НАТО Косовога қўшимча батальон жўнатяпти
Косово шимолидаги норозилик намойишлари фонида НАТО KFOR тинчликпарварлик миссияси доирасида мамлакатга қўшимча кучлар юборишга қарор қилди. Яна бир захира батальони шай ҳолатга келтирилди.
Косово шимолида қайтадан бошланган норозилик намойишлари фонида НАТО 30 май, сешанба куни алянс бошчилигидаги KFOR тинчликпарварлик миссияси доирасида минтақага қўшимча кучларни юборишга қарор қилди. Германиянинг dpa агентлиги Брюсселдаги ҳарбий суҳбатдошларига таяниб хабар беришича, қўшимча кучлар 700 га яқин аскардан иборат бўлади. Ҳозирда Косовода KFOR миссияси доирасида 3800 тинчликпарварлар бор.
Шимолий Атлантика алянси Косоводаги қўшимча кучларнинг биринчи қисми етти кун ичида жойлаштирилишини маълум қилди. Агар бу етарли бўлмаса, тезкор захирадаги бошқа батальонга юқори шай ҳолатга ўтиш буюрилди.
Тинчликпарварлар сонининг кўпайиши KFOR'нинг БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатига мувофиқ Косовода хавфсизликни таъминлаш учун етарли кучларга эга бўлиши учун зарур, деди НАТОнинг Неаполдаги иттифоқчи кучлар қўмондонлиги раҳбари Стюарт Манш.
30 май куни эрталаб юзлаб сербиялик намойишчилар Косово шимолидаги Звечан шаҳри маъмурияти олдида яна тўпланишди. Бир кун аввал уларнинг шаҳардаги намойиши бинони қўриқлашда Косово полициясига ёрдам берган KFOR кучлари билан тўқнашувларга айланиб кетди. Оқибатда камида 50 нафар намойишчи ва 41 тинчликпарвар яраланган. Европа Иттифоқи зўравонликни кескин қоралади ва томонларни кескинликни камайтиришга чақирди. Германия ташқи ишлар вазирлиги ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.
Мавзуга оид
15:01 / 20.12.2024
Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
21:58 / 16.12.2024
Россия мудофаа вазири армияни НАТО билан урушга тайёрлашни буюрди
19:58 / 13.12.2024