Ўзбекистон | 12:04 / 14.04.2023
36869
9 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчилари билан боғлиқ салбий ҳолатлар нега тез-тез кузатилмоқда?

Ўзбек тилида муқобили бўлатуриб, чет сўзга ўчлик натижасида ўзбек тилидаги матнларга қўшилаётган бир сўз бор – “тренд”.

Бу сўз инглиз тилида “йўналиш”, “мойиллик”, “мода, фасон” маъноларини билдиради. У бугун инглиз тилидаги барча маъноларида ўзбек тилида қўллангани йўқ. Ўзбек тилида бу сўзнинг ўрнини контекстдан келиб чиқиб, долзарб дейиш ҳам мумкин.

Хуллас, ана шу тренд сўзидан бугун ўзбекистонлик кўпчилик катта-кичик раҳбарлар қўрқиб, ҳадиксираб қолган десак хато бўлмайди. Чунки охирги пайтларда муҳокамага чиқаётган, яъни трендга чиқаётган қандай воқеа бўлса, уларда, албатта, қайсидир раҳбар иштирок этган бўлиб чиқмоқда.

“Қамалди, пора билан қўлга тушди, зўрлади, уятли видеоси ёки аудиоси чиқиб кетди, мансаб суиистеъмоллигига йўл қўйди ва ҳ.к.”

Kun.uz мухбири ана шу – давлат хизматчилари, раҳбарларнинг кўп ҳолатда салбий жиҳат билан кўзга тушиб қолаётгани, муҳокамага чиқаётгани тенденцияси, бунинг сабаблари ва ушбу тенденциянинг жамият, бошқарув соҳасида қанчалик табиий ҳолатга айланиб қолгани ҳақида гаплашди.

Интервью меҳмонлари – адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов, юридик фанлари доктори, профессор Лола Саидова ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.

— Охирги вақтларда давлат хизматчилари, жумладан, раҳбар шахслар билан боғлиқ  жуда кўп ва афсуски, салбий хабарларга кўзимиз тушяпти.

Интервью аввалида шу масалага ойдинлик киритиб олсак. Раҳбарлар билан боғлиқ бундай салбий хабарларнинг кунда, кунора чиқиб туриши сиз кўрган, билган жамиятлар билан солиштирганда қанчалик нормал?

Зуҳриддин Исомиддинов:

— Касалликни даволашга киришиш пайти энг оғир давр бўлади. Раҳбарларни муҳокама қилиб бошлаганимизнинг ўзи жамиятнинг тозаланишга ҳаракати белгиси. Илгари бундай масалаларни қўйиш мумкинмас эди, раҳбарлар гўё фариштадек тасаввур қилинарди. Раҳбар ҳам оддий одам.

Бундай масалаларни мўътадил қабул қилиш тарафдориман. Кун тартибидан туширмаслик керак. Жамият ўзини тозалашни истаса, тез-тез муҳокама қилиб туриши керак. Сталиннинг кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади, деган гапи тўғри. Кадрлар нолойиқ бўлса, коррупцияга йўл очилади. Муаммоларнинг «онабошиси» кадрлар масаласи. Энг биринчи ўринда раҳбар тушунилади. Муаммо очилгандан кейин тузатиш бошланади. Бошқа ривожланган жамиятлар ҳам шу босқичдан ўтган.

Лола Саидова:

— Меъёрдаги ҳолат эмас. Ҳар бир тизимда ички инспекция бўлими бор. Кадрлар бўйича ўринбосарлар бор, кодекслар бор. Демак, тизим ишламаяпти. Назорат юқори бўлиши керак. Хоразм воқеасида матбуот котибларига ташлаб қўйилди иш. Нега кадрлар бўйича вазир ўринбосари гапирмади, нега хизмат текширувлари бўлмаган, бундай минглаб ҳолатлар бор. Ички тизим ишламайди. Инспекциялар номигагина тузиб қўйилган, хизмат ваколатлари эса керагидан ортиқ бериб юборилган ва суиистеъмоллик келиб чиқяпти. Бу нарсалар жамиятдаги ислоҳотларни, яхши ҳолатларни ҳам йўққа чиқариб юборади.

Камолиддин Раббимов:

— Назаримда, умумий катта муаммони бир қанча таркибий қисмларга бўлиш керак. Муаммолардан бири ахборот оқими кўпайиб кетганлиги, бутун дунёда шундай, илгари хабарсиз бўлганмиз бундай нарсалардан. Иккинчидан, Ўзбекистонда сиёсий тизим де-факто 2018 йилдан шакллана бошлади, унгача давлат бор эди, лекин асосий талаби ёпиқлик эди. Шунинг учун ҳам раҳбарларга ёпиқлик, кўринмаслик талаби қўйилганди. Энди эса янги сиёсий маданият шаклланяпти, лекин бир текисда эмас. Учинчидан, раҳбарларнинг халқ билан мулоқот қилиш маданияти шакллангани йўқ. Яна бир бошқа масала, мулозимларнинг ойлик маоши кам коррупцияга тақайдиган бўлсак.

Юқорида кадрлар масаласи айтилди. Менимча, асосий муаммо кадрларда эмас, сиёсий тузумда. Инсонда доимий ўзгариб турувчи мотивлар бор, яъни яхши одам ҳам пора олиши мумкин қайсидир вазиятда. Шахсан мен инсонларни оқ ва қорага ажратмайман. Сиёсий тузум шундай бўлиши керакки, инсонлар хатолардан манфаатдор бўлмаслиги лозим. Жазо муқаррар бўлиши керак. Мулозимлар хато қилишдан, хатолари очилишидан қўрқиши ва ўзига ҳисобот бериши лозим. Сиёсий тизим эса муаммоларнинг очилишидан манфаатдор бўлиши керак. Бугунги тизимда вазиятни чайқамаслик керак деган тафаккур мавжуд.

Масалан, Хоразм воқеасида ўзлари очиқлаши мумкин эди, лекин бундай қилишмади. Балки бундай воқеаларнинг юздан бирини кўраётгандирмиз. Сиёсий тизим соғломлашиши, давлат жамият эҳтиёжларига максимал мослашиши, ижтимоий барқарорлик табиийлашиши учун халқ давлатга ишонадиган даражада бўлиши керак.

— Раҳбарларнинг вазифасига номувофиқ ҳаракатлари, баъзи ҳолатларда нолойиқлиги ҳақида гаплашяпмиз. Сизлар ўз кузатиш, тажрибаларингиздан келиб чиқиб мана шу муаммога сабаб деб қайси омилни кўрасизлар? Раҳбарни тайинлаш, вазифага қўйиш, танлашдаги хатоми ёки вазифага қўйилган раҳбарнинг назоратсизлиги, уни тийиб туриш механизмлари яхши ишламайдими?

Зуҳриддин Исомиддинов:

— Менимча, иккала жараёнда ҳам хатолар бор. Бизда кадрлар етишмаяпти, деган гаплар бўлади. Йўқ, бизда кадрлар етарли. Лекин бизда бир ҳовуч маълум миқдордаги одамлар бор, бу ишдан олинса унисига, у ишдан олинса бунисига қўйилаверади. Бир соҳани билмайдиган одам ўша соҳага раҳбар бўлади, ундан кетиб яна бошқасига, худди раҳбар бўлиш учун туғилгандек. Ҳолбуки, ўша тизимда малакали, принципиал, одамлар билан яхши муомаладаги кадрлар ҳам бор, лекин уларни аниқлаш механизми ҳам керак.

Менталитет масаласи. Бизда раҳбар одам буйруқ бердими, бажарилиши шарт бўлиб қолган. Ундай бўлмаслиги керак. Нима буйруқ берилса, ижросини таъминлаш бўлиб қолди.

Алишер Навоий номидаги кутубхонага директор бўлган пайтларимда бир тадбирга чақиришди. Залда олимлар, профессор, академиклар ўтирган эди. Мен шуларга Навоий ҳақида нутқ сўзлашим керак экан, лекин Навоий ижоди бўйича етук мутахассислар ўтирган эди. Ким раҳбар бўлса ўшанинг гапи устун бўлади. Бундай ҳолатлар натижасида ўша раҳбар ўзини катта одамман деб ўйлай бошлайди. Халқимиз кўтариб юборади. Раҳбар бўлиб айниди, деган гаплар бўлади. Менимча, ундай эмас, асоси айниган бўлган, юзага чиқаролмаган фақат, раҳбар бўлганда эса имконият бўлади.

Лола Саидова:

— Ҳаракатлар бўляпти бу бўйича, дунё тажрибалари ўрганиляпти. Лекин ҳали татбиқ этолмадик. Сингапурда ҳам ўрганиш олиб борилди ҳатто. У ерда меритократия асосида ишлайди бу тизим, яъни энг лойиғи қўйилади сараланиб. Раҳбарлик лавозимида ишлайман деганлар кўп бизда ҳам, уларга очиқ танлов асосида имконият бериш керак. Ҳар бир идоранинг ўз етакчилари бўлади, лекин қайсидир сабаблар туфайли четда қолиб кетишган.

Гўёки, бизда ҳам танлов тизими жорий қилинди, лекин ҳамма вазирлик, идораларни қамраб олгани йўқ. Ярим чала ҳолатда. Масалан, Британияда давлат хизматчилари ҳар йили имтиҳондан ўтади. Японияда давлат хизматчиларини ишга олиш модели 200 йилдан бери ишлайди. Зўрлар ичида зўрлар танланса, хато кам бўлади. Германияда судьялар дастлаб бир неча йилга сайланади, ўз ишини кўрсатгач, умрбодга сайлаш масаласи кўрилади. Жамият тозаланиши тизимнинг тўғри шаклланиши билан боғлиқ тўғридан тўғри.

Камолиддин Раббимов:

— Кадр танлаш деганда марказлашган сиёсий тизимдаги танлаш хаёлга келади. Кадрни жамият танлаши керак, ҳокимият эмас. Демократик давлатларда ҳам хатолар бўлиб туради. Лекин мавжуд сиёсий тизимлар ичида энг яхшиси. Мулозимлар сайланиши керак шунинг учун ҳам. Биз ҳозирча фақат ҳокимлар ҳақида гапиряпмиз, лекин чет элда ҳуқуқ органлари тизимидаги прокурор, судьялар сайланади ҳатто.

Битта ҳокимни сайлаш бутун механизмни ўзгартиради. Ўзбекистонда ҳокимларни сайлаш бўйича институт ишлаши керак аслида. Туман, вилоят ҳокимлари ва давлат ўртасида зиддиятлар пайдо бўлиши мумкин сайланишда, лекин бунинг механизмлари бор, дунёда ишлаб чиқилган, тажриба бор. Тепадагилар биз тайёр эмасмиз дейди. Лекин бошқа йўл йўқ, сайланиши керак. Сайланган инсон ўша ўзини сайлаган инсонларнинг манфаатини ўйлайди, шунга мажбур. Шу тарзда минтақалар кенгайиб боради. Президент эса ички ва ташқи сиёсатдаги зиддиятларда ички манфаатларга устуворлик беради. Яъни маълум бир фундаментал зиддиятлар бор, ўшалар ўйланиши керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид