Андижон вилоят ИИБ мансабдорлари катта миқдорда гаров пулларини ўзлаштириб юборгани айтилмоқда
Айблов хулосасида жиноий гуруҳ ИИБнинг депозит ҳисоб рақамидаги 5 млрд 654 млн сўм маблағни сохта ҳужжатлар орқали 138 нафар фуқаронинг банк карталарига ўтказиб, нақдлаштириб олгани ҳақида гап боради. Айни пайтда уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Kun.uz ихтиёрига Андижон вилояти ИИБ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишига доир маълумотлар келиб тушди. Унда ИИБ мансабдорлари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда депозит ҳисобда сақланган пулларни талон-торож қилгани ҳақида гап боради.
Ҳужжатга кўра, Андижон вилоят ИИБ Молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, молиявий таъминот хизмати бошлиғи М.М., молиявий таъминот хизмати бошлиғи ўринбосари Д.А., молиявий таъминот хизмати ҳисобчиси Ш.М. ҳамда МИБ Андижон шаҳар бўлими собиқ давлат ижрочиси Ш.А. ўзаро жиноий тил бириктирган. Улар бир гуруҳ бўлган ҳолда вилоят ИИБнинг депозит ҳисоб рақамидаги гаров сифатида тўланган пул маблағларини ўзлаштириш бўйича жиноий режа тузишган.
Жиноий гуруҳ 2020-2022 йиллар давомида ўзларига олдиндан таниш бўлган фуқароларнинг пластик карталарини олиб, айнан ушбу фуқароларни гўёки депозит ҳисоб рақамларига пул маблағлари қўйганлиги бўйича сохта ҳужжатлар тайёрлашган. Жумладан, улар томонидан суд органларининг қарорлари, МИБ ижро варақалари ҳамда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг гербли муҳри сохталаштирилган.
Сўнгра сохта ҳужжатларга асосан 159 та ҳолатда депозит ҳисоб рақамдаги жами 5 млрд 654 млн сўм маблағ 138 нафар фуқаронинг банк картасига ўтказилган ҳамда нақдлаштириб олинган.
Жумладан, давлат молиявий назорати бошқармаси ва Андижон вилояти ИИБ мутахассислари томонидан ўтказилган текширишда Андижон вилоят ИИБнинг депозит ҳисоб рақамидан 2020 йилда 594,4 млн сўм, 2021 йилда 2 млрд 616 млн сўм ҳамда 2022 йилда 2 млрд 443,9 млн сўм маблағ алоқаси йўқ фуқаролар номига очилган банк карталарига ўтказилиб, сарфлаб юборилганлиги аниқланган. Шундан қарийб 1,5 млрд сўм маблағ қайтарилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди жиноий иш қўзғатилган.
Kun.uz манбасига кўра, 2022 йилнинг ноябрь ойида Андижон шаҳар бўлими собиқ давлат ижрочиси Ш.А. ҳамда молиявий таъминот хизмати ҳисобчиси Ш.М.га, 2023 йил феврал ойида молиявий таъминот хизмати бошлиғи М.М. ҳамда апрель ойида молиявий таъминот хизмати бошлиғи ўринбосари Д.А.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Айблов хулосасида кўринишича, М.М. ҳамда Д.А. ўз кўрсатмаларида бу ишларга алоқалари йўқлигини маълум қилишган. Kun.uz билан боғланган молиявий таъминот хизмати бошлиғи М.М.нинг турмуш ўртоғи бу жиноятда турмуш ўртоғининг алоқаси йўқлигига доир кўплаб аудио ва бошқа далиллар тергов органига тақдим қилингани, аммо уларнинг бирортаси инобатга олинмаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
21:00 / 09.12.2024
200 долларлик фотосурат, “иш битирган” курка болалари ва қўшмачининг “танка”си – ноодатий поралар
21:56 / 26.11.2024