Ўзбекистон | 15:32 / 02.06.2023
30138
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – дунёвий давлат. Бу нима дегани? — таҳлилчилар билан суҳбат

Ўзбекистон конституциясидаги 1-моддада Ўзбекистон дунёвий давлат экани белгиланди. Хўш, дунёвий давлат нима дегани ўзи? Дунёвий давлатнинг қандайдир қолип, кўриниши борми? Бу масалада олимлар ягона консенсусга келганми? Айни тушунчанинг конституцияда акс этишига қандай зарурат бор эди?

Kun.uz мухбири мавзу юзасидан сиёсатшунос Фарҳод Толипов, адвокат Раззоқ Алтиев ва журналист Сардор Салим билан суҳбатлашди.

— Дунёвий давлат қандай давлат, унинг аниқ таърифи, қолиплари борми? Ўзбекистон учун унинг зарурати нимада эди?

Фарҳод Толипов:

— Бу каби саволлар сиз каби менда ҳам бор. Бу уч — дунёвий, ҳуқуқий, ижтимоий деган тушунчалар борасида ҳозирча дунё сиёсатшунослари, экспертлари орасида аниқ бир келишув, якдиллик мавжуд эмас. Турли сиёсий доиралар турлича баҳслар бўлади бу борада. Ҳуқуқий давлат тушунчаси нега қўшилди, конституция ва бошқа қонунлар ишласа, шундоқ ҳам ҳуқуқий давлат бўламиз-ку, деган гапларни ҳам эшитяпмиз.

Фарҳод Толипов

Дунёвий давлат тушунчаси ҳақида гапирсак. Бу борада аксарият олимлар, экспертларда якдиллик бор, аммо аниқ бир атама сифатида киритилгани йўқ. Лекин халққа, жойлашувга кўра намоён бўлиши ҳар хил. Секуляризмни менинг назаримда 4 томондан кўриб чиқса бўлади: диний томондан, сиёсий томондан, фалсафий ва ҳуқуқий томондан.

Сиёсий нуқтаи назардан қаралса ҳам бир нечта тушунча бор. Собиқ иттифоқ давридан қолган жин давлатдан ажратилган, деган ёндашув бор. Аниқроқ қилиб айтилиб, дин эмас, диний институтлар давлатдан ажратилган, дейилади. Бундан ташқари, давлатда ҳеч бир дин устувор бўлмайди, бир-бири билан тенг, давлат даражасига чиқмайди, каби таърифлар ҳам учрайди. Социологик нуқтаи назардан дунёвийлик диний эркинликни таъминлайди, дейилади.

Диний институтлар давлатдан ажратилган бўлади, деган тамойилни илгари сурсак ҳам, нотўғри бўлиб қолади. Чунки Марказий Осиё давлатларида буткул ажратилмаган.

Сардор Салим:

Сардор Салим

— Юқоридаги фикрларга қўшиламан. Секуляризм тушунчаси жадидчилар ва болшевиклар билан кириб келган ўзбек жамиятига.

Мен 3 та нуқтаи назардан ёндашаман. 1. Социологик нуқтаи назар: оиладаги, жамиятдаги қонунлар қонунларга асосланади, динга эмас. 2. Фалсафий нуқтаи назар: бунда айни яшаб турган дунёга кўпроқ эътибор бериш бўлади, охиратга эмас. 3. Сиёсий секуляризм, яъни бунда дин ва давлатни ажратиш. Аслида, бу мумкин эмас. Маҳатма Ганди динни сиёсатдан ажратмоқчи бўлган одам сиёсатни ҳам, динни ҳам тушунмайди, деган.

Секуляризмнинг конституция даражасига кўтарилишига сабаб Ўзбекистонда аҳоли Ислом динига эътиқод қилиши кучаймоқда. Маълум элита қатлам вакиллари томонидан бу таҳдид сифатида кўрилмоқда. Радикаллашиш ва исломлашишни бир-биридан ажрата олишмаяпти.

Секуляризм тушунчаси киритилиши бир томондан имконият бўлиши мумкин. Масалан, Европада секуляризм икки хил тушунча, яъни динга хайрихоҳ секуляризм ва динга қарши секуляризм. Бизга болшевиклар орқали динга қарши секуляризм кириб келган. СССР 30-йиллардан диндорлар қатағон қилиши шундан. Динга хайрихоҳ секуляризм тушунчаси бўлса, имконият бўлади бу. Юқоридаги элитага боғлиқ бу.

Раззоқ Алтиев:

Раззоқ Алтиев

— Конституциялар мисолида бу тушунча янгилик эмас, кўплаб ғарб давлатларида мавжуд. Олдинги конституцияда ҳам дин ва давлат ажратилгани белгилаб қўйилганди. Конституцияга шарҳнинг намунасида дунёвийлик деганда, қонунлар устуворлиги таъминланадиган, дин ва давлат бир-биридан ажратилган экани айтилган.

Баъзи давлатларнинг конституциясида диний қоидаларга амал қилиниши, шунга кўра иш кўрилиши белгиланган. Фақат мусулмон давлатлар эмас, бошқа давлатларда ҳам бор. Умуман, дунёвий давлат эканимизни мустақиллик эълон қилинган даврдан эътироф этилади. Яъни виждон эркинлиги таъминланишининг ўзи дунёвийлик, фақат ҳозирги конституциясида аниқ термин сифатида киритилди. Юрист сифатида бу нарса янги конституциянинг ютуғи деб биламан.

— Бу тушунча киритилиши фуқаро ва фуқаро ёки давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларда қандай ўзгаришларга олиб келади?

Фарҳод Толипов:

— Мавҳумлик кириб келди деган фикрдаман мен. Бу тушунчага аниқ шарҳ берилмас экан, турлича талқинларга сабаб бўлаверади.

Олдин ҳам конституциядан ташқарида диний ташкилотлар, эътиқод ҳақида қонун бор эди. Ўша қонунда ҳам дунёвийлик тушунчасини очиб берувчи бандлар бор эди. Балки ўша қонунларни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўларди. Конституцияга бу тарзда мавҳум қилиб киритиш айтганимиздек турли ёндашувларга сабаб бўлиши мумкин.

Диний идоралар орқали давлат билвосита тарзда дин ишларига аралашмаяптимикан, деган савол қўйиш ҳам мумкин. Мувофиқлаштириш бордек тасаввур пайдо бўлади. Баъзи диний муассасалар давлат бюджетидан қуриляпти. Демак, ажратилмаган тўлиқ.

Одамлар ўртасидаги муносабатлар масаласида экспертлар бош қотиришяпти ҳозир. Масалан, ОТМда ҳижоб ўраш тақиқланган эди ички тартиб-қоидалар орқали. Буни изоҳлаш учун биз дунёвий давлатмиз дейишарди масъуллар. Шундай турлича ҳолатлар бўлгани ҳам анча вазиятни чалкаштириб юборади.

Раззоқ Алтиев:

— Дунёвийлик деганда, давлат дин эркинлиги таъминлаши, дин ўртасидаги тотувликнинг сақлаши тушунилиши керак. Биз баҳслашаётган ҳолатларга шарҳ берилса, ҳамма тушунмовчиликлар барҳам топади.

Умумий қоидага кўра тушунмовчилик ҳолатлари фуқаро фойдасига ҳал қилинади. Аммо бундай қоидалар илгари ҳам бор эди. Қай даражада ишлагани ҳам маълум.

Дунёвий давлат тушунчасини фақат шу моддалар, қонунлар орқали муҳокама қилиш эмас, балки шу қонунлар билан ишловчи ходимлар савияси билан боғлаш керак. Ходимлар ўз билганича, ўз талқини билан иш қилса, қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Шунинг учун кенгроқ шарҳ, тушунтириш керак бўлади моддалар ҳақида.

Сардор Салим:

— Дунёвийлик тушунчаси давлат ва фуқаролар томонидан тўғри англанилса, ижобий натижалар беради, фикримча. Секуляризм кўпроқ толерантликка бошлайди, яхши нарса бу. Лекин Ғарбий Европадан кўр-кўрона ўзлаштириш билан татбиқ қилинмаслиги керак. Секуляризм тепадан босим билан эмас, пастдан тепага ўсиши керак. Биз бу секуляризмни ўзимизники қилишимиз керак, кўр-кўрона кўчириш эмас.

Диндор қатламда бу нотўғри тушунилади. Чунки баъзи давлатларда нотўғри талқин қилинган бу. Сабаби бу нарса ғарб колониялаштириши билан кириб келган аксар жамиятларга. Шунинг учун ҳам тўғри тушуниши керак икки томон ҳам.

  • Интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Асрор Алламуродов.

Мавзуга оид