Ўзбекистон | 10:56 / 27.06.2023
9946
2 дақиқада ўқилади

Япониянинг Кагава префектураси Ўзбекистондан ишчи кучи ёлламоқчи

Япониянинг Кагава префектураси ва Сирдарё вилояти ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигида дипломатик миссия делегацияси Япониянинг Кагава префектурасига ишчи ташрифи доирасида префектура губернатори Тоёхито Икеда билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашув чоғида икки томонлама ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари ўртасида кўплаб самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, Тошкент-Нагоя, Самарканд-Нара, Риштон-Майдзуру шаҳарлари ўртадаги биродарлик  алоқалари қайд этилди. 

Ўзбекистон вакиллари Кагава префектураси ва  Сирдарё вилояти ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш таклифини  билдиришди.

Префектура губернатори Тоёхито Икеда Ўзбекистон, хусусан Сирдарё вилояти билан ҳудудлараро алоқалар ўрнатишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Губернатор ҳозирги кунда Кагава префектураси саноати учун инженер мутахассислари етишмаётганини таъкидлаб, Ўзбекистондан ишчи кучини ёллашга қизиқиши борлигини маълум қилди.

Учрашувда университетлар ва мактаб таълими йўналиши бўйича академик ҳамкорликни йўлга қўйиш, Кагава префектурасидаги таълим муассасаларида ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар учун қисқа муддатли курсларни ташкил қилиш, Япония юқори мактаби ўқувчиларининг хорижий илмий сафарларини Ўзбекистонда ўтказиш каби масалалар бўйича келишувга эришилди.

Ташриф доирасида элчихона вакиллари Япониянинг OISCA ташкилотининг Шикоку бўлинмаси қошидаги ўқув марказида бўлиб, марказ директори Ишими Ясуо, OISCA ижрочи директори Ишии Ёшио ҳамда амалиётчилар билан учрашди.

Мавзуга оид