Президентликка номзодлар, улуғланган Сталин ва нашида учун қамалишлар серияси — ҳафта дайжести
Мирзиёев муддатидан илгари президентлик сайловини эълон қилди: бешта партиядан иккитаси унинг номзодини кўрсатди. Тошкентда Сталинга шарафлар айтилди: ИИББ бу қонунга зид эмаслигини айтди. Нашида учун қамалганлар сони кўпаймоқда: янги конституциядаги принцип ишламаяпти. Якунланаётган ҳафта шарҳи – Kun.uz дайжестида.
9 июлда – президентлик сайлови
Ҳафтанинг асосий янгиликлари душанба куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишдан бошланди. Давлат раҳбари конституциявий референдум якунлари ҳақида маъруза қилиб, нутқининг якунида муддатидан илгари президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди. Сайлов 2 ойдан кейинга – 9 июл кунига белгиланди.
Шавкат Мирзиёев қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётгани ҳақида гапириб, буни – конституция ислоҳ қилингани, халқ давлатдан муҳим ўзгаришларни кутаётгани ва бошқа сабаблар билан изоҳлади.
“Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтайи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ. Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади”, – деди президент.
Давлат раҳбарининг муддатидан илгари президентлик сайловини тайинлаш ваколати борлиги янги конституцияга киритилган эди. Бунинг тартиби қанақа бўлишини Сайлов кодексига киритиш жараёни фавқулодда тез бўлиб кетди. Тегишли қонунни 2 май куни депутатлар қабул қилди, 4 май куни сенаторлар маъқуллади, 6 майда эса ҳужжатни президент имзолади. Қонунга кўра, президент муддатидан илгари сайлов ўтказишни тайинласа, сайлов 2 ой ичида ўтказилиши керак. Шунга мувофиқ, 8 майдаги фармон билан, сиёсий тадбир 9 июлга белгиланди.
Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини очиқ деб эълон қилиши ортидан, сиёсий партиялар бирин-кетин ўз номзодларини очиқлай бошлади. Парламентда энг кўп ўринга эга икки партия – ЎзЛиДеП ва Миллий тикланиш партиялари амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзодини илгари суришини эълон қилди. Давлат раҳбарининг ўзи президентликка номзодини қўйиши борасида ҳозирча муносабат билдирмади.
Президентлик сайловида бир номзодни бир нечта партия илгари суриши Ўзбекистон тарихида аввал ҳам бўлган. “Тарихий карточка” каналининг ёзишича, 2000 йилги президент сайловида бирданига учта – “Ватан тараққиёти”, “Фидокорлар” ва “Адолат” партиялари президентликка Ислом Каримов номзодини кўрсатган. Лекин шундан буён ҳар битта партия алоҳида номзодига эга бўлиб келаётган эди.
Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов номзод бўлади. У 2013-2018 йилларда халқ таълими вазири бўлган, 2019 йилдан бери сўлчилар партиясини бошқариб келяпти. Президентликка ўз раисини номзод қилаётган яна бир партия – Ўзбекистон Экологик партияси. Абдушукур Ҳамзаев партия раислигига ўтган йили сайланган, ундан аввал узоқ йиллар қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳаларида ишлаган. “Адолат” партияси эса уч йилдан буён Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Робахон Маҳмудовани қўллаб-қувватлаяпти. Партиянинг амалдаги раиси Баҳром Абдуҳалимов танланмаганига у 2021 йилги президент сайловида энг охирги 5-ўринни олгани сабаб бўлгандир, эҳтимол.
Прописка қонуни бекор қилинади
Янги конституцияни ҳаётга татбиқ қилиш ҳақида президент фармони имзоланди. Унга асосан, Тошкент пропискаси бўйича қонун бекор қилинади. Кўпларни куйдирган бу бемаъни қонунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага кириши мумкин бўлган фуқароларнинг 12 хил тоифаси кўрсатилган. Бу тоифалар бекор қилингач, прописка олиш бўйича бошқа ҳудудларда қанақа тартиб бўлса, пойтахтда ҳам худди шунақа тартиб амал қила бошлаши мумкин. Топшириққа кўра, ҳукумат бу қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидаги қонун лойиҳасини 2 ой муддатда парламентга киритиши керак.
Бундан ташқари, фармонга асосан, фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилиш тартиби жорий этилади. Яъни фуқаро доимий ёки вақтинча яшаш учун бошқа ҳудудга кўчиб ўтса, бу ҳақда “паспорт-стол”ни хабардор қилиб қўйишининг ўзи етарли бўлади. Ички ишлар вазирлигига 1 ой муддатда бу ҳақдаги фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Энг муҳим қадамлардан яна бири – фуқароларнинг картадан картага пул ўтказмаларидан солиқ органларининг хабардор бўлиб туриши бекор қилиняпти. 1 майдан кучга кириши белгиланган бу тартиб банк сирлари тўғрисидаги қонунга ва тўғридан тўғри конституцияга зид эди. Шу тариқа, бу талаб кучга кирганидан бир ой ўтиб, 1 июндан эътиборан расман ўз кучини йўқотади.
Президент фармонида, шунингдек, ота-оналарнинг барча ёшдаги фарзандлари таълимига йўналтирилган тўловларини солиқдан озод қилиш, болаларнинг давлат музейларига киришини бепул қилиш, маъмурий судларга шикоят қилишда давлат божини ундирмасдан, кейинчалик айбдордан ундириш, бирор ҳуқуқбузарликда гумонланаётган шахсни қамоққа олишдан олдин уни тиббий кўрикдан ўтказишни мажбурий қилиб белгилаш каби чоралар кўзда тутилган.
Кўча юришлари: Советпарастларга мумкин, бошқаларга-чи?
Ўзбекистонда энг кўп сокинлик ва хотиржамлик билан ўтадиган байрамлардан бирига айланган, одамларга шу куни қабристонларни обод қилиш, ўтиб кетган аждодлари ҳаққига дуо ўқиш ва кекса яқинларини йўқлашни ўргатган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, афсуски, охирги йилларда катта сиёсий таранглик билан ўтяпти. Дунёдаги энг катта ёвузлик империяси бўлган СССРни қўмсовчиларнинг тийиқсиз ҳаракатлари 9 майда кўпчиликнинг дилини хира қиляпти.
Кремл пропагандасининг бир қисмига айланган “Ўлмас полк” акцияси, гарчи расман рухсат берилмаётган бўлса ҳам, Тошкентда ҳар йили ўтказиб келиняпти. Икки йил олдин Халқлар дўстлиги майдонида СССР байроғини ҳилпиратган акция ташкилотчилари бу йил “Ўртоқ Сталинга ура” деган ҳайқириқ билан кўча юришини ўтказди.
Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг йиғилиш эркинлиги бўйича расмийлардаги икки хил стандартлар муҳокама қилинар экан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Сталинни олқишлаб қичқирганларнинг ҳаракатини қонуний деб баҳолагани эътирозларни баттар алангалатди. Бошқарма матбуот хизмати бу кўча юриши учун улар рухсат бермаганини Kun.uz'га тасдиқлади, лекин юриш қатнашчиларининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломати йўқлигини билдирди. Бу эса ўз-ўзидан советпарастларга мумкин-у, бошқаларга мумкинмасми, деган саволларга асос бўлди. Чунки ички ишлар билан келишмасдан, бошқа жойда, бошқа мазмунда кўча юриши уюштирилса, ташкилотчиларни нима кутиши хавотирли савол остида қолади.
Нашида учун қамалишлар серияси
Telegram'даги гуруҳга диний қўшиқ юборганлик айблови билан бир неча йилларга қамаб юборилаётган ёш-ёш йигитлар сони ошиб боряпти. Жамоатчиликка маълум бўлиб қолган навбатдаги ҳолат Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов билан рўй берди. У YouTube'даги нашида ҳаволасини синфдошларининг Telegram-гуруҳига юборгани учун суд томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Яқинларининг айтишича, 21 ёшли Жаҳонгир университетга грант асосида ўқишга кирган, қўлга олинмасидан олдин 2-босқичда ўқиётган бўлган. Шу йил бошида участкавой уни ўғирликда гумонлаб, қўлга олган, шундан кейин телефони ўрганиб чиқилганида, 2022 йили синфдошларининг Telegram-гуруҳига Youtube'даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборгани аниқланган. Бу нашида Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига асосан “ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган” деб топилган. Бунинг учун Тошкент вилояти Оққўрғон тумани суди уни жамоат тартибига таҳдид соладиган материал тарқатишда айблаб, унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Жаҳонгир Улуғмуродов тергов ва судда берган кўрсатмасида нашиднинг маъносини яхши тушунмай-билмай тарқатганини айтган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эса ёш йигитни Суриядаги жиҳодчи ташкилотни қўллаб-қувватлашда, унинг тарафдорлари сонини кўпайтиришни мақсад қилганликда айблаб чиқди. Ваҳоланки, Kun.uz ихтиёридаги айблов хулосасида ҳам, суд ҳукмида ҳам бунақа маълумот йўқ. Бу эса бошқарма йигитга туҳмат қилаётган бўлиши мумкин, деган гумонни ўртага чиқаради.
3 йиллик қамоқ ҳукмидан кейин, судланувчининг онаси президентга ва Олий судга видеомурожаат билан чиқиб, улардан ёрдам сўради.
“Соат 12 ларга яқин ўртоғининг онаси келди-да, “ўғлингиз нима қилиб қўйганини биласизми?” деб анча жанжал қилди. Ичкарига олиб кирдим, нима эканини ҳатто тушунмай қолдим. Улар “нашида, нашида” деб айтишади. Мен ҳатто нашида нима эканини билмайман, у нашида дегани қўшиқ, шеър дегани экан. Ўзим умуман диндан хабарим йўқ, кейин Жаҳонгир бир соатларда келиб қолди. Мен у нима эди деб сўрадим. Жаҳонгир: “Ая, мен ҳам билмайман нималигини, мен уни қўшиқ деб эшитганман, қўшиқ, қўшиқ” деб айтаверди”, – деди Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси.
Ҳуқуқ фаоллари охирги пайтларда бунақа ҳолатлар кўпайиб кетганини айтиб, давлат расмийларидан бу масалага жиддий эътибор қаратишни сўраяпти. Ёдингизда бўлса, бир неча ой олдин Сардор Раҳмонқулов исмли 21 яшар йигит ҳам худди шундай айблов билан аввалига 5 йилга қамалган, жамоатчилик эътирозлари фонида ҳукм шартлига ўзгартирилиб, у суд залида озодликка чиқарилганди.
Ундан аввалроқ эса, Тошкент туманида 20 ёшли дўкон сотувчиси тақиқланган эканини билмаган ҳолда интернетдан диний материал юклаб олиб, ўртоғига юборгани учун 6 йилга қамалганди. Кейинроқ вилоят суди ҳукмни ўзгартириб, озодликдан маҳрум қилиш муддатини 3,5 йилга қисқартирганди.
Бу ҳолатларда ҳукми жуда катта ўзгаришга учраган судялар ёки уларга эҳтимолий босим ўтказганлар бўйича бирор суриштирув бўлган ёки бўлмагани номаълум. Шу ўринда кўпдан кўп мақтовлар билан қабул қилинган янги конституциядаги янги нормалардан бирини эслатиб ўтишни истардик. Демак, 20-модда: “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”.
Оддий тилда тушунтирганда, мутаносиблик принципи ишлаган жойда ёш йигит айбдор деб топилса ҳам, шартли жазо билан суд залидан озод қилиниши мумкин. Бу принцип ишламаган жойда эса худди шу йигит 5 йилга қамаб юборилади.
ИИБ ходимлари ва қонунлар тўқнашуви
Ички ишлар органлари охирги кунларда бошқа салбий воқеаларнинг ҳам марказида турибди. Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги бозорда Ўзбекистон байроғи тасвиридаги, “Битирувчи” ёзувли лентани тақиб юрган йигит қўлга олиниб, жаримага тортилди. У ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасликда айбланди. Ходимлар “Сўнгги қўнғироқ” кунидаги ленталар одатий ҳол эканини била туриб, негадир шу топда байроқ ҳақидаги қонун талабларини эслаб қолган.
Бу ўринда қонунда ҳам хато борлиги аниқ. Қонун билан, давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Лекин бундай нормалар аллақачон эскирганини депутатлар ҳам тан олган. Ўтган йили ЎзЛиДеП аъзолари байроқдан фойдаланиш бўйича айрим чекловларни олиб ташлаш ташаббуси билан чиққанди, лекин бу ташаббус унутилиб кетганга ўхшайди.
Қашқадарёдаги ҳолатга қайтсак. “Битирувчи” ёзувли лента воқеасига Бош прокуратура аралашиб, очилган маъмурий ишни ноқонуний деб топди ва қарорни бекор қилди. Лекин бу натижадан жамоатчилик қониқмади, чунки ҳикоя шу ерда тугаса, эртага бошқа ички ишлар ходимлари ҳам фуқарони ноқонуний жаримага тортишнинг оқибати жиддий бўлмайди, деган сигнални оларди. Бу борадаги танқидлардан бир кун ўтиб, Қамаши тумани прокуратураси ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш бўйича вилоят ИИБга тақдимнома киритгани маълум қилинди.
Ички ишлар ходимлари билан боғлиқ бошқа воқеалар бундан-да нохушроқ. 11 май куни ички ишлар ходими қўллари боғлиқ ҳолда ётган кишига куч ишлатаётгани акс этган видео тарқалди. Видеода ойналари панжарали хонада оёқ ва қўллари боғланган кишига ички ишлар ходими бир неча марта куч ишлатганини кўриш мумкин. Ходим дастлаб шапалоқ ва мушт билан фуқаронинг бош қисмига урган, кейин бошини эзган ва оғзини латта билан боғлаб қўйган.
Сурхондарё вилояти ИИБга кўра, воқеа Музработ тумани тиббиёт бирлашмасида, мастлик ҳолатидаги шахслар пунктида рўй берган. Эркак маст аҳволда бўлган, у ерга “102”га тушган мурожаат асосида олиб келинган. Расмийларнинг изоҳлашича, ходим фуқарога куч ишлатиш орқали уни тинчлантирмоқчи бўлган, чунки маст эркак беморларнинг тинчини бузиб, қўпол сўзлар билан ҳақоратлашда давом этган. Ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиляпти. Прокуратура ҳам терговга қадар текширув бошлаганини маълум қилди.
Ички ишлар ходимлари устидан терговга қадар текширувни Тошкентда Миробод туман прокуратураси ҳам ўтказяпти. Бу ерда, ўтган ҳафта хабар берганимиздек, тергов бўлимида гумонланувчига қийноқ қўлланган бўлиши мумкин. Қийноққа учрагани айтилаётган фуқаролардан бири – наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев. Ички ишлар вазирлиги инвесторнинг тергов бўлимида калтакланганини инкор қилиб, суратдаги жароҳатлар эски эканини айтганди. Тадбиркорнинг адвокати эса, буни рад этиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, мижози ички ишлар органига соғ-саломат борган, қаршилик кўрсатмаган, танасидаги жароҳатлар айнан тергов бўлимида пайдо бўлган. Тадбиркорнинг ўзи ҳам омбудсман билан суҳбатда қийноқларни тасдиқлаган. Омбудсманнинг назорат хати ва адвокатнинг аризасини прокуратура ўрганяпти.
Прокуратурадаги коррупция ҳақидаги хабар билан ҳуқуқ органлари мавзусига якун ясаймиз. Маълум бўлишича, 6 май куни Бош прокуратура катта прокурори Э.А. ва Тошкентнинг Учтепа тумани прокуратураси терговчиси А.Д. ҳибсга олинган. Улар фирибгарлик ва пора беришда гумонланяпти. Жиноят тафсилотлари маълум эмас.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Uzcard ва Humo банкоматларини интеграциялаш бўйича техник ишлар якунланяпти. Ҳозирча биттадан Uzcard ва Humo банкоматлари ҳар иккала карта турини ҳам қабул қиладиган бўлди. 1 июндан бундай имкониятни ҳамма банкоматларга жорий қилиш бошланади. 2023 йил охиригича терминаллар ҳам интеграция қилиниб, бир тўлов тизимининг картаси билан иккинчи тўлов тизимининг терминали орқали тўлов қилиш мумкин бўлади.
Шавкат Мирзиёев энергетика соҳаси бўйича мажлис ўтказди. Мажлисда президент масъулларга ёзда электр тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифасини юклади. Бундан ташқари, электр тармоқлари ва трансформаторларни таъмирлаш бўйича 2023 йилга режа қилинган ишлар 1 августгача тугатилиши керак. Қуёш панелларини ўрнатиш бўйича вазифаларни бажармагани учун 7 та туман ва 2 та шаҳар ҳокими ҳайфсан олди. Йил охиригача электромобиллар учун 900 та зарядлаш станцияси ўрнатишга топшириқ берилди.
Ўзбекистон ва Россия президентлари 8 май куни Кремлда учрашув ўтказди. Учрашувда қатор масалалар муҳокама қилинди, Владимир Путин Ўзбекистонда референдум муваффақиятли ўтгани билан Шавкат Мирзиёевни табриклади. Эртаси куни II Жаҳон урушидаги ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказилган парадда постсовет давлатларидан 7 тасининг раҳбари иштирок этди. Бу эса Украинанинг эътирозига сабаб бўлди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги буни “Украинага нисбатан дўстона бўлмаган қадам” деб баҳолади.
Самарқанднинг Пахтачи туманида даҳшатли портлаш рўй берди. Интернетда видеолари тарқалган техноген офат 9 май куни кечқурун аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида содир бўлган. Оқибатда ҳудуддаги контейнерлар, маъмурий бинолар ва бир нечта техникалар зарарланган. Бир киши куйиш жароҳатини олган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодисага суюлтирилган газ ташувчи автомашинадан газни захира сиғимига бўшатиш жарёнида хавфсизлик қоидалари бузилгани сабаб бўлиши мумкин.
“Менинг йўлим” лойиҳасининг илк мавсуми ғолиблари эълон қилинди. Лойиҳадаги ташаббусларга жами 8 миллиондан кўп овоз йиғилди. Овоз тўплаш учун кураш айниқса қишлоқларда қизғин бўлди. Лекин тўла адолатли бўлмагани ҳам бор гап. Масалан, Самарқандда Паст Дарғом тумани камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи маҳалла раисларига овоз йиғишни буюриши ортидан, ишдан олинди.
Тошкентда 3 қаватга рухсат берилган бино 12 қават қилиб қурилгани аниқланди. Тадбиркор ноқонуний равишда қўшимча 9 қават ва мансарда қурган. Расмийларга кўра, Учтепа тумани 23-мавзеда жойлашган уй тасдиқланган лойиҳага зид равишда 3 қаватдан баландроқ қилиб қурилаётгани 2021 йилдаёқ тегишли инспекцияга маълум бўлган, лекин огоҳлантиришлар кор қилмаган. Энди деярли битиб қолган объект тадбиркор ҳисобидан бузилиши масаласи судда кўрилади.
Мопедлар, квадроцикллар, трицикллар, скутерлар ва шу каби тезлиги 50 км/соатдан ошмайдиган транспорт воситаларини ҳайдовчилик гувоҳномасини олмасдан туриб бошқаришга рухсат берилди. Бу рухсат вақтинчалик – шу йил охиригача амал қилади. Бу воситаларни бошқараётганлар мотошлем кийиши керак, деган талаб сақланиб қолди. Шу йўл орқали етказиб бериш хизматлари бозорини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
21:00 / 07.12.2024
Парламентдаги сукунат, БААдаги ҳибслар ва Туркманистон билан келишув — ҳафта дайжести
23:15 / 30.11.2024