Кореядаги энг йирик ҳалокат — Сеулда кўп қаватли бино нега қулаб тушганди?
1995 йил Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳридаги кўп қаватли савдо маркази қулаб тушади. Оқибатда 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлади, минглаб инсонлар жароҳатланади. Ҳодиса тафтиш қилинганда бино қурилиш нормаларига риоя қилинмасдан қурилгани, цемент ва арматура меъёрдан кам ишлатилгани, бино тепасидаги сўнгги қават ўзбошимчалик билан қурилгани аниқланади.
Гарчи Жанубий Корея дунёнинг ривожланган ва бой давлатларидан бири бўлса-да, бу мамлакат ҳам коррупциядан холи эмас. Ҳар йили кўплаб мансабдорлар турли коррупция ишларида айбланади.
Жанубий Кореядаги коррупцион ишларнинг маълум қисми қурилиш соҳасига тўғри келади. Яъни ер олиш, қурилиш лойиҳаларини ўзгартириш ва ҳоказо. 1995 йилда Сеулда содир бўлган фожианинг илдизи ҳам айнан қурилиш соҳасидаги коррупцияга тақалади.
Ўшанда сифатсиз қурилган савдо маркази биноси қулаб тушади. Оқибатда кўплаб инсонлар ҳалок бўлади ва жароҳатланади. Суриштирувларда, буюртмачи давлат амалдорларига пора бериб лойиҳани ўзгартиргани ва тўрт қаватли турар жой биноси ўрнига беш қаватли савдо маркази қургани аниқланади.
Ана шу фожиа кейинчалик Жанубий Кореяда қурилиш билан боғлиқ турли нормалар назоратининг кескин кучайтирилишига сабаб бўлади.
Ҳалокатдан аввал
1981 йилда Сеул шаҳри 1988 йилда бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини ютиб олади. Шундан сўнг Жанубий Корея пойтахтида жуда катта кўламда қурилиш ишлари бошланиб кетади.
Спортчилар ва турли делегацияларнинг истиқомат қилишлари учун кўп қаватли уйлардан иборат "Олимпиада шаҳарчаси" қурила бошланади. Шунингдек шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам уй-жойлар қурилиши жадаллаштирилади.
Ўшанда Корея ҳукумати маҳаллий қурилиш компанияларини қўллаш учун хориж қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаб қўяди. Натижада барча бинолар кореялик қурувчилар томонидан қурилади.
Сеулда қулаб тушган савдо маркази ўрнида аввалига тўрт қаватли уй қурилиши режалаштирилганди. Бироқ қурилиш эгаси бўлган Sampoong Group компанияси раҳбари Ли Чжун Сеулнинг Сочхогу тумани мансабдорларига пора бериб, тўрт қаватли уй ўрнига тўрт қаватли савдо маркази қуриш учун рухсат олади.
Бино қурила бошланади ва қурилиш ишларини Woosung Construction фирмаси олиб боради. Бироқ кўп ўтмай буюртмачи ва қурилиш фирмаси ўртасида низо келиб чиқади. Бунга буюртмачининг қурувчига лойиҳадан четга чиқишни талаб қилгани сабаб бўлади.
Охир-оқибат қурилиш фирмаси шартномани бекор қилади. Қурилиш ишларини Sampoong Group компанияси ўз кучи билан давом эттиради. Кўп ўтмай, компания директори Ли Чжун бинонинг тепа қисмида ўзбошимчалик билан яна бир қават қўштиради. Шу тариқа савдо маркази беш қават қилиб қурилади.
Ўшанда бинонинг ер устидаги қисми беш қаватли қилиб қурилган бўлса, унинг ертўла қисми ҳам тўрт қаватдан иборат эди.
1989 йилда «Sampoong» савдо марказининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унгача компания савдо марказидаги кўплаб дўконларни тадбиркорларга ижарага бериб бўлганди. 1990 йил 7 июн куни савдо маркази тўлақонли ишлай бошлайди. Ўша пайтларда мазкур савдо марказига ҳар куни ўртача 40 минг одам ташриф буюради.
Бинодан фойдаланишда йўл қўйилган хатолар
Дастлаб, бинонинг бешинчи қаватига муз майдони қуриш режалаштирилади. Бироқ, Ли Чжун режани ўзгартиради ва тепа қаватнинг бир қисмига корейс ресторанларини жойлаштиради.
Ресторанларда оёқ остига қўшимча бетон қуйилиб поли иситиладиган қилинади. Бинонинг ертўла қисмидаги қаватларда бўш жойни кўпайтириш учун совитиш тизими ускуналари ҳам тепа қаватга ўрнатилади.
Шу тариқа тепа қаватдаги оғирлик миқдори ошиб кетади ва қаватлар орасидаги устунларга кўпроқ юк тушишига сабаб бўлади. Оқибатда, бинода биринчи ёриқлар пайдо бўлади.
Бундан ташқари, бинога қўшимча қават қурилганда унинг устунлари пастдаги устунларга мос қилиб қўйилмайди. Бу иш тўртинчи қават томидаги плиталарга юк бўлиб тушади.
1994 йилда иккинчи қаватда жойлашган банк филиали биринчи қаватга кўчирилади ва ўрнига китоб дўкони жойлаштирилади. Кўп сонли китоблар оғирлигидан иккинчи қават фойесида ёриқлар пайдо бўлади ва кун сайин катталаша бошлайди.
Натижада 1995 йил 3 март куни китоб дўкони ёпилади ва китоблар олиб чиқиб кетилади. Бироқ бу ёриқларнинг кенгайиб боришини тўхтатмайди. 1995 йил апрел ойида бешинчи қаватдаги ресторанлар шифтида, кўп ўтмай полида ҳам ёриқлар пайдо бўлади.
Бино устунларига, шифт ва полларига ёриқ тушар экан, улар вақт ўтиши билан катталаша бошлайди. Бироқ савдо маркази директори ва бошқа масъул ходимлар ҳолатга эътиборсиз бўлишади. Улар муаммога эътибор қаратишганда эса вазият издан чиққан, бино қулаб тушиш хавфи остига келиб қолганди.
Ҳалокат
1995 йил 29 июн куни Ли Чжуннинг ўғли, отаси томонидан савдо маркази директори этиб тайинланган Ли Хан Сан бинонинг ҳолати бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади. Шу пайтда бинонинг юқори қаватида жойлашган ресторан полининг икки метр жойи чўккани, шифтнинг бир қисми узилиб тушгани ҳақида хабар беришади.
Ли Чжун воқеа жойига бориб таянч устунда 20 сантиметрлик ёриқ пайдо бўлганини ва шифт осилиб қолганини кўради. Бешинчи қаватдаги бошқа бир ресторан шифтидан сув оқа бошлайди.
Соат 11:00 ларда бешинчи қаватдаги ҳолатни савдо маркази директори Ли Хан Сан ёрдамчиси ва бино архитектори билан бирга текширади. Вазият аянчли эди. Бир соатдан сўнг бешинчи қават ёпилади, совитиш тизимига уланган газ таъминоти тўхтатилади, кондиционерлар ўчирилади.
Соат 16:00 да (бино қулашидан тахминан 2 соат олдин) Ли Чжун учинчи қаватдаги залда вазият бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказади.
Шу жойда бешинчи қаватдаги газни узган назоратчи зудлик билан савдо марказидан одамларни эвакуация қилиш ва сўнг бинода таъмирлаш ишларини бошлаш зарурлигини айтади.
Бироқ муҳандис Ли Хак Су савдо маркази фаолиятини тўхтатмасдан бинони таъмирлаш ва шу тариқа вазиятни ўнглаш мумкин, деган фикрни билдирди. Раҳбарият унинг сўзларини қўллаб-қувватлайди ва шундан сўнг зарур чораларни муҳокама қилиш бошланади.
Орадан бир соат ўтгач муҳандис таклиф қилган йўл билан вазиятни ўнглаб бўлмаслиги ойдинлашади. Савдо маркази техник ходимлари иккинчи қаватга чиқишни ҳам ёпиб қўйишади ва вазият ёмонлашаётгани ҳақида раҳбариятга маълум қилишади. Ваҳимага тушган раҳбарият одамларни эвакуация қилишни ташкиллаштириш ўрнига зудлик билан бинони тарк этади.
Соат 17:50 да иккинчи ва учинчи қаватдаги ходимлари бинони зудлик билан тарк этиш лозимлигини айтиб бақира бошлашади. Эшикка яқин бўлган одамлар бинодан чиқа бошлашади.
Бироқ ходимларнинг овози ер остида жойлашган тўрт қаватнинг биронтасига эшитилмайди. Оқибатда пастки қаватларда бўлган одамлар огоҳлантиришдан бехабар қолишади.
Соат 17:52 да энг аввал бино томи, сўнг оғирликни кўтара олмаган қаватлар қулаб туша бошлайди. Саноқли сонияларда бинонинг жанубий қаноти бутунлай қулайди. Савдо марказида бўлганлардан бир қисми вайроналар орасида қолиб кетади.
Қутқарув ишлари
Илк қутқарувчилар ҳодиса жойида бино қулагандан 8 дақиқа ўтиб пайдо бўлишади. Савдо марказининг асосий қисми қулаб тушган ва бир қисми хавфли ҳолатда тургани учун қутқариш ишлари жуда қийин кечади.
Эртаси куни ҳодиса жойига кранлар ва бошқа махсус техникалар олиб келинади. Улар бинонинг ертўла қисми устига қулаган плиталар ва бошқа қурилиш ашёларини кўтариб олиши керак эди.
Вазият таранг бўлиб турган пайтда Сеул шаҳри мэри қолган иншоотларнинг қулаши хавфи туфайли қутқарув ишларини тўхтатишни таклиф қилади. Бироқ бу таклиф шаҳар аҳолисининг кескин норозилигига учрайди.
Айниқса, савдо марказида бўлган вайроналар остида қолган инсонларнинг яқинлари мэрнинг бу таклифидан қаттиқ ғазабланишади ва шаҳар кўчаларини тўсиб намойишларни бошлаб юборишади.
Шундан сўнг қуламай қолган деворлар тросслар ёрдамида мустаҳкамланади ва қутқарув операцияси давом эттирилади. Қутқарувчиларга ёрдам бериш мақсадида Korea Telekom жабрланувчиларда бўлган пейжерлар ва мобил телефонларни аниқлаш учун ҳар ярим соатда сигнал юбориб туради.
Қутқарув ишлари бир ҳафта давом этади ва вайроналар орасидан минглаб одамлар чиқариб олинади. Уларнинг бир қисми тирик, бошқалари эса ҳалок бўлганди. Бу орада вайронадагилар остида қолганлар танада суюқлик етишмаслигидан ҳалок бўлишининг олдини олиш учун вайроналар устида ёмғир кўринишида сув сепиб турилади.
Қутқарувчилар вайроналар остидан турли даражада жароҳатланган 937 кишини қутқаришади. 502 кишининг жасадини олиб чиқишади. 6 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади ва кейинчалик улар тирик топилади. Шу тариқа вайроналар остида 1445 киши қолиб кетгани маълум бўлади.
Умумий ҳисобда қутқарув ишлари уч ҳафта давом этади. Энг сўнгги тирик одам қутқарув ишлари бошланганининг 17-куни олиб чиқилади. У 19 ёшли йигит эди.
Мазкур фожиа 2001 йилда Нью-Йоркдаги эгиз бинолар қулатилгунча дунёдаги бино қулаши туфайли энг кўп одам ҳалок бўлган ҳодиса эди.
Бир томондан қутқарув ишлари олиб борилар экан, иккинчи томондан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан суриштирув ишлари бошлаб юборилади.
Ҳалокатдан қарийб бир ой ўтгач, 1995 йил 26 июл куни Кореядаги энг оммабоп телеканаллардан бирида ҳодисага алоқадор барча шахсларнинг исм-шарифлари, қурилиш вақтида пора бериш ва олиш ҳолатлари ошкор қилинади. Бунгача айбдорлар ҳибсга олиниб бўлган эди.
Ҳалокат юзасидан текширув
Бино қурилиши бўйича текширувни Кореядаги нуфузли ОТМлардан бири бўлган Данкок университетининг қурилиш факултети профессори олиб боради.
Профессор аввалига бинонинг қулаб тушишига газ портлаши сабаб бўлган деган тахминни илгари суради. Ўша йили Сэулда икки марта газ портлаган иккита бино вайрон бўлганди. Тэгу шаҳрида эса газ портлаши оқибатида бино қулаб 100 кишидан ошиқроқ одам ҳалок бўлганди.
Бироқ бу тахмин нотўғри бўлиб чиқади. Шундан сўнг бино шимолий кореяликлар томонидан портлатилган деган тахмин ҳам кўриб чиқилади ва бу ҳам ўз исботини топмайди.
Шундан сўнг ҳалокатга қурилиш ишларида белгиланган қоидаларга риоя қилинмагани сабаб бўлгани ойдинлашади. Профессор қурилиш ишлари белгиланган нормаларга зид равишда бажарилганини аниқлайди.
Қурувчилар устунлар диаметрини 80 сантиметр ўрнига 60 сантиметр қилишганини ва 16 қатор ўрнига 8 қатор арматура ишлатишгани маълум бўлади. Пойдевор ёстиғи учун қуйилган бетонда арматуралар ораси 5 сантиметр ўрнига 10 сантиметр қилингани ошкор бўлади.
Умумий ҳисобда пойдевор ва устунлар, уларга ишлатилган арматуралар ҳисобланганда бинонинг юки меъёрдан икки баробар кўп бўлган. Оқибатда беш йил зўрға чидаган устунлар оғирликни кўтара олмай қолган.
Профессор узоқ вақт текширув олиб боради ҳалокатнинг тезлашишига унинг бешинчи (умумий ҳисобда тўққизинчи) қаватида қўйилган оғир совитиш тизимлари ва оёқ остини иситиш учун қуйилган қўшимча бетон сабаб бўлганини аниқлайди.
Унинг хулосасига кўра, оғир совитиш тизимлари ўрнатилаётганда кранлардан фойдаланилмаган ва улар бино тепасига араваларда олиб чиқилган. Устунларга дастлабки ёриқлар ана шунда тушган. Кейин совитиш тизимлари ишлатила бошлагач унинг мотор қисми бино деворига тебраниш бера бошлайди ва бу ёриқларнинг катталашишига олиб келади. Буни айрим гувоҳлар ҳам тасдиқлашган.
Суд ва қамоқ
Ҳодиса содир бўлгандан бир неча кун ўтиб барча гумондорлар ҳибсга олинади. Бир йил давом этган терговлардан сўнг 1996 йил ёзда Корея Олий суди савдо маркази қулашига доир ишни кўриб чиқади. 1996 йил 23 августда айбдорларга ҳукм ўқилади.
Sampoong Group компанияси директори Ли Чжун 10 йил 5 ой қамоқ жазоси олади. Бироқ у апелляция беради ва такрорий судда унинг жазоси енгиллаштирилиб, 7 йил 5 ой қамоқ жазоси берилади. Унинг ўғли, савдо маркази директори Ли Хан Сан 7 йилга қамалади.
Бинонинг бош режасига ўзгартириш киритгани учун пора олган Сочхогу тумани маъмурияти раҳбари ва унинг ўринбосари ҳар бири 10 ойлик қамоқ жазоси ва бир неча миллион вон жаримага тортилади.
Ўшанда жами 25 нафар шахс пора олиш, коррупция, ҳужжатларни қалбакилаштириш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш, қурилиш меъёрларга риоя қилмаслик ва бошқа айбловлар билан жазоланади.
Товон пули
Айбдорларга суд ҳукми эълон қилингандан сўнг ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ва жабрланганларнинг товон пули тўлаш масаласи кўриб чиқилади.
Товон тўлаш масаласи судда кўрила бошланганда жабрланувчилар ва уларнинг яқинлари ҳар бир одам учун 361 минг доллар даъво қилишади. Бироқ Sampoong Group компанияси бунча пулни тўлай олмасди.
1995 йил августда, ҳали тергов кетаётган пайтда ота-бола Лилар жабрланувчиларга ўзларига тегишли барча мулкларни товон пули сифатида таклиф этишади. Натижада Sampoong Group компанияси ўз фаолиятини тўхтатади.
Суд ҳар бир оилага 220 минг доллар товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқаради. Томонлар бунга рози бўлишади. Бироқ шунда ҳам Лиларга тегишли мулк товон пули тўлашга етмайди.
Шундан сўнг суд товон пулининг етмаган қисмини тўлаб беришни Сеул шаҳар маъмуриятига юклайди. Натижада умумий ҳисобда 3293 та иш бўйича 375,8 миллиард вон (тахминан 300 млн доллар) товон пули тўлаб берилади. Товон пулларини тўлаб бериш бир неча йил давом этади ва охирги одам 2003 йилда олади.
Бинолар қурилишида қатъий талаблар
Сеулдаги савдо маркази қулаб тушар экан, бу ҳодиса мамлакатдаги қурилиш соҳасидаги коррупцион ишларни ва бошқа камчиликларни очиб ташлайди.
Қолаверса, бутун мамлакат бўйлаб барча савдо марказларидан фойдаланувчилар, кўп қаватли уйларда яшовчилар хавотирга тушиб қолишади.
Одамлар баланд биноларнинг барчасини текширувдан ўтказишни талаб қилиб чиқишади. Шундан сўнг Кореядаги барча кўп қаватли уйлар ва савдо марказлари текширувдан ўтказилади.
Натижада, барча баланд биноларнинг 14, фоизи реконструкцияга муҳтожлиги, 80 фоиз биноларнинг таъмирталаблиги аниқланади. Фақат 2 фоиз баланд бинолар барча талабларга жавоб бериши, қолганларида турли камчиликлар борлиги маълум бўлади.
Шундан сўнг қурилиш нормалари қайта кўриб чиқилиб, талаблар янада қатъийлаштирилади. Қурилиш жараёнларини назорат қилиш кучайтирилади. Коррупцияга қарши жазолар оғирлаштирилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:14 / 23.12.2024
Қурилиш объектида ишлаётганлар шу манзилда вақтинча рўйхатга олинади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
21:00 / 09.12.2024