (МҚ) СССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг (НКВД) «Собиқ қулоқ қилинганлар, жиноятчилар ва бошқа советларга қарши унсурларни қатағон қилиш операцияси ҳақида»ги Н=00447 сонли буйруғини тасдиқлади. Совет республикаларида қатағон қилинувчи инсонлар рўйхатини Ички ишлар халқ комиссарлиги «махсус учлиги» деб аталувчи учликлар шакллантира бошлади. Бундай «учлик»лар таркибига республика ички ишлар халқ комиссари, прокурори ва коммунистик партия Марказий қўмитасининг биринчи котиби кирган.

Ўзбек халқининг энг зиёли қатламини йўқ қилишда иштирок этган ЎзССР «махсус учлиги» аъзолари кимлар эди?

Борис Шейдлин — ЎзССР прокурори

Борис Шейдлин

ЎзССР «махсус учлиги» йиғинининг умуман алмашмаган ягона аъзоси. У «катта террор» бошланганидан то тугагунига қадар «учлик»да ишлаган ва барча қатағон ҳужжатларига имзо чеккан.

Шуни таъкидлаш керакки, ЎзССРда прокурор «учлик» аъзоси эмас, «учлик» йиғини аъзоси ҳисобланган, яъни Шейдлин террор тузилманинг тўлақонли иштирокчиси бўлмаган.

Шейдлин ЎзССРдаги қатағон сиёсатида қатнашган бўлса-да, унинг иштироки ва таъсири катта бўлмаган. Чунки 1937 йил 7 августда СССР прокурори Андрей Вишинский республикалар, ўлкалар, вилоятлар прокурорларига 00447-сонли буйруқ ижроси жараёнида прокурорнинг олдиндан санкцияси талаб этилмаслиги тўғрисида топшириқ берган. Бу эса НКВДга прокурор рухсатисиз ҳам қонунни ижро этишга имкон яратган. Прокурорлар «катта террор» даврида кўп ҳолларда тасдиқловчи вазифасини бажарган.

НКВД «учлиги»нинг бошқа аксарият аъзоларидан фарқли равишда, Шейдлиннинг ўзи «катта террор» қатағонига учрамаган. Репрессиялардан сўнг, 1939 йил СССР Бош прокуратурасининг фуқаролик-суд ишлари бўлими бошлиғи лавозимига ўтказилган.

Николай Загвоздин — ЎзССР ички ишлар халқ комиссари

Николай Загвоздин, 1938 йилда отиб ташланган

«Учлик»нинг биринчи раҳбари. СССР ички ишлар халқ комиссари Николай Ежовнинг «Собиқ қулоқ қилинганлар, жиноятчилар ва бошқа советларга қарши унсурларни қатағон қилиш операцияси ҳақида»ги 00447-сонли буйруғи асосида 1937 йил 5 августда ЎзССР НКВД «учлиги»ни тузган. 10 август куниёқ 64 кишини отувга ҳукм қилган.

Бироқ шу билан Загвоздиннинг ЎзССРдаги фаолияти ниҳоясига етган. У Москвага чақириб олинган ва бироз ўтиб, Тожикистон ССР Ички ишлар халқ комиссари лавозимига тайинланган. Тожикистондаги қатағон сиёсатида муҳим рол ўйнаган.

1939 йил февралида НКВД тузилмаларидаги аксилсовет ташкилотларига аъзоликда айбланиб, ҳибcга олинган ва орадан бир ўтиб, отиб ташланган. Оқланмаган.

Дереник Апресян — ЎзССР ички ишлар халқ комиссари

Дереник Апресян, 1938 йилда отиб ташланган

Апресян Загвоздин ўрнига ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари лавозимига тайинланган. У Ўзбекистондаги қатағон сиёсатида жуда катта ўрин тутади. Апресян «махсус учлик» бошлиғи сифатида «катта террор»нинг асосий ташкилотчиси бўлади, отув ҳукмлари чиқаради ва ижро қилади.

Дереник Апресян арманларнинг «Дашноқцутюн» партияси аъзоси бўлган.

Тўғри, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон каби жадидларнинг отув ҳукмларини Апресян эмас, Тошкентда ўтказилган СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр йиғилиши чиқаради. Апресян тергов ўтказади ва ушбу йиғилиш қарорларини ижро этади.

Бироқ 1938 йил октябрига қадар, яъни Олий суд Ҳарбий коллегияси сайёр йиғилиши бошлангунга қадар ЎзССРда чиқарилган отув ҳукмларининг қабул қилинишида, шубҳасиз, Апресян асосий рол ўйнайди.

У 1938 йил 21 ноябрда ЎзССР ички ишлар халқ комиссари лавозимидан бўшатилади. Кейинги йилнинг феврал ойида НКВДдаги аксилсовет тузилмаларига аъзо бўлиш ва террор ўтказишда айбдор деб топилиб, ҳибсга олинади ва отиб ташланади. Оқланмаган.

Акмал Икромов — ЎзССР Компартияси МҚ Биринчи котиби

Акмал Икромов, 1938 йилда отиб ташланган

Акмал Икромов 1929 йил ЎзССР Компартияси МҚ Биринчи котиби этиб тайинланади. У «катта террор» бошланиши билан республика МҚ Биринчи котиби сифатида «махсус учлик» таркибига киради. 1937 йилнинг сентябригача, яъни ишдан кетгунга қадар, бир нечта отув ва қамоқ ҳукмларини чиқаришда иштирок этади.

Акмал Икромов «учлик»даги қисқа фаолияти давомида жами юздан ортиқ ўзбекистонликнинг ўлимга ҳукм қилинишида бевосита қатнашади.

1937 йил 5 сентябрда МҚ Биринчи котиблигидан бўшатилади ва бир неча кундан сўнг ҳибсга олинади. Аксилинқилобий террорчи ташкилотга аъзо бўлганликда айбланади ҳамда 1938 йил 15 мартида Москвада отиб ташланади. 1957 йил тўлиқ оқланади.

Усмон Юсупов — ЎзССР Компартияси МҚ Биринчи котиби

Усмон Юсупов ва Каганович Л.М. (СССР сиёсий бюроси аъзоси, Марказий Осиёни назорат қилган) 

Акмал Икромовдан кейин, 1937 йил 5 октябрда ЎзССР Компартияси МҚ Биринчи котиби лавозимини эгаллайди (орада Жўра Тўрабеков вақтинчалик бу вазифани бажарувчи бўлиб ишлайди). Усмон Юсупов Апресян билан биргаликда «катта террор» давридаги репрессияларнинг марказида туради. У партияни «миллатчилар» ва «айирмачилар»дан тозалаш операциясини ўтказади.

Юсупов «катта террор» тугаганидан кейин ҳам, 1950 йилгача МҚ раҳбарлигида қолади.

Усмон Юсупов «махсус учлик»нинг ўз давридаги барча йиғилишларида қатнашган ва ҳукм чиқаришда иштирок этган. Юсуповга нисбатан ҳеч қандай жиноят иш қўзғатилмаган.

Содиқжон Болтабоев — ЎзССР Компартияси МҚ иккинчи котиби

Болтабоев «махсус учлик»нинг учинчи аъзоси бўлган.

У ҳам ЎзССРдаги қатағон сиёсатида катта рол ўйнамаган. Чунки жуда қисқа вақт «учлик» аъзоси сифатила ишлаган. 1937 йил 28 августда лавозимидан бўшатилган ва шу куни қамоққа олинган.

Совет ҳокимиятига қарши унсур дея айбланган ҳамда 1938 йил мартида отиб ташланган. Оқланмаган.

Жўра Тўрабеков — ЎзССР Халқ комиссарлари совети раисининг биринчи ўринбосари, кейинроқ МҚ Биринчи котиби

Жўра Тўрабеков (пастда ўнг томонда), 1938 йилда отиб ташланган

Тўрабеков «учлик»да Болтабоев ўрнини эгаллайди. Сентябрда Акмал Икромов қамоққа олингач, бир муддат ЎзССР Компартияси МҚнинг вақтинчалик Биринчи котиби этиб сайланади. Аммо Тўрабеков Болтабоев каби ҳокимиятда ҳам, «учлик»да ҳам кўп қолмайди.

Шундай бўлса-да, 1937 йил 12 сентябрдаги ЎзССР «учлиги» йиғилишида иштирок этади ва 117 киши отувга ҳукм қилинишида қатнашади.

21 cентябрдаёқ МҚ Биринчи котиблигидан бўшатилади ва ноябр ойида «халқ душмани» деб топилиб, партия ва унинг пленумларидан чиқарилади. 1938 йил мартида отиб ташланади. Оқланмаган.

Султон Сегизбоев — ЎзССР Халқ комиссарлари совети раиси

«Учлик»да Тўрабеков ўрнини эгаллайди. 1937 йил 5 октябрда, ЎзССР ҳукуматидаги катта тозалашдан сўнг ХКС раиси этиб тайинланади.

1938 йил июлига қадар, яъни «катта террор»нинг энг қизғин даврида ишлаган ва «учлик» аъзоси бўлган. Унинг Москвага содиқ бўлгани ва қатағон сиёсатида фаол иштирок этганини 1937 йил СССР Олий советининг биринчи чақириғи депутати этиб сайлангани ва 1938 йил январда СССР Олий совети иттифоқ кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланганидан сезиш мумкин.

Сегизбоев икки мингдан ортиқ ўзбекистонликка ўлим ҳукми ўқилган йиғилишларда қатнашган.

«Катта террор» даврида катта ғайрат билан ишлаган Сегизбоевнинг ўзи ҳам охир-оқибат шу террор қурбонига айланади. 1938 йил июлида ХКС раислигидан бўшатилади ва кейинги йили отиб ташланади. Оқланган.

Абдураҳмон Абдужабборов — ЎзССР Халқ комиссарлари совети раиси

М.И.Калинин Абдужабборовга Меҳнат қизил байроқ орденини топширмоқда

1938 йил 23 июлда Сегизбоев ўрнига ЎзССР ХКС раиси этиб тайинлаган. Ўз-ўзидан «учлик» аъзолигига ҳам қўшилган.

Абдужабборов ўз ўтмишдош ҳамкасбларидан фарқли равишда олий жазога лойиқ кўрилмаган (ундан олдинги ХКС раислари: Файзулла Хўжаев, Абдулла Каримов ва Сегизбоев отиб ташланганди) ва «катта террор» давридан тирик чиққан.

Абдужабборовнинг сўнгги репрессиялардаги ўрнини баҳолаш қийин. Чунки бу даврда НКВД асосий ролни ўз қўлига олган ва ЎзССРдаги қатағонларга Москва ҳам бевосита аралаша бошлаганди.

1950 йил августигача ЎзССР Вазирлар кенгаши (олдинги Халқ комиссарлари совети) раислигида қолган. Ҳеч қандай жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Ўзбекистондаги «катта террор»да «махсус учлик»дан ташқари СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр йиғилиши ҳам иштирок этган. 1938 йил 4 октябрдан 16 октябргача ҳар куни ўтказилган бу йиғилишларда жами 507 нафар ўзбекистонлик отувга ҳукм қилинган. Ўзбек жадидларининг аксарияти айнан Ҳарбий коллегия томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинганди.

Тошкентда ўтказилган бу сайёр йиғинларни СССР ҳарбий прокурори Георгий Алексеeв бошқарган. Сайёр йиғилиш ҳукмларини давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Николай Шишкин ва Ишчи-деҳқонлар Қизил армияси бош ҳарбий прокурори ёрдамчиси Шулцан ижро қилган.

«Катта террор» даврида, яъни 1937-1939 йилларда ЎзССР «махсус учлиги» томонидан 41 минг нафардан кўпроқ киши қамоққа ташланган. Шулардан 37 мингдан кўпроғи судланиб, 6 минг 920 киши отиб ташланган.

Муҳаммадқодир Собиров

Мавзуга оид