Жаҳон | 14:55 / 04.05.2023
25842
6 дақиқада ўқилади

Украина нефт омборларини, Россия тинч аҳолини ўққа тутмоқда. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 434-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • 3 майга ўтар кечаси иккита дрон Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринган. Россия ҳукумати бунда Украинани айблади; Киевдагилар ҳодисага алоқадорлигини рад этди ва бу РФ томонидан провокация бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Тергов қўмитаси терроризм тўғрисида жиноий иш очган.
  • Россия қўшини Херсон областини ўққа тутди. Сўнгги маълумотларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан 23 киши ҳалок бўлиб, 46 киши яраланган.
  • Украин дронлари Брянск областидаги ҳарбий аэродромга ҳужум уюштирди. Ан-124 самолёти шикастланган. Жабрланганлар йўқ, регион расмийлари ҳодиса ҳақида хабар беришмаган.
  • 3 майга ўтар кечаси Краснодар ўлкасининг Таман порти яқинидаги Волна посёлкасида нефт маҳсулотлари сақланадиган резервуар ёниб кетган. Бу ёнғинга ҳам дронлар ҳужуми сабаб бўлгани айтилган.
  • 4 майга ўтар кечаси Краснодар ўлкаси ва Ростов областидаги нефтни қайта ишловчи заводларга дронлар ҳужуми такрорланди.

Кремлдаги Сенат саройи гумбазида дронлар ҳужуми асоратлари

3 майга ўтар кечаси иккита дрон Кремлга ҳужум қилди. Биринчиси Сенат саройи гумбази устида портлади, иккинчиси ҳам қарийб шу нуқтада, 16 дақиқа ўтганидан кейин. Россия ҳукумати дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилганини маълум қилган ва ҳужумда Киевни айблаган — лекин бу ҳақда фақат кун ўрталарига келиб хабар берилди. Украина ҳукумати ҳужумга алоқадорлигини рад этган.
Sefa Karacan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Краснодар ўлкасида нефт омборига берилган зарба оқибатлари

 

3 майга ўтар кечаси дрон Қора денгиз соҳилида, Краснодардан тахминан 180 километр масофада жойлашган Волна посёлкасидаги нефт маҳсулотлари сақланувчи резервуарга зарба йўллади. Кубан губернатори Вениамин Кондратьевнинг хабар қилишича, аланга 1,2 минг квадрат метр майдонни қамраб олган, уни фақат 16 соат ўтиб ўчиришга муваффақ бўлинган.

4 майга ўтар кечаси ҳам дрон Краснодар ўлкасидаги яна бир объектга зарба берди — Ильский нефтни қайта ишловчи заводга. Зарбадан кейин бошланган ёнғин эрталабки соат бешга келиб ўчирилган. Тахминан шу вақтда яна бир дрон Ростов областининг Киселевка қишлоғидаги Новошахтинский зарба берган, бошқаси Воронеж области осмонида портлаган — бу айнан қаерда бўлгани ва қайси объект зарба нишони бўлиши мумкинлигига аниқлик киритилмаган.

Барча тўрт ҳолатда жабрланувчилар борлиги ҳақида хабар берилмаган. Москва ҳам, Киев ҳам ҳозирча бу ҳодисалар юзасидан муносабат билдирмади.

Қрим соҳилидан Волна посёлкасидаги нефт маҳсулотлари омбори устида кўтарилган тутуннинг кўриниши
Reuters / Scanpix / LETA
Волна посёлкасидаги резервуарда чиққан ёнғинни ўчиришга уринаётган ишчилар
Россия ФВВ

Херсон ўққа тутилиши оқибатлари

3 май тонгида Россия қўшинлари Херсон шаҳри ва Херсон областидаги бошқа аҳоли яшаш манзилларига зарбалар берди. Херсонда Вокзал майдони, темирйўл вокзали ҳудуди, ёнилғи қуйиш шохобчаси, завод, автохўжалик ва иккита савдо нуқтаси (улардан бири — шаҳарда ишлаб турган ягона гипермаркет) зарбаларга йўлиққан.

Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Прокудин томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, Херсон шаҳрида тинч аҳоли вакилларидан 23 киши ҳалок бўлиб, 46 киши яраланган (улар орасида икки бола ҳам бор).

Россия ракеталаридан бири келиб тушган шаҳар вокзали яқинида турган херсонлик аёллар
Carlos Barria / Reuters / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари Херсондаги вокзал платформаси бўйлаб ярадорни олиб кетишмоқда
Carlos Barria / Reuters / Scanpix / LETA
Херсон россияликлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида яраланган аёл
Carlos Barria / Reuters / Scanpix / LETA
Ракеталардан бири келиб тушган гипермаркетда ҳалок бўлган херсонлик жасади устига ёпиб қўйилган мато
Ivan Antypenko / Reuters / Scanpix / LETA
Қурбонларнинг жасадларини гипермаркетдан олиб чиқаётган украиналик шифокорлар
Dina Pletenchuk / AFP / Scanpix / LETA

Донбасс шимолидаги украин ҳарбийлари

Давлат чегара хизмати ҳарбийлари Бахмут атрофидаги ерости бошпанасидан туриб ўз дронлари фаолиятини кузатмоқда
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA
Украина ҚК 28-алоҳида механизациялашган бригадаси ҳарбий хизматчиси Бахмут атрофидаги позицияда туриб танкка қарши гранатомёт қўлламоқда.
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Давлат чегара хизмати ҳарбийлари Часив Ярда окоп қазимоқда — Бахмутдан 13 километр ғарбдаги бу шаҳар Украина ҚК таъминотидаги асосий нуқта ҳисобланади.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA
Аннексия қилинган Донецк шаҳридан тахминан 60 километр масофадаги Константиновкада яшовчи кишилар отишмалардан кейин ёниб кетган автомобилни кузатишмоқда. Россия қўшинлари 3 май куни Константиновкага дронлар билан зарба берган. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг маълумотига кўра, бир киши яраланган, икки инфратузилма объекти (айнан қайсилари эканига аниқлик киритилмаган), шунингдек бешта кўп қаватли уй ва еттита хусусий уй шикастланган.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Киевда сакура гуллади 

Пойтахтдаги хиёбонлардан бирида гуллаган сакуралар орасида сайр қилаётган киевликлар. Фотосуратда хиёбонда эҳтимолий зарба вақтида яшириниш учун қум тўлдирилган қоплардан тайёрланган бошпанани ҳам кўриш мумкин
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид