Хитойда парранда гриппидан дунёда биринчи марта одам ўлими қайд этилди
Беморда бошқа бир нечта касалликлар ҳам бўлган.
Хитойнинг жанубидаги Гуандун провинциясида яшовчи 56 ёшли аёл парранда гриппининг H3N8 штамми билан касалланиш оқибатида вафот этган биринчи одамга айланди.
Бу ҳақда 12 апрель куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, аёл парранда гриппининг H3N8 тури билан касалланган учинчи шахс бўлган. Инфекциянинг барча ҳолатлари Хитойда қайд этилган, дастлабки иккита ҳолат ўтган йили бўлган.
ЖССТ маълумотларига кўра, беморда бошқа бир нечта касалликлар ҳам бўлган. У Чжуншан шаҳридаги бозорда тирик парранда билан алоқада бўлган. Аёл касал бўлгунга қадар борган озиқ-овқат бозорида олинган намуналар А (H3) гриппи учун ижобий натижа берган, бу инфекция манбаси эканини англатади. Аёл билан яқин алоқада бўлганлар орасида инфекция ҳолатлари аниқланмаган.
«Мавжуд маълумотларга кўра, бу вирус одамдан одамга осон тарқалиш қобилиятига эга эмас. Шунинг учун миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда унинг тарқалиш хавфи паст деб ҳисобланади», деб хулоса қилди ЖССТ.
H3N8 одамларда камдан-кам учрайди ва кўпинча қушлар орасида тарқалади. У деярли касаллик белгиларини келтириб чиқармайди. Вирус бошқа сутэмизувчиларга ҳам юқиши мумкин.
Одамларда H3N8 парранда гриппи билан касалланишнинг биринчи ҳолати 2022 йилнинг апрель ойида Хитойда қайд этилган. Хэнан провинциясида яшовчи тўрт ёшли болакайда товуқлар ва қарғалар билан алоқа қилганидан кейин иситма ва бошқа аломатлар пайдо бўлди.
Аввалроқ ЖССТ эпидемиологи Ричард Пибоди дунё ҳамжамияти одамдан одамга юқиши мумкин бўлган парранда гриппи туфайли юзага келиши мумкин бўлган янги пандемияга тайёргарлик кўриш зарурлигини айтган эди. Унинг таъкидлашича, хавф, айниқса, қишлоқ жойлари ва парранда боқиш билан шуғулланадиган ўрта даромадли оилалар учун кучаймоқда.
Мавзуга оид
18:07 / 22.12.2024
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
15:03 / 10.12.2024
Хитой коронавирус Уҳан лабораториясида яратилганини рад этди
15:02 / 10.12.2024
Олимлар экологик тоза қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини топди
20:48 / 09.12.2024