Жаҳон | 12:25 / 29.05.2023
9308
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ америкалик сенатор Линдси Грэмни қидирувга берди

Россия Ички ишлар вазирлиги америкалик сенатор Линдси Грэмни Россия Федерацияси Жиноят кодекси моддаси бўйича қидирувга берди.

Линдси Грэм Фото: Global Look Press/Aaron Schwartz

Россия Ички ишлар вазирлиги америкалик сенатор Линдси Грэмни қидирувга берди. Бу ҳақда ТАСС хабар тарқатди. 

Идора маълумотлар базасида 1955 йилда туғилган АҚШ фуқароси Грэм Россия Федерацияси Жиноят кодексининг моддаси бўйича қидирувга берилгани айтилади. 

28 май куни Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин америкалик сенаторнинг россияликларнинг ўлдирилиши ҳақидаги русофоб баёнотлари факти бўйича жиноий иш қўзғатиш вазифасини топширди. 

Аввалроқ, Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда сенатор Грэм АҚШнинг республикага ҳарбий ёрдами ҳақида гапирар экан, «россияликлар ўляпти», деб айтгани, Қўшма Штатлар эса «ҳеч қачон пулни бунчалик яхши сарфламаганини» таъкидлагани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. 

«Интернетда тарқалган видеода АҚШ сенатори Линдси Грэм Украина президенти билан учрашув чоғида Россия фуқароларининг ўлимига сабаб бўлишда Қўшма Штатларнинг молиявий иштироки борлигини маълум қилди», — дейилади идора матбуот хизмати хабарида. 

Reuters агентлиги Грэм ва Зеленский ўртасидаги суҳбат ёзувининг тўлиқ версияси билан танишди – унда россияликларнинг ўлими ва Америка сармоялари ҳақидаги иборалар кетма-кет келмаган.

Мавзуга оид