Жаҳон | 19:19 / 22.05.2023
7701
3 дақиқада ўқилади

Белгород вилоятида аксилтеррор операцияси режими эълон қилинди

Белгород вилояти ҳудудида аксилтеррор операцияси режими эълон қилинди, деб хабар берди вилоят раҳбари Вячеслав Гладков. 

Фото: AP

Унинг сўзларига кўра, у “фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” жорий этилган ҳамда “махсус чора-тадбирлар ва вақтинчалик чекловларни ўрнатади”. 

“Жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текширишдан бошлаб, портловчи, радиоактив, кимёвий ва биологик хавфли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқариш ва ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туришгача”, — дея тушунтирди губернатор Telegram-каналида.

22 май куни Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков «Украина Қуролли кучларининг қўпорувчилик-разведка гуруҳи Грайворон тумани ҳудудига кирганини» маълум қилди. 

«Россия Федерацияси Қуролли кучлари чегара хизмати, Россия гвардияси ва «ФСБ» билан биргаликда душманни йўқ қилиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Тафсилотлар ҳақида хабар бераман», — деб ёзди Гладков 22 май куни Telegram-каналида. 

Унинг сўзларига кўра, айни тумандаги Глотово қишлоғи ўққа тутилганидан кейин икки киши яраланган. «Аёлнинг аҳволи оғир, эркакнинг аҳволи ўртача оғирликда, ҳар иккиси реанимацияда», — дея қўшимча қилди губернатор. 

Аввалроқ Россия Telegram-каналлари Белгород вилоятининг Грайворон тумани оммавий ўққа тутилгани ҳақида хабар берган эди. «Биздаги маълумотларга кўра, бир соатдан кўпроқ вақтдан бери Украина Қуролли кучлари Новостроевка-Первая, Козинка, Безимено, Доброе, Глотово ва Головчино қишлоқларини ўққа тутмоқда. Бир киши ҳалок бўлган», - деб ёзган Mash 22 май куни эрталаб. Бундан ташқари, Новая Таволжанка қишлоғидаги турар жой биносига портловчи мослама ташланганлиги хабар қилинган. 

Айни пайтда, «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз жангчилари Россияда экани ва у ерда жанговар топшириқларни бажараётганини маълум қилди. Фаоллар Telegram’да Брянск ва Белгород вилоятларидаги қишлоқларга кираверишдаги йўл белгилари фонида бир нечта видеоларни жойлаштирган ва улар курашни давом эттираётганликларини билдиришган. 

Ўз навбатида, «Россияга озодлик» легиони Украина билан чегарага яқин ҳудудлар аҳолисини уйда қолишга ва «қаршилик қилмасликка» чақирди. Қўшимча маълумотлар кейинроқ берилиши айтилган.

Мавзуга оид