Жаҳон | 20:00 / 14.04.2023
41524
24 дақиқада ўқилади

Украина қарши ҳужумни нега бошламаяпти ва Россия унга қандай тайёрланмоқда?

Украина фронтда қарши ҳужум бошлаши ҳақидаги миш-мишлар матбуот ва ижтимоий тармоқларда бир неча ҳафтадан буён айланиб турган эди. Сўнгги кунларда бу борада ахборот борган сари кўпаймоқда.

Ҳозир фронтда нисбатан сокинлик. Буни айримлар қатъий жанг олдидан куч ва ўқ-дориларни иқтисод қилиш билан тушунтирмоқда. Фото: Anadolu

Шарҳловчиларнинг аксарияти Украина қуролли кучларининг бу режаларини ҳаво исигани, янги зирҳли техникалар етказилгани ва зарба берувчи гуруҳлар тайёр бўлиб қолганига боғлашмоқда. BBC Украина кучлари ҳолати ҳақидаги мавжуд маълумотлар ҳамда улар урушнинг боришини ўзгартиришга қанчалик тайёрлигини таҳлил қилди.

Кўплаб Украина ва Россия нашрлари Украина ҚКнинг тайёргарлик кўрилаётган операциясини «қарши ҳужум» деб ҳам, «ҳужум» деб ҳам ёзмоқда. Гап шундаки, қарши ҳужум дейилганда одатда душман томон ҳужум қилган чоғда ёки ундан кўп ўтмасдан қилинган ҳужумкор операция тушунилади, бироқ Россия армиясининг сўнгги ҳафталардаги жанговар ҳаракатлари кўпроқ позицион характерга эга. Шу сабабли Украина ҚК ҳужумга жавоб эмас, ҳозирча вақти ва ўрни ноаниқ янги операция бошлайди.

Украина қуролли кучлари тайёрланаётган ҳужумкор операция ҳақида нафақат ҳарбий экспертлар ва блогерлар, расмий шахслар ҳам очиқчасига гапиришмоқда. Сўнгги марта Украина президенти Володимир Зеленский Япониянинг Yomiuri Shimbun газетасига интервюси чоғида буни тилга олган.

Интервюда Украина етакчиси баҳорга мўлжалланган ҳужумга ўтиш ҳарбий техника ва ўқ-дори етишмаслиги туфайли кейинроққа қолдирилишини таъкидлаган, лекин қайси муддатга эканини очиқламаган.

Ҳужумга ўтишни бошлаш учун Украинага ҳарбий техника етишмаётгани тўғрисидаги тезис ягона эмас.

Бунинг баробарида, Украина қуролли кучлари баҳорги лойгарчилик тугагач, зирҳли техникалар паст-баланд жойлардан бемалол юра оладиган бўлганда, шунингдек, Украина етарли миқдорда қўшин тўплаб олганидан сўнг ҳужумга ўтиш бошланади, деган тахминлар ҳам янграмоқда.

Бу омиллар Украина бош штабининг операциянинг бошланиш вақти ва жойи тўғрисидаги қарорига таъсир қилади, лекин бундан ташқари яна кўплаб омиллар бор: ўз қўшинлари тайёргарлиги ва жойлашганлиги, Россия қўшинларининг ҳолатини баҳолаш, аскарларни фронтда ёки фронт ортига жойлаштириш, захираларни олиб келиш имкониятлари. Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Россия армияси қишда бир неча йўналишдан ҳужумга ўтишга ҳаракат қилди, жумладан «Вагнер» ХҲК ёрдами билан, аммо айтарли силжий олмади. Фото: Валентин Спринчак / ТАСС

Бундан ташқари, ҳар қандай операциянинг асосини ташкил этувчи, барча омилларни ҳисобга олган ҳолда оператив режага асосан маълум бир ҳаракатларни назарда тутувчи стратегик мўлжал ҳам бор.

Шу сабабли Украина модомики ўз қарши ҳужумини тайёрлаётган экан, у нафақат «Генерал Балчиқ»қа, шунингдек, операцияни бошлаш ҳақида якуний қарорга келувчи Украина ҚК бош қўмондони генерал Залужнийга ҳам боғлиқ.

Ҳозирча аниқ айтиш мумкин бўлган ягона нарса — Киевда катта ҳужумга ўтиш операциясини бошлаш истаги мавжуд, биргина эмас, бир неча операция бўлиши ҳам катта эҳтимол.

Нега Украина ҚК ҳужумга ўтиши муқаррар?

Агар Россиянинг уруш олиб боришдан мақсади лўнда ва тушунарли ғоя сифатида шакллантирилмаган бўлса, Киев ўз мақсадларини ўта аниқ белгилаб олган — 2014 йилдан буён оккупация остидаги ҳудудларни озод қилиш. Агар бу мақсаддан келиб чиқилса, эртами-кеч катта ҳужумни бошлайдиган Украина бош штабининг режаларини прогноз қилиш мумкин.

Бир йил муқаддам Киевни эгаллашга муваффақиятсиз уринишдан сўнг Россия армияси стратегиясини ўзгартирди: шиддатли уруш ўрнига улар ҳолдан тойдирувчи жанг олиб бора бошлади. Бундан кўзланган мақсад — Украина қуролли кучларини заифлаштириш.

Бу мўлжал катта эҳтимол билан ўша вақтда Россия қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ўқ-дори захиралари бўйича катта устунликка эгалигидан келиб чиқиб олинган. Бироқ, бу устунлик ҳамон сақланиб турибди.

Россия 2022 йил ёзидаги ҳужумкор юриш натижасида Луҳанск ва Харкив областларида катта ҳудудларни эгаллаб олган бўлса ҳам, сентябрда Украина ҚК қарши ҳужумга ўтиб, Изюм, Лиман каби шаҳарларни озод қилди ва алалоқибат Россия қўшинларини Днипро дарёсининг ўнг соҳилидан чекинишга мажбур қилди.

Шу ондан бошлаб урушда манёврли ҳарбий ҳаракатларга чек қўйилди, Россия кучлари секин-асталик билан украинларни Бахмут ҳудудидан сиқиб чиқара бошлади, шунингдек Авдийивка, Вуҳледар, Креминна-Сватове каби бошқа йўналишларда ўққа тутишди.

Манёврлар ва чуқур операциялардан холи бўлган бундай позицион уруш моддий-техник, инсон кучи каби катта ресурслар талаб қилар эди, бу иқтисодиёт учун оғирлик қилади, чунки катта харажатлар талаб қилиб айтарли натижалар тақдим этмайди.

Украина янги кучларни тайёрлар экан, эски аскарлар фронтни ушлаб туришибди. Фото: Anadolu

Оғирроқ иқтисодий вазиятдаги ва камроқ инсон русурслари ва ҳарбий техникага эга бўлган Украина бундай урушда Россиядан кўра кўпроқ жабр чекади, деб ҳисобланаётган эди.

Тўғри, бу нуқтайи назарнинг ўз мухолифлари ҳам бор. Улар Киевга ёрдам қўлини чўзаётган ғарб ва Москвани ҳолдан тойдираётган санкцияларга ишора қилишади. Соф ҳарбий нуқтайи назардан олиб қаралса сон жиҳатидан Россия қуролли кучлари катта, шу сабабли ҳолдан тойдирувчи урушда улар бардошлироқ бўлиб чиқади.

Нима бўлганда ҳам, позицион урушда манёврли урушдан кўра кам чиқим қилинмайди, бироқ униси бунисидек муваффақиятли эмас. Позицион урушда ҳарбий бошлиқларда ўз сиёсий раҳбарияти ва аҳолисига учралган йўқотишлар учун мукофот тариқасида тақдим этиш учун «тишга босадиган» ҳеч вақо бўлмайди.

Шу сабабли Украинанинг чуқур ҳужумкор операциялар билан йўғрилган манёврли уруш олиб боришга интилаётгани мантиқли. Бундай урушдан мақсад нафақат оккупация остидаги ерларни озод қилиш, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар характерини ҳам ўзгартиришдан иборат.

Кўпчиликнинг фикрича, Украинага дадил ғалаба сиёсий мулоҳазалар туфайли ҳам керак — Киев эндиликда ўзи тамомила боғланиб қолган Ғарбдан ҳарбий ёрдам олишда давом этиши учун жанг майдонида ғалаба қозона олишини намойиш этиши лозим.

Бу ҳақда феврал ойи ўрталарида Washington Post нашри ҳам ёзган эди. Ўша мақолага кўра, АҚШ маъмурияти мулозимлари Украина ҳокимиятига урушда ҳал қилувчи палла пишиб етилгани ва токи Ғарбдан катта ҳажмда ҳарбий ёрдам олиб турилган экан, Украина қуролли кучлари жанг майдонида имкон қадар кўпроқ аҳамиятли ғалабаларга эришиши лозимлиги борасида тўғридан тўғри айтишган.

Нашрнинг ёзишича, келгусида вазият бу қадар қулай бўлмаслиги мумкин, чунки АҚШда республикачиларнинг айримлари Украинани қўллаб-қувватлашни қисқартириш ниятида, узоқ истиқболда Европанинг ёрдамларни ҳозирги даражада сақлаб туриш қатъияти ҳам аниқ эмас.

Катта ҳужумга ўтишни Россиядагилар ҳам хоҳлашлари керак — акс ҳолда узоқ ҳафта ва ойлардан буён шунча куч ва ресурсларни Бахмутдек кичик шаҳарча учун сарфлашнинг маъноси нимада бўлади?

Бироқ, асосий манёвр бўлган ҳужумга ўтиш руслардан яхшироқ мувофиқлаштириш, разведканинг ҳозиргисидан юқорироқ даражасини талаб қилади. Нима бўлганда ҳам Россия муҳим омил бўйича ҳамон устун — ўзи фойдаланиши мумкин бўлган тирик кучлар ва техника борасида.

Фронтдаги сокинлик

Херсон ҳудудида руслар Днипро дарёсининг сўл соҳилидан чекингач, фронтдаги вазият позицион қарама-қаршиликка айланиб кетди.

Гарчи Россия кучлари — асосан «Вангер» ХҲК Бахмут шаҳарчасини ярим қуршовга олиб, қисман эгаллашган бўлса-да, ҳаттоки руслар ўзининг энг катта муваффақиятини намойиш этган ҳудудда ҳам айтарли силжиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу силжиш тактик даража доирасидан чиқа олмади.

Руслар март ойида Вуҳледар ва Авдийивкада ёриб киришга уриниши арзимас олға силжишларга олиб келди, бироқ Украина ҚКнинг шиддатли қаршилиги туфайли депсиниб қолди. Бу ҳолатда Россия қўшинларининг Вуҳледар остонасидаги йўқотишлари шу қадар йирикки, россияпараст телеграм-каналларда тинимсиз танқидлар ёғдирилди.

Сватове-Креминна чизиғида жанглар кетаётган Луҳанск области шимолидаги вазият сўнгги вақтлар ичида ўзгармаяпти. У ерларда жанговар ҳаракатлар интенсивлиги янада паст.

Тўғри, телеграм-каналлар бу ҳудудда Россия улкан куч тўплагани, ҳужумга ўтишга ҳаракат қилиб кўриши эҳтимоли юқори эканини ёзишмоқда. Бироқ, ҳозирча бундан фақат қўшин тўплашгина гувоҳлик бериб турибди.

Очиқ манбалардаги хабарларга кўра, фронтнинг Запорижжя участкасидаги вазият ҳам интенсив жанговар ҳаракатлар билан ажралиб тургани йўқ.

Украинага нима халақит бермоқда?

Ҳужум қилаётган томоннинг йўқотишлари ҳимоядаги томонга нисбатан учга бир нисбатда бўлади, деб ҳисобланади.

Бу ўта шартли нисбат, реалликда у кўпайиш томонга ҳам камайиш томонга ҳам, ўзгариши мумкин, бироқ ҳужумга тайёрланишни баҳолашда учга бир нисбати ҳужум қилаётган кучларнинг ҳимояланаётганлардан минимал устунлиги сифатида қабул қилинади.

Сентябр ойида Украина ҚК Изюм остонасидан шиддатли ҳужумга ўтганда улар бу участкани қўриқлаётган кам сонли Россия кучлари устидан сон жиҳатидан анча устунликка эга бўлишган эди.

Бироқ, кейинчалик Россия сафарбарлик ўтказди ва армияга 300 минг одам чақирилди. Экспертларга кўра, бу биринчи навбатда фронтнинг бутун чизиғи бўйлаб қўшинлар зичлигини ошириш учун қилинган.

Айни пайтда турли баҳолашларга кўра, жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган зоналарда россиялик 400 минг ҳарбий бор, лекин бу баҳолаш ноаниқ бўлиши мумкин, чунки ахборот махфийлаштирилган.

Ҳар икки томон турли разведка воситаларидан фойдаланмоқда. Зарбавий гуруҳни пинҳона жойлаштириш осон бўлмайди.
Фото: Anadolu

Жанговар ҳаракатлар зонасидаги украин кучларнинг умумий сони ҳам очиқ манбаларда йўқ. Турли кузатувчиларнинг шарҳларига кўра, бу сон барибир русларникидан камроқ, гарчи Россия кучлари фронтнинг қай бир участкасида кўпчиликни ташкил этувчи устунлик яратиб, ундан фойдалана олиш даражасида бўлмаса ҳам.

Зеленский тилга олган иккинчи муаммо қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар етишмаслиги. «Биз ҳали ҳужумга ўта олмаймиз. Танклар, артиллерия ва HIMARS’ларсиз биз жасур аскарларимизни фронтга жўната олмаймиз», — деган у Yomiuri Shimbun’га интервюсида.

Айни пайтда Россия оғир ва енгил зирҳли техника, стволли ва реактив артиллерия, энг асосийси — авиацияда устунликка эга.

Гарчи Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа қилишнинг самарали тизимини яратган бўлса-да, ҳужумга ўтиш чоғида қўшинлар ўртача узоқликдаги тизимлар қамраб ололмайдиган масофада ишлашади ва асосан яқин радиусли мобил комплекслар ва кам сонли Украина ҳарбий ҳаво кучлари қўлловига ишонишга мажбур, шу сабабли Россия самолётлари зарбасига дучор бўлишлари мумкин.

Яна бир муаммо шундан иборатки, Украинанинг ҳужумга ўтиш имконияти бир неча ойдан бери муҳокама қилиб келинмоқда, Россия бир неча таҳдидли йўналишларда мудофаага фаол тайёрланмоқда.

Экспертларга кўра, Россия армиясининг ўзи ҳам ҳужумга ўтиши мумкин. Фото: Валентин Спринчак / ТАСС

Россия фронт орқасида таянч пунктлари, танкларга қарши чизиқлар ва окоплар қурмоқда. Бу позициялар нафақат Қрим дохил оккупация остидаги ҳудудларда, балки Россиянинг чегараолди областларида ҳам қилинмоқда — гарчи Украина расмий равишда Россия ҳудудига бостириб кириш нияти йўқлигини бот-бот таъкидлаётган бўлса-да.

Боз устига, очиқ манбаларга кўра, Россиянинг ўзи Креминна-Сватове чизиғида куч тўпламоқда ва ташаббусни қўлга олиб, ўзининг ҳужумкор юришини бошлаб қолиши мумкин.

Бироқ, Россия қўшинларининг март ойида Авдийивка остонасидаги, ундан аввалроқ январ-феврал ойларида Вуҳледарда уюштирган ҳужумлари муваффақият келтирмаган.

Ҳужум қилишдан ҳимояланиш осонроқ, гарчи вақт бир томондан ҳамкорларидан тинимсиз қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олиб турган Украина фойдасига ишлаётган бўлса-да, бошқа томондан у россияликларга мудофаага янада яхшироқ тайёргарлик кўриш имкониятини яратади.

Ниҳоят, ҳужумга ўтишни бошлаш учун об-ҳаво халақит қилади. Донецк областида яқинда ёғган қор туфайли ер ҳамон лойлигича қолмоқда ва ҳарбий техника юришини қийинлаштирмоқда.

Бу ҳолат манёврни қаттиқ мураккаблаштиради, бироқ у украинларнинг ҳужумкор кучларига қарши манёвр қилиши, захираларни тортиб келиши лозим бўлган Россия қўшинлари зарарига ҳам ишламоқда.

Сон жиҳатдан устунликни қандай таъминласа бўлади?

Бу муаммоларнинг барчаси Украина ҚК учун вазиятни мураккаблаштиради, бироқ уларнинг ҳар бирининг салбий таъсирини тўғридан тўғри қарши чоралар ёки бошқа омиллар ҳисобига текислаш мумкин.

Чиндан ҳам, Россия армияси сон жиҳатидан устунликка эга, бу муҳим. Бироқ Украина ҚК томонидан зарба бериладиган йўналишдаги куч жамланмаси бирга уч нисбатдан ортиб кетиши мумкин.

Сон жиҳатдан устунликни маълум бир йўналишда қўшин йиғиб таъминлаш мумкин. Ҳужумга ўтиш олдидан одатда шундай ҳам қилинади, лекин бу ерда яна бир омил бўй кўрсатади — Украина армияси Россияга нисбатан разведка ўтказишнинг такомиллашган имкониятларига эга деб саналса-да, катта жамланмадаги зарбавий гуруҳни беркитиш амалда имконсиз.

Зарбавий гуруҳ ўнлаб зирҳли техника, инженерлик, таъмир-эвакуация, ёқилғи ташувчи, ўқ-дори етказувчи, санитар машиналари ва у-бу нарсалар ташувчи шунчаки юк машиналаридан иборат бўлади. Улар учун ўқ-дори ва ёқилғи омборлари ва ҳоспиталлар керак.

Украина ҳужумга ўтиш учун анчадан буён аскарларини тайёрламоқда, бироқ уларнинг сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Фото: Getty Images

Зарбавий кучларни беркитишнинг кўплаб усуллари бор — маскировка, бўлиб юбориш, сўнгги паллада, ҳужумга ўтишдан аввал айтилган позицияларни эгаллаш, дезинформациянинг турли усуллари, бошқа жойда чалғитувчи зарбалар бериш ва ҳоказолар.

Ҳар икки томондан дронлар ҳаракат қилиб турган замонавий шароитларда электрон разведканинг ҳам турли усулларидан фойдаланилмоқда, душманнинг орқа томонда ўз агентураси бор, йирик гуруҳни ёйиб чиқишни яшириб бўлмайди.

Агар шундай бўлиб чиққан тақдирда ҳам, кутилмаганлик эффекти барибир рол ўйнайди.

Гап шундаки, фронтни ёриб ўтувчи кенг миқёсдаги ҳужумга ўтиш операцияси бошланганда ҳимояланаётган томон манёврли мудофаа операцияси ўтказишга мажбур бўлади. Таҳдидни бартараф этиш учун у захираларни тўплаб, ёриб ўтиш жойига тортиб келтириб, жангга ташлаши керак.

Бу мураккаброқ вазифа, чунки ҳар қандай ҳарбий гуруҳ ўзининг орт қисмига эга, у ҳам ўқ-дори, ёқилғи ва бошқа зарур нарсаларга эҳтиёж сезади.

Бу захиралар омборларда бор, лекин логистика кўп ойлик мудофаа давомида қўшинларни маълум бир позицияларда таъминлашга мўлжалланган, душман ёриб ўтганидан сўнг эса қўшинлар кутилмаган йўналишлардан бериладиган зарбаларга тезда жавоб қайтариши лозим бўлади.

Идеал ҳолатда ҳимояланаётган томон фронтнинг исталган нуқтасига тезда захирани тортиб келтиришга тайёр бўлмоғи керак. Лекин Россия учун бу мураккаб вазифа, фронт жуда катта ёй бўйлаб чўзилиб кетди. Украина ҚК Россия ярим эгаллаб олган ҳудуд марказида куч тўплаши мумкин, бундай вазиятда логистикани ҳам осонгина йўлга қўйиш мумкин.

Шартли айтганда, Луҳанск шимолидаги Сватове ва Херсон остонасидаги Нова Каховка ўртасидаги масофа Украина ҚК учун бир неча баробар кичикроқ.

Шунинг учун ҳужумга ўтиш операцияси 2022 йилнинг сценарийси бўйича ташкиллаштирилиши мумкин эди, август ойида Херсондаги кризис Изюм остонасидан ҳужум бошлашга сабаб бўлганди. Бундай ҳолатда ҳимояланаётган томон — Россия армиясига бир биридан олисда жойлашган бирйўла иккита кризисга жавоб қайтаришга тўғри келган эди.

Бу ердаги мураккаблик узоқ масофага захирани етказиш қийинчилигида ҳам эмасди. Бундай вазиятда ҳимояланаётган томон бош штаби турли йўналишларда икки баробар мураккаб вазифани ечишга мажбур бўлади.

Ниҳоят, кутилмаган жойдан берилган зарба ҳимояланаётган қўшиннинг орт қисмида чинакам алғов-далғов келтириб чиқаради.

Кўпчилик, ҳаттоки россияпараст экспертларнинг ҳам қайд этишларича Россия армияси қўмондонлик, алоқа, вазиятдан хабардорлик билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирмоқда. Фронт ёриб ўтилиши ва чалкашлик шароитида бу муаммолар янада чуқурлашиши, одам ва техника сони билан боғлиқ устунликни йўққа чиқариши мумкин.

Украинанинг кучи етадими?

Reuters агентлиги 5 апрел куни эълон қилган материалга кўра, Украина ҳужумга ўтиш учун 40 минг аскарни тайёрлашга муваффақ бўлган. Бу ахборотни агентлик янги бригадалардан бирининг аноним ҳарбий хизматчисига таяниб берган ва шу сабабни буни жуда яқинлаштирилган баҳо дейиш мумкин.

Ғарб танклари аллақачон Украинада, бироқ ҳозирча уларнинг сони камроқ. Фото: AFP

Бу рақамни ўтган ҳафта сизиб чиққани кенг оммага ошкор бўлган Пентагон махфий ҳужжатлари ҳам билвосита тасдиқлайди.

Бу ҳужжатларда Украина ҚКнинг тўққизта тайёр бригадаси ҳақида ахборот бор, шунингдек яна учтаси апрел ойи охиригача тайёр бўлиши айтилган.

Яъни янги қисмларнинг нуфуси бу маълумотларга кўра 50 минг нафар яхши тайёргарликдан ўтган ҳарбийларга яқинлашиши мумкин, бу эса Reuters ахборотига яқин.

Бу рақамлар расман тасдиқланмаган. Боз устига, Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк АҚШ ва НАТОнинг Украинанинг ҳужумга ўтиши бўйича режалари сиздирилишини «фотошоп» ва «ёлғондакам сиздирма» деб атади.

«Қарши ҳужумга ўтишнинг реал режаларига тўхталадиган бўлсак — шубҳасиз, Россия қўшинлари у билан энг биринчи танишади. Мен бу нарса жуда тез орада рўй беради деб тахмин қиляпман», — дея қўшимча қилган Подоляк.

Бу вақтда Украинада чиндан ҳам зарбавий гуруҳларни тайёрлаш борасида бир неча ойдан буён ишлар олиб борилмоқда. Машғулотлар ҳам мамлакат ичидаги, ҳам хориждаги полигонларда давом этмоқда. Машғулотлар нафақат пиёда қўшинлар учун, шунингдек ҳарбий машиналар экипажлари, инженерлик қисмлари, артиллерия, алоқачилар, тиббиётчилар ва ҳужум муваффақияти уларга боғлиқ бўлган бошқа касб эгалари учун ҳам бўлмоқда.

Бу қўшинлар кичикроқ бўлинма даражасида жанговар уйғунлик ҳосил қилишмоқда, техника ва ёрдамчи воситалар билан бирга биргаликдаги жанговар ҳаракатларни машқ қилмоқда. Тўғри, бу қўшинлар ҳужумга ўтиш учун нечоғлик тайёр эканини тушуниш уларнинг аниқ сонини топишдан ҳам қийинроқ.

Техникага келадиган бўлсак, бу масалада ҳам Украина ҚК зарбавий гуруҳлари қанчалик бут эканини аниқлаш қийин масала. Аввалроқ Украина раҳбарияти ва мудофаа вазирлиги ғарб зирҳли техникаси етишмаётганидан ёзғирганди, очиқ манбалардаги хабарларга кўра, асосий жанговар танклар Украинага фақат бир неча ўн дона етказилган — бу эса ҳужумга ўтиш учун етмаслиги аниқ.

Украина ҳамон Бахмут шаҳарчасини топширмасдан ушлаб турибди. Бундан кўзланган мақсад — зарбавий гуруҳларни тайёрлаш учун вақтдан ютиш. Фото: Anadolu

Украина зарбавий гуруҳи барча зарур техникалар билан нечоғлик таъминланганини айтиш қийин, АҚШнинг сўнгги ҳарбий ёрдами ичида ҳарбий машиналар умуман йўқ, бироқ зирҳланган таъмирлаш-эвакуация машиналари, ёқилғи ташувчилар, танк тиркамаларига эга юк машиналари ва кўприк ётқизувчилар бор эди.

Бу қўшимча техникалар Украина армиясининг ҳужумга ўтиш нияти ҳақида АҚШ мабодо барча танкларини бериб юборганидан ҳам кўпроқ ҳикоя қилмоқда.

Украина қаерга зарба бериши мумкин?

Украина ҚКнинг эҳтимолли зарба йўналиши сифатида кўпроқ Запорижжя области тилга олинмоқда.

Бу у ердан туриб Азов денгизи томон — масалан, Мариупол ёки Бердаянск томон ҳужум қилиш географик жиҳатдан осон экани билан тушунтирилади.

Украина ҳужумга ўтадиган тахминий йўналишлар. BBC инфографикаси

Биринчидан, ҳужум қилиш учун ер қулай — текис дашт, шаҳарлар ва дарёлар кам. Иккинчидан, бу Россия қуролли кучларининг Днипро дарёсининг сўл соҳилидаги гуруҳини Кубанда жойлашганлардан узиб қўйиш имконини беради. Бундан ташқари, Азов денгизи қирғоғидан туриб Қрим кўпригини бемалол ўққа тутиш ва Қрим ҳамда Херсон областидаги қўшинлар таъминотини узил-кесил қийинлаштириш мумкин.

Бироқ бу ерда мураккаблик шундаки, бу йўналишда ҳужумга ўтиш хавфлилиги Россия қўмондонлиги учун ҳам аввалдан маълум эди ва улар воқеалар бундай тус олишига пухта тайёргарлик кўрган бўлишлари мумкин.

Бу йўналишда бир неча йирик аҳоли пунктлари бор, масалан Мелитопол ва Токмак, улар аллақачон мудофаага тайёрлаб қўйилган бўлиши керак.

Иккинчи эҳтимолий зарба йўналиши — Херсон томондан Қрим бўйнига қараб. Агар буни амалга ошириш имконли бўлса, теп-текис дашт орқали бўйинга чиқиб келиш у қадар мураккаб иш эмас.

Бу ерда яна бир катта муаммо бор — қўшинларни Днипро дарёсидан кечиб ўтказиш. Агар Украина ҚК зарбавий кучларни дарёдан ўтказишга муваффақ бўлган эса-да, уларга барибир таъминот керак: кечув жойлари жуда тор ва артиллерия, ракета ва авиация зарбалари учун жуда ўнғай, шу сабабли улар шубҳасиз биринчи рақамли нишонга айланишади.

Россияда «Искандер» ракеталари ҳамда турли авиацион ва денгиз қанотли ракеталари борлигини инобатга олиб, бундай кечув жойларини сақлаб қолиш жуда мураккаб, агар умуман имконли бўлса ҳали.

Урушнинг бу босқичидаги мураккаблик — снарядлар етишмовчилиги. Томонлар уни тежашмоқда. Фото: Anadolu

Ҳужумга ўтиш бошланиши мумкин бўлган яна бир ҳудуд — Бахмут. Бу шаҳар Украина қарама-қаршилиги рамзига айланиб бўлди, агар Украина ҚК ундан рус қўшинларини улоқтириб ташлай олса, бу нафақат фронтдаги вазиятни яхшилайди, балки муҳим сиёсий ғалабага ҳам айланади.

Бу ҳудудда Россиянинг энг жанговар қисмлари жойлашган, айнан шу ерда Россия шаҳарга юриш қилиб, уни қуршаб олиб, митти муваффақиятларга эришди. Бироқ ҳужумга ўтаётган Россия қўшинлари тартиби қанотдан бериладиган зарбаларга чидай олмайди, бу ҳақда кўплаб кузатувчилар ёзишмоқда.

Бахмут йўналиши яна шуниси билан муҳимки, бу ҳудуд Украина гуруҳларининг йирик логистика марказларига яқинроқ жойлашган.

Яна Россия армияси назорати остидаги Сватове шаҳри ҳудуди ҳам бор. Украина ҚКнинг кузги шиддатли ҳужуми бу шаҳарга 15 км қолганда тўхтаган эди. Очиқ манбаларга кўра, Россия айни чоғда бу ҳудудда жуда катта гуруҳни тўплаган, уларнинг нияти ҳозирча аниқ эмас.

Бир томондан, бу кучларни Украина ҚК устига ёпирилиш учун ишлатиш мумкин, иккинчи томондан, агар Украина ҚК бу гуруҳни қуршаб олиш учун айланиб ўта олса, ўзлари ҳам нишонга айланишади.

Бундай операция стратегик нуқтайи назардан унчалик жозибадор эмас, бироқ у аввало Сватове остонасидаги Россия қўшинларидан келиб турган таҳдидни камайтирса, иккинчидан, муваффақият қозонилган тақдирда Луҳанск области шимолидаги катта ҳудудни озод қилиш имконини беради.

Украина қуролли кучларининг ушбу эҳтимолли йўналишлари матбуот ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда, бироқ Украинадаги фронт чизиғи жуда узун, шу сабабли Украина айнан қаерда ҳужумга ўтишини аниқ топиш қийин. Санаб ўтилган ҳудудларнинг бирортаси фронт чизиғининг ёриб ўтилиш жойи бўлмаслиги ҳам мумкин.

Мавзуга оид