Жаҳон | 11:24 / 07.04.2023
4292
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Хитойни ковид келиб чиқишини текширишга тўсқинлик қилгани учун танқид остига олди

COVID-19 пандемияси бошланганидан уч йил ўтиб, Хитой ҳали ҳам Уҳандан вирус намунаси маълумотларини тақдим этмади. ЖССТ Хитой расмийларининг хатти-ҳаракатларини оқлаб бўлмайдиган ҳолат, деб атади.

Фото: AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакили Хитой ҳукуматини SARS-CoV-2 коронавируси манбаларини ўрганишда ҳамкорлик қилишга чақирди. ЖССТнинг COVID-19 қўзғатувчиси бўйича бош эксперти Мария ван Керкхове 6 апрель, пайшанба куни Американинг нуфузли Science илмий журналида чоп этилган шарҳида хитойлик олимлар Уҳандаги бозордан вирус намуналари ҳақида маълумот бермаганлигини таъкидлади

ЖССТ эпидемиологи Хитой расмийларининг хатти-ҳаракатларини оқлаб бўлмайдиган ҳолат, деб атади. Унинг сўзларига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Уҳандаги баъзи генетик маълумотлар ҳақида фақат март ойининг ўрталарида халқаро маълумотлар банкида қисқача пайдо бўлганидан кейин билиб олди. ЖССТ экспертининг таъкидлашича, бу маълумотлар коронавирус тарқалиши дастлабки босқичида Уҳан бозорининг муҳим ролидан далолат беради. Шу билан бирга, ЖССТ ушбу бозордаги ишчиларнинг қон текшируви натижалари ва у ерда сотилган ҳайвонлар қайси фермер хўжаликларидан бозорга келгани ҳақидаги маълумотга ҳалигача эга эмас.

ЖССТ эксперти Хитойни зудлик билан тегишли маълумотларни тақдим этишга чақирди. «Вақт қанча кўп ўтса, олимлар учун янги эпидемияларнинг олдини оладиган тадқиқотлар ўтказиш шунчалик қийин бўлади. Вақт тугаяпти», - дея огоҳлантирди ван Керкхове.

Март ойи бошида ФТБ директори Кристофер Рэй АҚШда лабораториядан вирус сизиб чиқиши сабабли пандемия эҳтимоли ҳақидаги мунозараларни жонлантирган баёнот билан чиқди. Ван Керкховенинг сўзларига кўра, зарур маълумотлар йўқлиги сабабли коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги барча фаразлар ўз кучини сақлаб қолмоқда. Унинг таъкидлашича, Хитой ҳали Уҳандаги лаборатория текшируви натижаларини тақдим этмаган. Бундан ташқари, ЖССТ ҳали ҳам Хитойда коронавируснинг биринчи ҳолатлари бўйича дастлабки маълумотларга эга эмас.

Мавзуга оид